Ҳуқуқий эслатмалар

Ҳуқуқий эслатмалар

Қонунчиликка кўра, ёнилғи қуйилаётган транспорт воситаси билан ундан кейинги транспорт воситаси орасидаги масофа камида 3 метр, навбатда турган кейинги автомобиллар ўртасида эса камида 1 метр оралиқ масофа бўлиши керак. Шунингдек, ҳар бир транспорт воситаси шохобча ҳудудидан чиқиб кетиш ва ҳаракатланиш имкониятига эга бўлиши керак.

* * *

Қуйидаги турдаги товарларнинг кўчма савдоси тақиқланади:
техник жиҳатдан мураккаб маиший маҳсулотлар;

▫ тез бузиладиган товарлар (совиткич ёки музлаткич билан жиҳозланган ҳоллар бундан мус­тасно);
▫ енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликлар;
▫ болалар озиқ-овқат маҳсулотлари;
▫ ҳайвонлар, термик ишлов берилмаган, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хом ашёлар, ветеринария дори воситалари, микроорганизмлар штамплари, озиқалар ва озуқабоп қўшимчалар;
▫ акциз солинадиган товарлар, шу жумладан, спиртли ичимликлар;
▫ ҳашаротлар ва зараркунандаларни заҳарлашда қўлланиладиган кимёвий моддалар ва заҳарлар;
▫ диний мазмундаги материаллар;
▫ қонунчилик ҳужжатлари билан кўчма савдо объектлари орқали сотилиши тақиқланган товарлар.

* * *

Қонунчиликка кўра, ўзини ўзи банд қиладиган фуқароларга айрим турдаги фаолиятни амалга ошириш (касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хом ашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олиш) мақсадида 5 млн. сўмгача миқдорида кредит маблағлари нақд пулда берилиши белгиланган.

* * *

Ташкилот мулкдори ўзгарганда, ташкилот қайта ташкил этилганда (қўшиб юборилганда, қўшиб олинганда, бўлинганда, ажратиб чиқарилганда, ўзгартирилганда) ходим розилиги билан иш давом этаверади. Ташкилот раҳбари, ўринбосарлари, бош бухгалтер ва ташкилот алоҳида бўлинмаси раҳбарини эса янги мулкдор ишдан бўшатиши мумкин. Ташкилотнинг идоравий бўйсунуви ўзгарганлиги ёки қайта ташкил этилганлиги ходимларни ишдан бўшатишга асос бўлмайди.

* * *

Мопедни бошқаришга 16 ёшдан рухсат этилади. Мопедни бошқариш учун А тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш талаб этилади.
Мопедда ҳаракатланаётган ҳайдовчи ва йўловчилар махсус мотошлем тақишлари шарт.

* * *

Жорий йилнинг 1 августидан қонунчиликка кўра:
Ёшларга компьютер харидлари учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан микроқарз шаклида;
“Ёшлар дафтари” ва Камбағалликни қисқартириш ва банд­лик вазирлиги жамғармалари ҳисобидан бериладиган субсидия маблағларини ижтимоий контракт асосида ёшлар хоҳишига кўра алоҳида очилган банк картасига (нақдлаштириш имкониятисиз) ўтказишга рухсат берилади.