Ўзбекистон тарихини ўрганар эканмиз, миллатнинг ривож топиши учун ҳар қайси даврнинг ўз қаҳрамонлари бўлганлигининг гувоҳи бўламиз. Ота-боболаримизнинг босиб ўтган ҳаёт йўллари, фидокорликлари, юрт озодлиги йўлида жон фидо этганликлари бизларни уларга муносиб ворислар бўлишга ундайди. Амир Темиру, Бобур, Улуғбеку Жалолиддин Мангуберди, Алишер Навоий, ал Бухорий… каби бобокалонларимизнинг босиб ўтган ҳаёт йўллари бизни мозийдан туриб она Ватанни севишга ундаётган бўлса не ажаб!
Юртимизнинг қайси вилоятига борманг, қад ростлаб турган маҳобатли обидалар, катта-кичик ёдгорликлар ота-боболаримизнинг заковатидан, матонатидан, улуғ бир илм эгаси бўлганлигидан сўзлаётгандек гўё. Шунда ўз олдингизга бир савол қўясиз: ”Мен уларга муносиб авлод бўла олаяпманми?
Биз қачонки тарихимизни пухта ўрганар эканмиз, шунда олдимизга янгича мақсадлар қўямиз, аждодларимиздан ибрат оламиз ва шу аснода ўтмишда қилинган хатоларни такрорламасликни ҳам ўрганамиз. Бизда бунинг учун аждодларимиздан қолган тайёр дастуриламал мавжуд. Миллий руҳ сингдирилган ўзбекона қадриятларимиз, анъаналаримиз фикримизнинг исботи. Ёш авлодга ватанни севмоқ ҳақида бонг уриб такрорлагандан кўра ватанни нега севишимиз, ҳимоя қилиб ардоқлашимиз ҳақида чуқурроқ мулоҳаза қилишни ўргатишимиз зарур. Бунда эса бизга, албатта, тарих ёрдамга келади.
Моҳира ИКРОМОВА,
6-мактабнинг лаборант-ҳамшираси,
“Alfraganus” университети тарих
факультети 2-босқич талабаси.
