Мактаб ёшидаги болаларда тарбия ўқувчиларга таълим билан биргаликда олиб борилади. Бу жараён бевосита дарс ва синф соатлари, тўгарак машғулотлари ҳамда турли маъданий-маърифий тадбирларда намоён бўлади. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, таълим жараёнида бериладиган тарбиянинг ўрни бошқаларига нисбатан ўзгача самаралидир, сабаби бунда ўқувчиларнинг дунёқараши, қизиқишлари, интилишлари ўзаро ўхшаш бўлган ўз тенгдошлари орасида бўлиши алоҳида аҳамиятга моликдир.
Ўқувчи ёшлар тарбиясида масаланинг нозик бир жиҳатини эътиборга олмасликнинг иложи йўқ. Маълумки, ўқувчилар таълим муассасасида бир неча соат ўқитувчи назорати остида бўладилар. Сутканинг қолган қисмида уларнинг вақти оила даврасида ўтади. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, ўқувчиларга ва айниқса ўсмир ёшидагиларга тарбия беришнинг асосий таг замини оиладан бошланади. “Оила – маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлиги эса ёш авлодга комил тарбия беришнинг энг самарали воситаларидан биридар.
Тарбия ҳақда сўз кетганда унинг асосий бўғини сифатида эътиборни ватанпарварлик тарбиясига қаратишни истар эдим. Ватанпарварлик таълими – ўсиб келаётган ёш авлодда ўз Ватанини, халқини севиш, унинг ҳимоясига тайёр туриш сифатларини таркиб топтириш ва мустаҳкамлаб боришга хизмат қилувчи билимларни ўргатиш, кўникма ва малакаларни шакллантиришга қаратилган жараён.
Таълим муассасаларида ёшлар ҳарбий-ватанпарварлик амалий масалалари бу йўналишдаги ишларни ташкил этиш ва олиб бориш шакл ва усуллари, уларни бажарувчилар ва ҳамкорлик қилувчилар, жумладан, армия хизмати билан таништириш, “Ватанпарвар” ташкилоти, Жамоатчилик кенгаши, давлат ва нодавлат ташкилотлари, спортнинг техник ва амалий турларини ҳамда ҳарбий-спорт мусобақалари ва тадбирларга доир умумий маълумотларни ўз ичига олади. Мазкур тузилмалар билан ҳамкорликда ўтказиладиган “Темурбек ворислари”, “Ёш чегарачилар”, “Ўзбекистон фарзандлари ботир бўлур”, “Бургутлар”, “Ёш қутқарувчилар” каби мавзулардаги спорт мусобақалари ва тадбирларнинг ўқувчи-ёшлар ўртасида Она Ватанга бўлган муҳаббат, касбга садоқат туйғуларини ривожлантириш, етук ва баркамол авлодни тарбиялаш йўлидаги самараси чексиздир.
Таълим муассасаларида буюк аждодларимиз меросларини ўрганиш, ўқувчиларга таништириш, уларда фахр ҳиссини уйғотиш борасида ташкиллаштирилаётган “Заковат” интеллектуал ўйинлари, ғазалхонлик ва шеърият кечалари рукнидаги тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашув, семинар ва конференциялар тарбиянинг ўқувчи руҳиятига сингдиришнинг энг самарали воситаси бўлиб ҳизмат қилади.
Бугун ҳеч бир соҳада илм-фан ютуқлари, инновацион технологияларни амалиётда қўлламасдан туриб тараққиётга эришиб бўлмайди. Бу эса кенг ва замонавий билимга эга бўлган кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, хорижий вазифаларни ўзлаштириш каби долзарб вазифаларни олдимизга қўймоқда. Бироқ “танганинг иккинчи тарафи” бор деганларидек, сўнгги йилларда ёш авлодни тарбиялашда бир қатор муаммоларга дуч келинмоқда. Гап “Ўргимчак тўри” номини олган интернет тизимининг ўсмир психикаси ва психологиясига турли таъсирлари ҳақида кетмоқда. Ижтимоий тармоқ тизимининг бир вақтни ўзида улкан маълумотлар базаси билан бевосита ишлай олиш, ахборот алмашиниш, амалларни оптималлаштириш, солиштириб бериш, сарф-харажатларни қисқартириш ва энг асосийси вақтни тежаш операциялари билим олувчининг оғирини нечоғлик енгил қилиши барчамизга яхши маълум. Шу билан бирга унинг ўтиш ёшидаги ўсмирлар ҳаётидаги талай ножўя таъсирларидан ҳам кўз юммасликнинг асло иложи йўқ.
Бу каби ножўя таъсирлар замирида ўсмирнинг дунёқараши, билим ва тафаккурида бир қатор бўшлиқлар ҳосил бўлиши, тарбияси издан чиқиши, бинобаринда шахс сифатида камол топишида талай салбий оқибатлар юзага чиқиши ҳеч гап эмас. Ушбу тоифадаги салбий оқибатларнинг олдини олиш учун оила ва таълим муассасаси ходимлари биргаликда ўзаро ҳамкорлик ишларини кучайтиришлари зарур. Фақат маърифатгина инсонни камолотга, жамиятни тараққиётга етаклайди.
Ривожланган давлатлар тажрибасига назар соладиган бўлсак, боланинг 3 ёшидан то 22 ёшга киргунча бўлган даврида асосий аҳамият унинг тарбиясига сармоя киритишга қаратилади. Кези келганда ана шу киритилган сармоя жамиятда 15-17 баробар миқдорда фойда олиб келиши исботланган кўрсаткич. Ушбу рақамлардан тарбияга киритилган инвестиция орқали инсон омили жамият равнақи учун қанчалик самарали натижаларга эришиши кўриниб турибди. Шарқда “Биринчи муаллим” номини олган буюк юнон олими Аристотелнинг милоддан 350 йил аввал айтган “Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади” деган сўзларининг эътирофга молик томони шу даврга қадар ўз қадрини йўқотмаганидадир. Демак, таълим ва тарбия масаласи барча замонлар учун бирдек долзарб бўлиб келган.
Юртимизда ҳам юксак тараққиёт, намунали фаровон турмуш қуриш йўлидаги саъй-ҳаракатлар бардавом олиб борилмоқда, бунинг учун энг аввало илм-фан ва таълимга улкан эътибор қаратилмоқда, Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам қатор ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу борада ўнлаб муҳим фармон, қарор, концепция, дастурлар қабул қилинди. Бир сўз билан айтганда, юрт равнақи ва тараққиёти, Ватан фаровонлиги ва ободлиги, баркамол авлод тарбияси учун барчамиз бирдек масъул ва бурчлимиз.
Дилбар ИНАГАМОВА,
туман ММТБ бош мутахассиси.
