Сиёсий майдонда халқчил ва ҳаётий ғоялари билан ўз ўрни ва обрўсига эга бўлган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўз номзодининг дастури орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови олдидан Ватанимиз тараққиёти йўлида демократик, ҳуқуқий, ижтимоий давлат ва барча учун фаровонлик таъминланган адолатли фуқаролик жамиятини қуришнинг социал-демократик моделини таклиф этмоқда. Ҳаммамизга яхши маълум, яқиндагина бўлиб ўтган референдумда халқимиз алоҳида фаоллик, катта ишонч билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қўллаб-қувватлаб овоз берди. Албатта, бунинг замирида катта ҳаётий ҳақиқат, халқимиз орзу қилган янги ҳаётни қуриш мақсади мужассам. Зеро, адолатли жамият, демократик, ҳуқуқий давлат қуришга азму шижоат қилган эл борки, аввало, фаровонлик йўлидаги ислоҳотларни ўз Конституциясида акс эттиришга, бунда инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини барча қадриятлардан устун қўйишга ҳаракат қилади.
Албатта, Асосий Қонуннинг қабул қилиниши масаланинг бир қисми, холос. Галдаги асосий вазифа ушбу Қонуннинг устувор талаб, меъёр ва тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш, улардан элимизнинг фаровон ҳаёти, муносиб турмуш тарзини янада яхшилашда самарали фойдаланишдан иборатдир. Токи халқимиз Бош қомусимизнинг ҳаётбахш руҳини ўз ҳаётида ҳис этиб турсин. “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Робахон Махмудова халқимизнинг, шу жумладан, партиянинг асосий электорати бўлган юқори малакали мутахассислар, бюджет соҳалари ходимлари, педагоглар, шифокорлар, муҳандис-техник ва илм-фан, хизмат кўрсатиш соҳалари вакилларининг ҳаёти ва фаровонлиги янада юқори даражага кўтарилишини мақсад қилган ҳолда ўз дастурида қатор устувор вазифаларни илгари сурмоқда. Дастурда конституциявий аҳамиятга молик тушунчалар, хусусан, ҳуқуқий давлат, ижтимоий адолат, миллий иқтисодиёт, илм-фан, инновациялар, таълим, аҳоли саломатлиги, фуқаролик жамияти, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни каби кўплаб давримиз учун долзарб бўлган йўналишлар қамраб олинган.
ПИРОВАРД МАҚСАД –
ҲУҚУҚИЙ ДАВЛАТ ҚУРИШ
Дастурда алоҳида таъкидлаб ўтилганидек, “Адолат” социал-демократик партияси учун олий қадрият бу – инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларидир! Эътиборли томони шундаки, дастурнинг деярли бешдан бир қисмини ташкил этган биринчи йўналиш мамлакатимизда ҳуқуқий давлат бунёд этиш мавзусига бағишланган. Сабаби, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир. Шу боис, дастурда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш учун, биринчи галда, судлар мустақиллигини таъминлаш ва шу мақсадда судьяларнинг халқ депутатлари Кенгашларига ахборот бериш амалиётини бекор қилиш таклифи илгари сурилган.
Бундан кўзланган мақсад, авваламбор, Асосий Қомусимизда судларга доир бўлган талабларни ҳаётга татбиқ этиш йўли билан уларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган. Ҳаммамизга маълум, ҳозирда судьяларимиз халқ депутатлари Кенгашларида мунтазам равишда ўз фаолияти хусусида берган ахборотлари давомида ўзлари томонидан чиқарган суд қарорлари, айрим пайтларда эса ҳали юритувда бўлган ва ниҳоясига етмаган ишлар бўйича савол-жавоб қилишга мажбур бўлишмоқда. Тўғри, депутатларимиз ҳам ўз сайловчиларининг манфаатидан келиб чиқиб савол-жавоб қилишлари табиий, лекин бу, бугун биз мустақил деб атаётган судларнинг фаолиятига тўғридан-тўғри аралашиш эмасми? Бир қатор илғор хорижий мамлакатларда бундай ҳолат судларнинг мустақиллигига таҳдид соладиган омил сифатида баҳоланади.
Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг 130-моддасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритиши, 136-моддасида эса, судьялар ҳисобдор бўлмаслиги қатъий белгиланиб, уларнинг фаолиятига аралашиш омиллари бартараф этилди. Шу билан бирга, “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод судларни ҳаётда ҳақиқатдан адолат қўрғонига айлантиришга эришиш мақсадида судьялар сонини кўпайтириш, уларнинг ихтисослашувини янада кенгайтириш, жумладан, оилавий, меҳнат, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид низолар бўйича ихтисослаштирилган судьялар корпусини шакллантиришни таклиф этади.
Судьялар фаолиятидаги бундай ўзгаришлар одил судлов сифат ва самарадорлигини кўтаришга қаратилган. Агар масалага оддий кўз билан қарасак, бугунги шиддат билан ўзгараётган замонда ҳаётимизнинг барча жабҳаларига тегишли кўплаб янги қонунлар қабул қилиб борилмоқда. Бундай вазиятда ҳар қандай юқори билимли ва катта тажрибага эга бўлган ҳуқуқшунос ҳам барча соҳалардаги ўзгаришларни мукаммал ўзлаштириб, қамраб олиши қийинлигини инкор этиб бўлмайди. Энг асосийси, суд ресурсларидан оқилона фойдаланиш, фуқаро ва тадбиркорлар сансалорлигининг олдини олиш учун судьяларнинг соҳалар бўйича ихтисослашувини кенгайтириш зарур бўлади.
Масалан, оилавий судлар АҚШ, Хитой, Германия, Сингапурда самарали фаолият кўрсатмоқда. Хусусан, 2022 йил давомида Ўзбекистонда 56 та интеллектуал, 58 минг 403 та солиқ, 40 минг 198 та оилавий низолар, 48 минг 857 та вояга етмаганлар билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилганлиги, бу ишларнинг барчаси ихтисослашмаган судьялар раислигида ҳал этилганлиги масалага янгича ёндашувни тақозо этади. Шунинг учун ҳозирда энг долзарб ҳисобланадиган соҳалар, яъни оилавий, меҳнат, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича фаолият кўрсатаётган судьялар орасидан танлаб олиб, уларни ихтисосликка йўналтириш керак бўлади.
Жамиятда қонун асосида яшаш ҳаёт тарзимизга айланиши зарур. Бунинг учун, энг аввало, Конституция ва қонунларнинг устунлигини таъминлашимиз шарт. Бу борада Конституциямизда илғор ҳуқуқий механизмлар кўзда тутилган бўлиб, жумладан, давлат хизматига ишга кирадиган ҳар бир ходимни Конституцияни билиш бўйича синовдан ўтказиш лозимлиги ҳақидаги таклиф илгари сурилган. Бундай тартибнинг жорий этилиши, албатта, ўз самарасини бермай қолмайди. Чунончи, Асосий Қонунимизнинг қатъий мезонларидан хабардор иш берувчи раҳбар ҳеч қачон қўл остида ишловчи ходимга нисбатан ноқонуний йўл тутмайди, шу билан бирга фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат ва эътибор билан муносабатда бўлади.
Зеро, қонунларни билган оддий фуқаролар ҳам ҳуқуқбузарликдан йироқ бўлишади. Демак, бу орқали биз мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар содир бўлишининг ҳам олдини олган бўламиз.
Умуман олганда, партиядан номзод амалдаги қонунчиликка киритилган илғор нормаларни ҳаётимизга изчиллик билан тадбиқ этишда фаол қатнашишини маълум қилган.
Ҳуқуқий давлатнинг асосий мезонларидан бири, шубҳасиз, бу инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларининг тўлақонли таъминланишидир. Бунда эса, адвокатура институтининг ўрни ва роли беқиёсдир. Шу боис, янгиланган Конституциямизнинг XXIV боб 141-142-моддаларида адвокатлар мақоми мустаҳкамланиб, уларнинг терговчи ва прокурор билан тенг конституциявий мақомга эга эканлиги қайд этилгани ниҳоятда аҳамиятлидир. Шу билан бир қаторда, адвокатура институтини ривожлантириш борасида навбатдаги қадамларни қўйишда, жумладан, улар учун ҳуқуқий меъёрларда белгилаб берилган ваколат ва имкониятлар ҳаётга тўлақонли татбиқ этилишида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Президентликка номзоднинг ўз қарашлари бор, албатта.
Бу мақсадга эришиш учун адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш жоиз. Айниқса, адвокатура, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари ўртасида электрон маълумот алмашинувини янада яхшилаш чораларини кўриш таклиф этилмоқда. Шунингдек, дастурда кам аҳамиятли хатолар учун нотариуслар фаолиятини тўхтатиб туриш амалиётига барҳам бериш, биринчи маротаба ёки қўпол бўлмаган хатолар учун нотариусларга жарима қўллаш амалиётини йўлга қўйиш таклиф этилган. Чунки, ҳудудларда шусиз ҳам етарли бўлмаган нотариусларнинг фаолиятининг вақтинча тўхтатиб турилиши орқасидан оддий фуқаролар турли оворагарчиликларга дуч келишмоқда.
Бу эса, ўз навбатида, уларнинг ҳақли норозиликларига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, “Адолат” социал-демократик партияси маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари устидан депутатлик назоратини кучайтириш орқали халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ролини ошириш тарафдори. Ушбу йўналишда партия давлатда бошқарув интизомини сақлаб қолиш мақсадида халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳокимларга нисбатан ишончсизлик билдириш ҳуқуқига эга бўлиши керак, деб ҳисоблайди.
ИЖТИМОИЙ АДОЛАТНИ ҚАРОР ТОПТИРИШ ЙЎЛИДА
Анъанавий социал-демократиянинг ижтимоий адолат тамойили ва кенг кўламли дастурларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган кучли ижтимоий давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаётган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси барча соҳаларда ижтимоий адолатни қарор топтиришни ўзининг устувор вазифаларидан бири сифатида эътироф этади. Янгиланган Конституциямизда ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланган. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади.
Бундан ташқари, амалдаги қонунчилигимизда ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланмоқда.
Номзод дастурида мазкур конституциявий қоидани таъминлаш учун ўз даромади билан уй-жойли бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар учун қўшимча имкониятлар яратиш чораларини кўриши белгиланган.
Жумладан, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва бу йўналишда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича “Ижтимоий давлат – 2030” дастурини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилмоқда.
Номзод дастурида шу ва шу каби кўплаб аҳамиятга молик олижаноб ва эзгу мақсад-вазифалар белгиланган. Улар адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат қуришга – ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш, меҳнаткаш халқимиз учун муносиб фаровон ҳаётни барпо этиш, мамлакатимизда барқарорликка ва ижтимоий адолат устуворлигига эришишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Ишонамизки, партиянинг бундай улуғвор мақсадлари сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланади!
Адолатли жамият ва ҳуқуқий давлатни биргаликда қурамиз!
“Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудовага овоз беринг!
Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси.
