“Насойим…”дан бир ҳикмат. Ёки бутага илинган достор

“Насойим…”дан бир ҳикмат. Ёки бутага илинган достор

Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаб­бат” асарида ўнлаб ҳол соҳиблари, шариат олимлари, тариқат эгаларининг фазилатларидан сўзлайди. Навоийнинг назари тушиб, қаламга олган улуғ зотларнинг ҳалимлиги, тозалиги, саҳовати, собирлиги, содиқлиги ва бошқа гўзал фазилатлари “кўпдурки, агар шарҳин қилса, яна бир китоб ясамоқ керак”. Ҳазрат Навоий ортиқча тафсилотларга, шарҳ ва изоҳларга берилмайди, жуда қисқа жумлаларда бу улуғ тоифанинг ибратли ҳаётидан – шариат амрига ва тариқат одобига амал этиш­ларидан сўзлайди.

Бу муҳтарам тоифанинг ҳар дам ибодат ва итоат, зикр, фикр ва шукр билан машғуллигини таъкидлайди. Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаб­бат” асарининг аввалида шундай улуғ зотлардан бири Ҳазрат Хожа Абулвафойи Хоразмий (қ.с.) тўғрисида сўз юритади. Ўғри билан тўқнашувига оид қизиқ бир воқеани тасвирлайди. Хожа Абулвафойи ўз одатича кечқурун туйнукдан тушаётган ёруғликда китоб ўқиб ўтиради.

У зоти шариф яшаган замонларда ўғрилар кўпайиб, майдаю катта ўғриликлар авж олган бир пайтлар бўлган эканмикин? Ё одамлар очликдан шу касбни танлаганми ёки қўлларини кесдиришга муштоқлик шунга мажбур қилганмикин? Баҳарҳол, иккинчи ҳолатнинг бўлиши амри маҳол. Хожа шундай мутолаага шўнғиган маҳалда бир ўғри пайт пойлайди. Шайх унинг қадам олишидан, шарпасидан ёнига етиб келмасидан сезди. Чора қанча? Одам бор жойга одам келади. Хожа ёнида лип этиб ғаройиб нусха пайдо бўлади. “Нияти тузукмикин? Оёқ олиш­лари бошқача. Мендаги нима нарса қизиқтирди экан буни?”

Бошида шу фикр айлар-айланмас, ўғри келиб унинг бошидаги ўрама салласига осила кетади. Яхшиям кўксига тушиб турган досторнинг бир учини шу орада ушлаб қолади. Бир учи ўғрида, бири Хожа қўлида. Бамисоли арқон тортқич ўйини-мусобақасидек шиддатли манзара. Икки одам икки томон, ўртада достор сарсон. Гоҳ у томон, гоҳ бу томон. Хожанинг қадди эгилган, қарилик таъсирида қуввати кетган. Не қилсин? Қараса, ўғри зўрлик, беадаб­лик қилаётир. Шунда шайх айтадики: “Ҳе, валлоҳ, ҳов бола, сенга бундан ҳеч наф йўқ. Бу эски бир достор, кунингга ярамайдур. Қўйвор, бола!” Ўғри нима ҳам десин? Қасд этгани рост? Бас, ўғри учун ўз ишининг натижаси муҳим. Қариянинг гапига қулоқ солиш қайда?

Нафси хуруж қилиб турибди. Ҳужумда ғолиблик учун тиришиб ётибди; нафс ҳам ўғри томонга ўтган – ёрдамчи. Бир оз вақт ўтиб-ўтмай достор эгасининг қўли толиқади. “Мол кетса кетсин, жон оғримасин, бош омон бўлсин, салла топилгусидур”. Аста-аста саллалик қўлдан сиғалиб чиқиб кета боради. “Ол, майли олақол, аммо айтиб қўяйин, бола, кунингга ярамайдур. Йиртиқ, тешилган жойлари ҳам бор. Кўргин, барибир ташлаб кетасан”.

Ўғри ғолиб келади, мағрур ва мамнун бир-икки қадам босиб Хожадан узоқлашди. Қўлида дотор – наздида бениҳоя ноёб ўлжа. Ҳар қандай ўғри бурчак айланса, бас, биров бўйнига қўя билмайди. Бизнинг ўғри эса унча узоқ ҳам кетмади, нари бориб, досторни ёйиб кўрди. Қараса, илма-тешик, пора-пора, ҳақиқатан ҳам, Хожа айтганидек, кунига ярайдиган матоҳга ўхшамайди. Ялтиллаб, ғоятда гўзал кўриниб турганига кўзи учгандими? Шайтоннинг тузоғига илиндими? Нима бўлди, ахир?! Албатта, буни аниқлашнинг ҳам, ҳатто ўғрининг ўзидан сўрашнинг асло имкони йўқ. Бироқ иймон эгаси-уламо бошидаги илма-тешик салла ҳам, энг оддий матоҳ ҳам ўғри кўзига тожлик мақоми касб этиб, ҳайбату савлат билан тилло бўлиб кўринади (Бироқ иймон эгаси бошидаги эски салла ҳам ўғрилар кўзига тилло тожга ўхшаб кўринади).

Хожа қараб-кўриб туради.Ўғри бирор учига тилло танга тугилган хаёли билан досторни ағдар-тўнтар қилади. Ҳеч вақо йўқ, умиди пучга чиқади. Турган жойида досторни бир бута шохига илади-да, йўлида кетади. Шунда Хожа аста бориб досторини қўлига олади, бошига чирмайди ва ўзича гапиради: “Одамларга ҳайронман. Айтсанг, гапирсанг, тушунтирсанг, англамайди, ишонмайди, тушунмайди. Аммо қўлларига олиб, кўзлари билан кўргандан кейингина бошқа бир ҳолга тушадилар, эҳтимол, ишонадилар”. Хожа ўғрини сўкмайди, изидан тош отмайди, югирмайди, додламайди, зорланмайди.

Ҳақиқатан, одамлар ўз кўзлари билан кўриб, қўлига ушламаганча кўпинча ҳеч нарсага инонмайди. Аллоҳнинг элчисидан мўъжиза кўрсатишни сўраган қавм, ҳатто ойнинг иккига бўлинганини кўриб ҳам ишонмаган, иймонга келмаган эди. Бундай ҳол – кўнгил иллати. Ишонч эса муҳим неъмат, гўзал фазилат. Шубҳа-гумон иймондан айиради. Ўғри зотига ишонч туйғуси бегона. Аслида ҳақ гапга ишонганида ҳалиги кимса Хожани безовта қилмаган ҳам бўларди.

Эй досторпараст, мулойим сўзлар билан ҳақиқатни айтаётган олим сенга ёмонликни раво кўрмайди. Сен дунё талашиб, унга етишдинг. Охири мол яроқсиз эканини ҳам кўрдинг. Агар кўнглинг тўғри бўлганида, ҳол эгасини холи қўйган, саллага осилмаган, кўрмасдан ҳам айтганига ишонган бўлардинг.

Эй достор ўғриси, аслида сен эл учун ўзингдан йиртиқ досторни эмас, улкан бир ҳикматни ёдгор қолдирдинг. Кўрмасдан ишониш – иймон белгиси. Иймон эгаси эса дунёнинг ўткинчилигига ҳам, салланинг эскилигига ҳам айтилган заҳоти, албатта, ишонади. Ҳайҳот, аҳли уламо сизни ғафлат босмасин, бошни эҳтиёт қилинг, дос­тор эса ҳалигача бутага илиниб турибди!

Баҳодир КАРИМ,
филология фанлари доктори, профессор.