Мурувватли подшоҳ

Мурувватли подшоҳ

Ўтмиш воқеалари, табаррук тарихий инсонлардан ибрат ва сабоқ олинади. Ҳар ким уларни ўз ҳаётига татбиқ этиб, ҳаёт йўлини файзли, турмуш тарзини фаровон қилади.
Одатда шоир аҳлининг ўзларини мақташи, бировлардан озгина яхшилик кўрса, уларни мадҳ этишини кўпчилик яхши билади. Агар кимдир шоир кўнглига тегса, ҳажв найзасини бошига кўтариб майдонга чиқади ва масҳара шеърлар ёзишга илҳоми қайнайди. Бунга адабиёт тарихида етарлича мисоллар бор.

Шоирлар ўзлари айтган сўзларга амал қилишлари, амал қилмаган гапларини шеърга солмаганлари маъқул. Шоирлар ҳиссиёт одами. Агар улар мустаҳкам иймон-эътиқод ва тақво эгалари бўлишса, қаламидан томган бир қатра сиёҳ ортидан шахсан ўзига келадиган савоб, жамият ва башариятга келадиган фойда ҳамда яхшиликлар дарёлару дунёларга сиғмайди. Қаламкаш зарур маҳали ўрин келганда ҳар қандай одамга – хоҳ у гадо, ё хоҳ у подшоҳ бўлсин – ўз юрак сўзини, ҳақиқатни айтишга имкон топиши лозим. Бу чин инсонлик, чинакам истеъдод эгасининг мардлиги ва маҳоратидан дарак беради. Тарихда бундай ижодкорлар ҳам кўп ўтди.

Ижод аҳли орасида яна бир тоифа бор. Ортиқча вайсашлари, ўринсиз сўзлашлари, сўралмаганда гапга аралашувлари гоҳида уларни офатга йўлиқтиради. Бу бошланмани ёзишимга сабаб шуки, яқинда яхши бир китоб ўқидим. Аввал билмаган ва эшитмаган эканман, балки сиз азизлар учун ҳам фойдали бўлиши ўйлаб ўша ўқиганимдан ибратли бир нуқтасига тўхталаман.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақчил ижоди, мардона ҳаёти, инсоний фазилатлари кўпчилик учун қизиқ. Бобур ўз даври ижодкорлари билан муносабатларини “Бобурнома”да баён қилади. Аммо бу муҳташам китобдан учрамаган тарихий бир воқеага Ҳасанхўжа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” тазкирасида дуч келдим. Унда ёзилишича, ўша замон шоирларидан бири, ўзбек адабиёти тарихига “Қиссаи Сайфулмулук” асарининг ёзувчиси бўлиб кирган Мажлисий Бобурга бағишлаб қасида ёзади. Мақтов ҳар кимга ёқади. Жумладан, қасида Бобурнинг таъбига хуш-маъқул келади ва шу мақтовли шеър учун шоирга етмиш минг танга инъом қилмоқчи бўлади. Бироқ шу орада аллақандай сабаб билан Бобурнинг эсига:

“Мискин чиғатойки кундузи тундир анга,
Аҳволи паришон қора тундур анга.
Мағрур бўлиб ер юзига сиғмас эди,
Сичқон тешуги эмди минг олтундир анга”,
деган рубоий келиб қолади. Бобур Мажлисийдан: “Муҳаммад Солиҳ бу рубойини нима сабаб билан айтган?” дея сўрайди. Мажлисий шу рубоий ҳам Бобурга жуда ёққан экан-да, деган хаёлга бориб, сўралмаган бир гапни ҳеч заруратсиз айтиб мақтаниб қўяди: “Аслида бу рубойини мен ёзганман, лекин одамлар орасида Муҳаммад Солиҳ номидан машҳур бўлиб кетди”.

Бобур ундан рубоийни ким ёзган, деб сўрамаган, аксинча, унинг ёзилиш сабабини билмоқчи бўлган эди. Аммо Мажлисий ўзидан савол тўқиб, сўралмаган гапга жавоб айтади. Шунда Бобурнинг авзойи бузилиб, секин қошлари ҳам чимирилади, қаҳр-ғазаби келади. Рубоий мазмуними ёки Мажлисийнинг ортиқча гапириб қўйгани Бобурга маъқул келмаганми? Буниси бизга қоронғу.

Далил шуки, Бобур Мажлисийни қатл этишга буюрмоқчи бўлади, аммо мурувватли подшоҳ кечиришни маъқул кўриб, ниятидан қайтади ва: “Шеър сийлови учун тайин этилган етти минг танга мулланинг хунбаҳоси ҳисоб­ланади, ўзини эса бу ердан чиқариб юборинглар”, дейди.
Мажлисий билан Бобур ўртасида бўлиб ўтган шу суҳбат ва буйруқни майдалашиб шарҳлашга зарурат йўқ. Гап тушунарли. Агар кимдир анг­ламида қийналган бўлса, унга ҳазрат Ғаззолийнинг “Тил офатлари” китобини тавсия этаман.

“Бори элға яхшилик қилғилки, шундин яхши йўқ…”

Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакилларидан бири – Заҳириддин Муҳаммад Бобур буюк шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода ҳисобланади. Унинг отаси Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси эса Қутлуғ ­Нигорхоним Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи эди.

Бобурнинг онаси ўқимишли, оқила, доно аёл бўлиб, ҳокимиятни бошқариш ишларида Бобурга яқиндан ёрдам берган, ҳарбий юришларида унга ҳамроҳлик қилган.
Бобур довюрак ва жасурлиги учун ҳам унга ёшлигидан “Бобур” (“Шер”) лақабини беришган. Отасининг фожиали ҳалокати туфайли 12 ёшли Бобур 1494 йилнинг июнида валиаҳд сифатида тахтга ўтиради.

Мовароуннаҳр XV аср охирида низолашаётган темурий шаҳзодалар ва мулк­дор зодагонлар бошчилик қилиб турган, деярли мустақил бўлиб олган кўпдан-кўп вилоятларга парчаланиб кетган эди. Мовароуннаҳр тахти учун кураш авжига чиққандан чиқиб борарди.
Бобурнинг бу курашларда нақадар катта қийинчиликларга дуч келгани ва 1504 йилнинг июнида Мовароуннаҳрни тарк этиб, 200-300 аскари билан Ҳисор тоғлари орқали Афғонистонга чиқиб кетганлиги барчага тарихдан яхши маълум.

Бобур Қобулни эгаллагач, мус­тақил давлат қуради, қўшинни тартибга келтириб, қаттиқ ички интизом ўрнатади. Бобур Қобулга ўз юрти каби қаради, уни обод қилди, касб-ҳунарга эътибор қаратди, қишлоқ хўжалигини ривожлантирди, одамларнинг манфаати йўлида оқилона ва одилона иш юритди.

1511 йилга келиб Мовароуннаҳр ва Хуросондаги сиёсий вазият янада ёмонлашган, урушлар авж олганди. Бобур яна ўз юртига қайтиш ҳаракатига тушади. Лекин бу сафарги ҳаракатлари ҳам зое кетгач, бутун эътиборни Ҳиндис­тонга қаратади. 1519 йил баҳорига келиб Ҳиндистонни забт этиш режаларини амалга оширишга киришади ва 5-6 йил ичида бир неча бор юришлар уюштиради. Ниҳоят, 1526 йилнинг апрелида Деҳлини эгаллайди. Аграни ўзига пойтахт сифатида танлаган Бобур катта ободонлаштириш ва қурилиш ишларини бошлаб юборади. Шу тариқа у Ҳиндистонда уч ярим асрга яқин ҳукм сурган қудратли бобурийлар сулоласига асос солади.

Бобурнинг шоир сифатидаги ижодий фаолияти Самарқандни иккинчи марта эгаллаган вақтида бошланган. Шу вақтда Алишер Навоий билан ёзишмалари бош­ланган.
Бобур доим олиму фозиллар даврасида бўлди, ижод аҳлига, касбу ҳунар соҳибларига самимий эҳтиром кўрсатиб, ҳомийлик қилган.

Бобур табиатан ижодкор эди. Йигитлик йилларидан бошлаб то умрининг охиригача ижодий иш билан шуғулланди ва ўзидан муҳим бой илмий ва адабий мерос қолдирди. Айниқса, унинг шоҳ асари бўлмиш “Бобурнома” (1518-19 йиллар) шоҳ-шоирнинг номини дунёга янада машҳур қилди.
1526 йилнинг 21 декабрида Бобурга қарши суиқасд уюштиришиб, унинг овқатига заҳар солишади. Шунинг асоратими ёки кўп йиллик машаққатли ва қўнимсиз ҳаёт, урушлар таъсирими, Бобур кейинги йилларда тез-тез касалга чалинадиган бўлиб қолганди. Бобур 1530 йилда 47 ёшида ўзи асос солган салтанат пойтахти Аграда вафот этди.

“БОБУРНОМА” – ЖАҲОН АДАБИЁТИ ДУРДОНАСИ

“Бобурнома” – ўзбек адабиётидаги бебаҳо асардир. Унда Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Эрон халқлари тарихи, жуғрофиясига оид қимматли маълумотлар бор. Ўша давр ўзбек адабий тилининг ёрқин намунаси эканлиги эса янада муҳимроқдир.

“Бобурнома”ни қўлга олинг ва биз билан бирга мутолаага киришинг. Шунда ўтмиш билан юзланасиз, юртимиз тарихи кўз олдингизда бор бўй-басти билан намоён бўлади, ўзингизни асар ичига қандай қилиб кириб кетганингизни ҳам сезмай қоласиз.

– Тенгри Таолонинг инояти билан ва ҳазрати он Сарвари коинотнинг шарофати билан ва чаҳорёри босафорларнинг ҳиммати билан сешанба куни Рамазон ойининг бешида тарих саккиз юз тўқсон тўққузда Фарғона вилоятида ўн икки ёшда подшоҳ бўлдум, – деб бош­ланади асар.

Фарғона вилояти бешинчи иқлимдиндур. Маъмуранинг канорасида воқе бўлубтур. Шарқи Қошғар, ғарби Самарқанд, жануби Бадахшоннинг сарҳади тоғлар, шимолида агарчи бурун шаҳрлар бор экандур, мисли: Олмолиқ ва Олмоту ва Янги ким, кутубларда Тарозкентбитирлар, мўғул ва ўзбек жиҳатдин бу тарихда бузулубдур, асло маъмура қолмабдур. Мухтасар вилояттур, ошлиқ ва меваси фарровон. Гирдогирди тоғ воқе бўлубтур.

Ғарбий тарафидиким, Самарқанд ва Хўжанд бўлғай, тоғ йўқтур. Ушбу жонибтин ўзга ҳеч жонибтин қиш ёғий кела олмас. Сайҳун дарёсиким, Хўжанд суйиға машҳурдур, шарқ ва шимолий тарафидин келиб, бу вилоятнинг ичи бирда ўтуб, ғарб сори оқар, Хўжанднинг шимоли Фанокатнинг жануби тарафидинким, ҳоло Шоҳруҳияга машҳурдур, ўтуб яна шимолға майл қилиб, Туркистон сари борур. Туркистондин хейли қуйироқ бу дарё тамом қумға сингар, ҳеч дарёға қотилмас.

Етти пора қасабаси бор: беши Сайҳун суйининг жануб тарафида, икки шимоли жанубида. Жанубий тарафидаги касабалар бир Андижондурким, васатта воқе бўлубтур. Фарғона вилоя­тининг пойтахтидур. Ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши бўлур. Қовун маҳалида полиз бошида қовун сотмоқ расм эмас. Андижоннинг ношпотисидан яхшироқ ношпоти бўлмас. Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Кеш қўрғонидин сўнгги мундин улуғроқ қўрғон йўқтур. Уч дарбозаси бор.

Арки жануб тарафида воқе бўлубтур. Тўққуз тарнов сув кирар. Бу ажабтурким, бир ердин ҳам чиқмас. Қалъанинг гирдо-гирди ҳандақнинг тош ёни сангрезалик шоҳруҳ тушубтур. Қалъанинг гирдо-гирди тамом маҳаллоттур. Бу маҳалла била қалъага фосила ушбу ҳандақ ёқасидоғи шоҳруҳдур. Ови қуши доғи кўп бўлур, қирғовули беҳад семиз бўлур. Андоқ ривоят қилдиларким, бир қирғовулни ускунасини тўрт киши еб тугата олмайдур. Эли туркдур. Шаҳр ва бозорисида турки билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам била росттур.
Ани учунким, Мир Алишер Навоийнинг мусаннафоти бовужудким Хирийда нашъу намо топибдур, бу тил биладур…

Баҳодир КАРИМ,
филология фанлари доктори, профессор.