Одамларни рози қилиш – ислоҳотларнинг асосий мезони

Одамларни рози қилиш – ислоҳотларнинг асосий мезони

Газетамизнинг ўтган сонида туманда маҳаллабай ишлаш, аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича 1 ва 2-секторлар ҳудудларида жорий йилнинг ярим йиллигида амалга оширилган ишлар билан танишган эдингиз. Мазкур сонда эса, эътиборингизга 3 ва 4-секторлар раҳбарлари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботини ҳавола этамиз.

Шуҳрат Милиев, туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3-сектор раҳбари:

– Ҳудудимиздаги маҳаллаларда 61 минг 350 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг турмуш тарзи, яшаш шароитлари, муаммолари доимий диққат-марказимизда. Ўтган давр мобайнида маҳаллаларда 13 маротаба сайёр қабуллар ташкил этилди. Унда 91 нафар фуқаро ўз муаммоларини ўртага ташлади. Ушбу муаммоларнинг 41 таси ижобий ҳал этилди, 33 та мурожаатга асосли тушунтиришлар берилиб, 14 та мурожаат ҳозирда ўрганиш жараёнида.

14 нафар ҳоким ёрдамчилари билан уйма-уй юрилиб, 12 минг 426 та хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилди. Уларнинг иқтисодий аҳволи 4 та тоифага ажратилиб, биринчи навбатда 1 ва 2-тоифага кирувчи 3 минг 78 та хонадон билан ишлаш асосий вазифа қилиб олинганди. Шунга кўра, аниқланган ишсизлар иш билан таъминланди, касбга ўқитишга йўналтирилди, 54 нафар фуқарога 525 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилди. Аҳолини тадбиркорликка йўналтириш бўйича 1 миллиард 941 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағи ажратилиб, 34 та оилага 510 бош қўй-эчки, 2 та хонадонга 2 минг 300 та парранда, 2 та хонадонга 1 сотихдан 4 сотихгача иссиқхоналар олиб берилди.

Ҳоким ёрдамчилари кўмаги ва ташаб­буси билан 380 та (121 таси МЧЖ) янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди, фаолияти тўхтаб қолган 93 та корхона ва ЯТТлар қайта тикланиб, давлат рўйхатидан ўтказилди.

Муаммоси аниқланиб, “Ёшлар дафтари”га киритилган 201 нафар ёшларнинг 5 нафари доимий ишга жойлаштирилди, 1 нафарига кредит берилди, 38 нафар ёшга меҳнат қуроллари олишлари учун субсидия ажратилди, 5 нафар ёш “Устоз-шогирд” анъанаси доирасида ҳунармандларга бириктирилди. Булардан ташқари, олий таълимда ўқиётган 57 нафар ёшнинг таълим контрактлари тўлаб берилди, 1 нафарига тураржой учун ижара пули ажратилди, 4 нафар ёшнинг сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат тўловлари тўлаб берилди. 11 нафар ёшга бир марталик моддий, 6 нафар ёшга эса, тиббий хизмат бўйича ёрдам кўрсатилди, 4 нафар ёшнинг ҳайдовчилик гувоҳномаларини олишлари учун ўқув курсларининг харажатлари қоп­ланди. Натижада, 127 нафар ёш “Ёшлар дафтари”дан чиқарилди.

“Аёллар дафтари”нинг 4-босқичига киритилган 1 минг 484 нафар аёллар билан манзилли ишлар олиб борилганлиги натижасида 900 нафарининг муаммолари ижобий ҳал этилди. Жумладан, боқувчиси бўлмаган 310 нафар хотин-қизга моддий ёрдам,
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган 352 нафар хотин-қизга бир марталик моддий ёрдам берилди. 3 нафарининг ижара пули тўлаб берилди, қарамоғида ногиронлиги бўлган 231 нафар хотин-қизга моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, уларга тиббий, ҳуқуқий ва бошқа турдаги ёрдамлар ҳам кўрсатилди.

Салкам уч йилдан бери “Темир дафтар”га киритилган 512 та эҳтиёжманд оиланинг 506 таси дафтардан чиқарилди. Қолган 6 та эҳтиёжманд оилага ёрдам бериш ишлари давом этмоқда. Бир сўз билан айтганда, сектор ҳудудидаги маҳаллаларда аҳолининг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бу ва бу каби кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда.
Маълумот учун: 3-секторга “Чиғатой-Оқтепа” ва “Туркистон” ҳудудларидаги маҳаллалар киради.

Шерали Нафасов, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 4-сектор раҳбари:

– Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳимоя қилишга қаратилган “Темир дафтар”га киритилган оилалар сони ҳудудимизда 686 та эди. Улардаги 617 нафар ишсиз фуқароларнинг барчасини ишга жойлаштиришимиз натижасида 681 та оила дафтардан чиқарилди. Ҳозирда дафтарда 5 та меҳнатга лаёқатсиз ногиронлиги мавжуд бўлган оилалар қолган бўлиб, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келинмоқда.

“Аёллар дафтари”нинг 4-босқичида 6 тоифа бўйича 1 минг 477 нафар хотин-қиз дафтарга киритилган эди. Ишлаш истагини билдирган 454 нафар ишсиз аёллардан 381 нафарининг бандлиги таъминланиб, касб-ҳунарга ўқитилди. Ўзини-ўзи банд қилди, субсидиялар берилди. Тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган 50 нафар аёлга имтиёзли кредит олишларига кўмаклашилди. Бугунги кунда 1 тоифадаги 73 нафар аёлнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Боқувчисини йўқотган 114 нафар аёлга бир марталик ёрдам кўрсатилди, ногиронлиги бўлган 294 нафар аёлга моддий ёрдам пули берилди. Қарамоғида ногирон болалари бўлган 164 нафар аёлга моддий ёрдам пули тарқатилди. Йил бошида ижтимоий ҳимояга муҳтож 371 нафар ёш “Ёшлар дафтари”га киритилган эди. Уларнинг 2 нафарига деҳқончилик қилиши учун ер ажратилди, 27 нафарига меҳнат қуроллари олишлари учун субсидия ва 59 нафарининг ўқиш контракт пуллари тўлаб берилди, 16 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 8 нафарининг сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат пули тўланди, 27 нафарига бошқа ёрдамлар кўрсатилиб, “Ёшлар дафтари”дан чиқарилди.

Аҳолининг муаммоларини жойи­да ҳал этиш мақсадида ёшлар ва аҳоли ўртасида 21 та учрашув ва сайёр қабуллар ўтказилди. Унда тушган 371 та мурожаатнинг 148 таси ижобий ҳал этилди. Қолганлари ўрганилмоқда. Сектор бўйича 225 та ишлаш истагида бўлган ишсиз фуқаролар рўйхатга олинган эди. Улардан 202 нафарининг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари 285 нафар меҳнатга лаёқатсиз ишсиз фуқароларни ўзини ўзи банд қилиш ва норасмий ишлаётганларни легаллаштириш орқали бандлиги таъминланди.

Сектор ҳудудидаги маҳаллаларда 3-7 ёшгача бўлган болалар 2 минг 375 нафарни ташкил этади. Улуғбек номли маҳаллада мактабгача таълим ташкилоти ўз ишини бошлаши натижасида унга 150 га яқин болалар қабул қилинди. Натижада, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш 85 фоизга етди. Сектор ҳудудида фаолият юритаётган 285 нафар оилавий тадбиркорга тижорат банклари томонидан 3 миллиард 671 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилиши таъминланди. Шунингдек, ҳудудда фаолияти тўхтаб қолган 155 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта тикланди ва давлат рўйхатидан ўтказилди.
Маълумот учун: 4-секторга “Эркин”, “Бўзсув” ҳудудларидаги маҳаллалар киради.