Қуёшни “уйғотаётган” келинлар

Қуёшни “уйғотаётган” келинлар

Болалигимизда эрталаб тоғ­лар ортидан бош кўтарган қуёш қишлоқдаги сув сепиб, супурилган кўчалар, ҳовлиларга мўралаб, “жилмаярди”. Чунки қишлоқ келинларию қизлари кўча ва ҳовлиларини осмон оқармасиданоқ саранжам-саришта қилиб қўйишарди. Ҳозир эса акси, кўпчилик келинларни бобоқуёшнинг ўзи уйғотадиган бўлиб қолган…

Лекин ҳамма келинлар ҳам уйқучи, деган фикрдан йироқмиз. Сабаби, Эшонгузар қўрғонида бир маҳалла, унда бир кўча борки, бу ердаги хонадонларнинг келинлари авваллари ҳам, ҳозир ҳам аждодлари анъанасини давом эттириб келишади…

Ойбек номли маҳаллага анча вақтдан бери йўлим тушмаганди. Туман марказий кўчасидан у ерга собиқ кинотеатр биносининг ёнидаги кичик йўлакдан ўтиб бориларди. Кўп қаватли уйлар ёни қаровсиз, чиқиндиларга тўлиб ётар, чап томондаги бостирма ва ағдарилиб тушай деб турган эски бино чиқиндилар билан ивирсиган, ҳароб аҳволда бўларди. Энди эса, биз маҳаллада бўлган куни, тамоман ўзгача манзаранинг гувоҳи бўлдик. Кўп қаватли уйлар атрофлари тоза, иккита уй оралиғида болалар майдончаси қурилган бўлиб, кичкинтойлар қувнаб ўйнаб юришарди. Эски бино ва бостирма бузиб ташланиб, у ерга намунали маҳалла идораси қурилибди.

Маҳалла раиси Олимжон Каримовни маҳалла фаоллари билан “Ободонлаштириш ойлиги”да амалга ошириладиган ишларни муҳокама қилаётган пайтда учратдик.

– Ойлик доирасида амалга ошириладиган ишларни режалаштириб олдик, – деди у. – Бугундан аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини бошлаймиз. Маҳалламизда 555 та хонадон бор. Уларнинг 17 таси кўп қаватли уйларда жойлашган. 114 таси ҳовлилардан иборат.

Абудулла Набиев номли кўчада яшовчилар ҳақида кўп яхши гаплар эшитганимиз ва шу кўча аҳолиси билан танишиш ниятида эканлигимизни айтганимизда, оқсоқол мамнун жилмайди:

– Бу кўча одамларининг ўзи бошқача…

Ҳақиқатан ҳам шундай экан. Кенг йўлнинг икки четидаги хонадонлар кўчасига экилган дарахтлар уйларга қуюқ соя ташлаб турибди. Ҳаммаёқ сув сепиб, супурилган, кўча тарафга экилган гуллар чаманзорга айланган. Икки-уч аёл бир хонадоннинг олдидаги азим ёнғоқ дарахти соясида чақчақлашиб ўтиришибди. Аёлларнинг бирининг қўлида кичкина невараси.

Салом-аликдан сўнг қизғин суҳбат бош­ланиб кетди.

– Маҳалланинг энг олди келини ким? – дея сўрайман.

Аёллар жим қолишади. Чунки ҳамма келинлар “олди”, бирини айтсанг, кўз олдингга бошқаси келиб, “мен-чи?”, деб туради.

– Ҳув, анови уйни кўраяпсизми? – деди ниҳоят ўзини Манзура Орипова деб таништирган онахон йўлнинг нариги четидаги кўчасида гуллар барқ уриб турган хонадонни кўрсатиб. – Муҳаббатхоннинг икки келини бор, бири Феруза, иккинчиси Ўғилой. Уларнинг уй-жойлари оддий, лекин саранжом-саришта оила. Келини Ўғилой ёш болали. Лекин “болам йиғлаб қолади?”, деб баҳона қидирадиган келинлардан эмас. Ҳаммадан биринчи бўлиб кўчага чиқиб, ҳаммаёққа сув сепиб, супуради. Чаққонлигини, пазандалигини, чеварлигини айтмаса ҳам бўлади.

– Кўчамизнинг ҳамма келинлари бири-биридан ўзаман дейди, – дея суҳбатга қўшилди Бахриниса ая Раҳматиллаева. – Тоҳир аканинг келини Нигора, Маҳсуд Муллажоновнинг келини Мастура, Турғун аканинг келини Камола, Фахриддин аканинг келини Гулноза, Жўра аканинг келини Маҳсуда… Манзура опанинг келинига ҳам гап йўқ. Қайси бирини айтай, ҳаммасининг қўлидан челаг-у супурги тушмайди.

Онахонларнинг бири олиб, бири қў­йиб, маҳалла келинларини мақтай кетишди. Аслида мақтовнинг кераги ҳам йўқ эди, чунки келинларнинг қандайлигини кўчасининг ўзи кўрсатиб турарди.

– Лекин бир шикоятимиз ҳам бор, – деди Манзура опа. – Чиқиндиларни ташиб кетадиган “Зангиота ободон” деганми, ташкилот бор экан, келиши қийин, бир ой кутамиз. Яхшиям, одамларимиз инсофли, чиқиндиларни кўчага чиқариб қўйишмайди. Чиқиндиларни ташиб кетадиган машина тез-тез келиб турса, тозалик ҳам кўнгилдагидек бўлади-да.

Хуллас, маҳалла аҳли билан суҳбатимиз рисоладагидек кечди, намунали оилаларда бўлдик.

Маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли вазифасини вақтинча бажарувчи Наргиза Қодирова билан кўча бошига чиқдик. Кўчанинг “Марказ шоҳ” кўчасига бурилувчи бурчакдаги дўконлар олдида турган 1-2 қоп чиқиндига кўзимиз тушди. Боя аёлларнинг бирининг ғаши келиб гапирган чиқиндиси шу бўлса керак. Омон бўлгур онахонлар-ей, кўчасига чўп тушишини ҳам ёқтиришмайди-я.

– Чиқиндини ҳеч қачон кўчага чиқармаймиз, – деди тадбиркор Даврон Раҳматуллаев. – Бугун чиқинди ташиш машинаси келади, дейишганди. Шунга…

Давроннинг яна бир яхши режасидан ҳам хабар топдик. Унинг уйи маҳалла кўчасига бурилишда – бурчакда жойлашган экан. Даврон келаси йил уйининг орқасига шийпонча қурмоқчи.

– Бирор иш билан кўчага чиққан қарияларимиз шу ерда бироз нафас ростлаб, кейин йўлларини давом эттирсалар деган ниятдаман.

Хуллас, маҳалладан олган таассуротларимиз яхши бўлди. Тўғри, бу кўчадаги айрим хонадонлар олдида қурилиш ашёлари ҳам йўқ эмасди, сабаби шу хонадонларда қурилиш, таъмирлаш ишлари кетаётган экан. Вақти келиб улар ҳам ишлатилиб кетгач, кўча янада кўркли бўлади.

Яна бир гапни айтмасам бўлмайди. Бу кўча ҳақида аввал ҳам яхши гапларни эшитгандим. Қўни-қўшниларнинг иноқлиги ва бирдамлигига ҳамманинг ҳаваси келаркан. Бир уйда йиғин бўлса, маҳалланинг келинлари тик оёқда тураркан. Катталари эса дуогўй-у насиҳатгўй экан.

Бир воқеани айтиб беришди. Янги тушган келин қўшнилардан бирининг молига ҳар куни пўчоқлар олиб чиқаркан. Шу пўчоқлар ичида овқат, бурдалари ишлатилса бўладиганлари ҳам бўларкан. Уйнинг онахони бир қарабди, икки қарабди, бу ҳол такрорланаверибди. Кейин: “Ҳой келин, бу нарсаларнинг уволидан қўрқмайсанми, мева-саб­завотларнинг бир чети ёки ярми уринган бўлса, қолган томони яхши, ишлатса бўлади-ку. Ташлаб юборганинг нимаси? Тежоғликнинг иши бежоғлик, деб бежиз айтишмаган. Бу кетишда хўжайинингнинг топганини икки қилмайсан-ку…”, дебди. Келин хатосини тушуниб етиб, узр сўрабди. Онахоннинг насиҳати сабаб тежамкорликни ўрганиб, рўзғорига барака киритибди…

Жамила АРСЛОНОВА.