Бугун инсоният янги таҳдидлар олдида турибди. Сайёрамиз аҳолиси кўпайишда давом этяпти, табиий ресурслар захираси эса муттасил равишда қисқармоқда. Аввало, глобал экологик муаммоларнинг кескинлашувини кузатяпмиз. Дунё ҳамжамияти эса вазиятни ўнглаш учун жаҳон иқтисодиётида «яшил тараққиёт» тамойилларини жорий қилиш зарурлигини таъкидламоқда. Мазкур ёндашув БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларида ҳам ўз ифодасини топган.
ЎЗБЕКИСТОН ЭКОЛОГИК ПАРТИЯСИДАН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТЛИГИГА КЎРСАТИЛГАН НОМЗОД АБДУШУКУР ХУДОЙҚУЛОВИЧ ҲАМЗАЕВ САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИДАН:
«Биз экологик барқарор ривожланишга йўналтирилган «яшил» сиёсатни ҳаётга татбиқ этиш ғоясини илгари сурамиз. Бу мақсадга эришиш учун қуйидагиларни устувор вазифа сифатида белгилаймиз: иқтисодиётнинг барча соҳаларини «яшил» иқтисодиёт тамойиллари асосида ривожлантиришга йўналтирилган сиёсат юритилади. Бу эса, табиий ресурлардан оқилона фойдаланиш, уларни тежаш ва биологик ресурсларнинг қайта тикланишини таъминлайди;
мамлакатдаги асосий ишлаб чиқарувчилар, айниқса, йирик корхоналар яшил технологияларга йўналтирилади;
Ватанимиз инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида «Яшил виза» (Green Visa) дастурини жорий этиш орқали юртимизга табиий ресурслардан самарали фойдаланишга капитал жалб қилинади;
иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда яшил иқтисодиётга ўтилганлик ҳолатига баҳо беришни назарда тутувчи тармоқлар ва ҳудудларнинг «яшил иқтисодиётга ўтиш индекси» ишлаб чиқилади.
Марказий Осиё ва бутун дунё учун долзарб аҳамиятга эга Орол фожиаси, шунингдек, ер ва сув ресурсларидан самарасиз фойдаланиш, ерларнинг ва экотизимнинг таназзулга учраши, биологик хилма-хилликнинг, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси турлар генофондининг қисқариши, атмосфера ҳавоси ва оқова сувларнинг ифлосланиши, саноат ва маиший чиқиндиларнинг тўпланиши каби экологик муаммолар ҳар бир мамлакатни бу масалага янада жиддий эътибор қаратишини тақозо этмоқда. Бу каби муаммолар биз учун ҳам жуда муҳим ва кечиктириб бўлмайдиган масалалар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Абдушукур Ҳамзаевнинг Сайловолди дастурида биринчи йўналиш мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ва «яшил» иқтисодиётга ўтишини жадаллаштиришга бағишлангани ҳам ушбу мақсаднинг нақадар устувор ва аҳамиятли эканидан далолатдир. «Яшил» иқтисодиётга ўтиш учун Ўзбекистон Экологик партияси ўз Сайловолди дастурида қатор мақсадларни ўз олдига қўймоқда:
Биринчидан, иқтисодиётнинг барча соҳаларини «яшил» иқтисодиёт тамойиллари асосида ривожлантиришга йўналтирилган сиёсат юритилади. Бу эса, табиий ресурлардан оқилона фойдаланиш, уларни тежаш ва биологик ресурсларнинг қайта тикланишини таъминлайди. Маълумки, мамлакатимизда «яшил» иқтисодиётга ўтишда географик жойлашув, иқлим ўзгариши ҳамда инновацион ёндашувлардан келиб чиқилмоқда. Ўзбекистон қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш бўйича юқори техник салоҳиятга эга эканидан келиб чиқиб, аввало, иқтисодиёт тармоқларида қуёш, шамол, кичик сув оқимлари, геотермал ва биомасса энергиясидан фойдаланиш ҳамда ушбу йўналишларга илғор инновацион технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбалари соҳасида бозор механизмларини татбиқ этиш, энергия ресурслари бозорида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш таклиф этилмоқда. Бу орқали аҳолининг муттасил ошиб бораётган энергия эҳтиёжини қондириш мумкин бўлади. Дастурда иқтисодиётнинг кўп ресурс талаб қиладиган – энергетика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, транспорт коммуникация тизими ва коммунал соҳаларида энергия, ресурс тежовчи ва бошқа инновацион экологик ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этишни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Иккинчидан, мамлакатдаги асосий ишлаб чиқарувчилар, айниқса, йирик корхоналар яшил технологияларга йўналтирилади. Бутун дунёда, қолаверса, мамлакатимизда ҳам табиий ресурлардан оқилона фойдаланиш, уларни тежаш ва биологик ресурсларнинг қайта тикланишини таъминлаш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Париж битими доирасида, Ўзбекистон 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ташланишини 35 фоизга камайтириш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлайди. 2026 йилга бориб «яшил» энергия улушини 8 минг МВтгача ошириш режалаштирилган, бу эса карбонат ангидрид чиқиндиларини 5 миллион тоннага камайтириш имконини беради.
Учинчидан, Ўзбекистон инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида «Яшил виза» (Green Visa) дастурини жорий этиш таклифи илгари сурилган. Бу орқали мамлакатимизга табиий ресурслардан самарали фойдаланиш учун капитал жалб қилиниши эътиборга лойиқдир. Тўртинчидан, тармоқлар ва ҳудудларнинг «яшил иқтисодиётга ўтиш индекси»ни ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилади.
Иқтисодиётнинг барча тармоқларида ҳамда ҳудудларда имкониятлардан фойдаланиш даражасига баҳо бериш учун ҳам «яшил иқтисодиётга ўтиш индекси» талаб этилади. Қолаверса, «яшил» иқтисодиёт мамлакатимиз келажаги экан, қайси тармоқ ёки ҳудуднинг бунга тайёр экани ёхуд орқада қолаётгани яққол кўринади. Олдимизда турган асосий масалалардан бири бу – энергетика тизимидаги муаммоларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишдир. Ҳаммамизга маълум, аҳолини ва иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз энергия билан таъминлаш жуда муҳим масала. Шу босидан ҳам, номзоднинг Сайловолди дастурида бунга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Номзоднинг Сайловолди дастурида мамлакатда энергия барқарорлигини таъминлашда хавфсиз ва безарар, энг тўғри йўл сифатида қайта тикланувчи энергияни ривожлантиришга алоҳида урғу берилмоқда. Хусусан, бу борадаги ишларни имкон борича тезроқ ва сифатлироқ амалга ошириш орқали халқимизни бугунги замонавий ҳаётда учраётган электр энергияси танқислиги муаммосидан халос қилишнинг муқобил ва хавфсиз йўллари таклиф этиляпти.
Биринчидан, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган «Яшил энергетика Стратегияси»ни ишлаб чиқишимиз зарур. Бунинг аҳамиятли жиҳати шундаки, мана шу орқали олдимизда турган асосий масалалардан бири – энергетика тизимидаги муаммоларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш мумкин бўлади.
Иккинчидан, иқтисодиётнинг кўп ресурс талаб қиладиган – энергетика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, транспорт коммуникация тизими ва коммунал соҳаларида энергия, ресурс тежовчи ва бошқа инновацион экологик ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш биринчи галда давлат томонидан қўллаб-қувватланиши керак.
Бугунги глобал масалалардан яна бири – атмосфера ҳавосига чиқарилаётган заҳарли газлар миқдорини камайтириш ва экологик хавфсизликни таъминлаш ҳисобланади. Зотан, «яшил» иқтисодиётнинг асосий талаби ҳам умумий иқтисодиётни табиат ва атроф-муҳитга зарар келтирмасдан ривожлантиришдан иборатдир.
Ўзбекистонда 2022 йилда атмосферага ташланмалар миқдори 2,057 млн тоннани ташкил этган бўлса, шундан 63 фоизи транспорт воситалари, 37 фоизи саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳиссасига тўғри келди. Шунинг учун ҳам бугун ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган транспорт воситалари ва улардан чиқаётган заҳарли газлар муаммосига ечим топишимиз шарт.
Сайловолди дастурида ушбу муаммога алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги энг муҳим ташаббус – 2030 йилдан бошлаб, мамлакатда ички ёнув двигателли енгил автомобилларни сотиш, четдан олиб киришни тақиқлаш таклиф этиляпти. Шу билан бирга, атмосферани ифлослантиришда юк ташувчи йирик машиналарнинг улуши ҳисобга олиниб, юк ташишни йирик юк машиналаридан темир йўлларга ва атроф муҳитга камроқ таъсир кўрсатадиган бошқа транспорт турларига ўзгартиришимиз зарур.
Ўзбекистон Экологик партиясининг номзоди томонидан таклиф этилаётган ҳар бир дастурий йўналиш замирида мамлакатимизни “яшил” тамойиллар асосида барқарор ривожлантириш, соф ва тоза атроф-муҳит яратиш, инсон ва табиат учун бирдек хавфсиз ҳаёт бунёд этиш каби эзгу мақсадлар ётади.
Халқимизни, экологияга бефарқ бўлмаган барча фуқароларимизни дастуримизда белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва бебаҳо табиий бойликларни асраб-авайлашдек муҳим мақсадларга эришишда биргаликда фаол иштирок этишга чақирамиз.
Она табиатимизни асраш масаласига бефарқ бўлманг!
Ўзбекистон Экологик партиясидан кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Ҳамзаевга овоз беринг!
Хайрулло ГАППОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раиси.
