Маълумки, Назарбекдаги темир йўл кесишмасида олиб борилган кўприк қуриш ишлари натижасида енгил ва юк машиналари ўз манзилларига “Мевазор” ва “Тарнов” маҳаллалари орқали боришга мажбур бўлишганди.
Табиийки, бу, маҳалла кўчаларини анча путурдан кетказиб қўйди. Йўлларнинг таъмирталаб бўлиб қолганлиги аҳолининг норозиликларига сабаб бўлди. Бу борада фуқаролар қабулхонамизга бир неча марта мурожаат этишди. Биз тегишли ташкилотлар билан бунга аниқлик киритганимиздан сўнг аҳолига кўприк қурилиши якунланиб, ишга тушгач, кўчалари асфальтланишини айтиб, кўнгилларини хотиржам қилгандик. Мана аҳоли кутган кун ҳам етиб келди.
“Мевазор” ва “Тарнов” маҳаллалари кўчаларининг 1,5 километри асфальтланди. Натижада йўл равон бўлди. Бундан аҳоли хурсанд. Бу хайрли ишга бош қўшганларга миннатдорчиликларини изҳор этишмоқда. Зеро, халқнинг розилиги – бизнинг бу борадаги ишларимизнинг натижасидир.
Юлдуз МИРЗАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Зангиота туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.
