Туман кенгашининг сессияси

Туман кенгашининг сессияси

Халқ депутатлари Зангиота тумани кенгашининг VI чақириқ 49-сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни туман ҳокими, Халқ депутатлари туман кенгаши раиси Абдиваҳоб Тамикаев олиб борди.
Сессияда Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, барча бўлим, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирок этди.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан туманда хизматлар соҳасини ривож­лантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар ҳамда ҳоким ёрдамчилари меҳнат баланси ва бандлик дастурини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича ахборот берилди.

Сессия ишида Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 апрелдаги “2022-2026-йилларда Тошкент вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривож­лантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда Зангиота туманининг 2023  йилда ижтимоий-иқтисодий ривож­лантириш бўйича амалга ошириладиган “Йўл харитаси” чора-тадбирларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари бў­йи­ча амалга оширилаётган ишлар бў­йича масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.

Кун тартибига мувофиқ, Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бўйича туманда амалга оширилган ишлар ҳамда “Балиқчи” маҳалласи инфратузилмасини яхшилаш борасидаги ишлар атрофлича кўриб чиқилди. Шунингдек, депутатлар томонидан туман маҳаллий бюджетининг 2022 йил ижроси ҳамда 2023 йил бошига шаклланган эркин қолдиқ маб­лағларини йўналтириш тўғрисидаги масалалар муҳокама этилди.

Сўнгра Жиноят ва Фуқаролик ишлари ҳамда Зангиота туманлараро Иқтисодий судлари раисларининг 2022 йилдаги фаолияти, Халқ қабулхонаси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ҳамда аҳоли муаммолари билан ишлаш аҳволи юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусидаги ахборотлари эшитилди.

Сессияда, шунингдек, депутатлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларига 2023 йил учун ер солиғи ставкаларини белгилаш, туманда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, Халқ депутатлари туман кенгаши ва доимий комиссияларининг 2023 йилга мўлжалланган иш режалари, Халқ депутатлари туман кенгашига сайлов ўтказиш бўйича туман сайлов комиссияси таркибига қўшимчалар киритиш бўйича масалалар муҳокама этилиб, тасдиқланди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди қошидаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси фонди маблағлари ҳисобидан моддий ёрдамга муҳтож ва кам таъминланган фуқароларга моддий маблағ ажратилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўз мухбиримиз.