Инсон организмидаги барча жараёнлар қон ёрдамида амалга ошади. Қон – инсон тана аъзо ва тўқималарини кислород ҳамда зарур озуқа моддалари билан таъминловчи муҳим суюқлик. У инфекцияларга қарши курашиб, ички аъзолар фаолиятида иштирок этади. Қон қуюқлашиши организмдаги ана шу жараёнларнинг бузилишига олиб келади. Оқибатда яширин касалликлар юзага келиши ёки янгилари пайдо бўлиши мумкин. Кўпчилик инсонлар ҳаётида бир марта бўлса ҳам қон таҳлили топширган ёки вена орқали инъекция қабул қилган. Шу пайтда баъзи беморлар ўзининг қони тўқ рангга кириб, қуюқлашганига гувоҳ бўлади. Қуюқ қон томирларда жуда секин оқади ва касалликларга сабаб бўлади. Чунки бунда тўқималарга керакли озиқ-моддалар етиб бормайди ва танадаги ортиқча иллатлар чиқиб кетолмайди.
Бундан ташқари, ўта қуюқ қонни ҳайдашда юрак ҳам тез чарчаб қолади. Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳолатга эътиборсиз бўлиш керак эмас. Аксинча, қон таҳлиллари орқали унинг қуюқлашиб кетгани аниқ бўлгач, вақтида даволаниш зарур. Акс ҳолда, организмда турли касалликлар келиб чиқиши мумкин. Қони қуюқ кишиларда умумий ҳолсизлик, тез чарчаш, уйқучанлик, тез-тез бош оғриши, қўл ва оёқлар совуқ бўлиши, жимирлаши, паришонхотирлик, депрессия, оғиз қуриши каби аломатлар сезилади. Булардан ташқари, юрак тез уриши, нафас қисиши, тананинг турли қисмларида кўкаришлар пайдо бўлиши, тирноқ шакли ўзгариши, онг карахтлиги кабилар ҳам кузатилади.
Мияга қон яхши етиб бормаса бош айланиши, ҳушдан кетиш ҳам содир бўлиши мумкин. Қоннинг қуюқлашиши натижасида бош оғриғи, жиззакилик, тушкунлик, хотира пасайиши, ҳолсизлик, уйқучанлик, қўл ва оёқлар совқотиши, оғиз қуриши кузатилади. Юрак тез уриши, нафас қисиши, тананинг турли қисмларида кўкаришлар пайдо бўлиши, тирноқ шакли ўзгариши мумкин. Қон қуюлишининг олдини олишда махсус овқатланиш тартибига ва табиий дамламалардан ташқари, ичиш-чекишдан чекланиш, фаол ҳаракатда бўлиш ҳам жуда муҳим ўрин тутади. Иложи борича кўпроқ пиёда юриш ва эрталаб тоза ҳавода бадантарбия қилиш ҳам яхши самара беради.
Агар қонингиз қуюқ бўлса қуйидагиларни истеъмолдан чекланг: шакар ва бошқа ширинликлар; дудланган гўшт, ёғли таомлар; газли ичимликлар; маржумак (гречка), банан, картошка, шовул (шавель); ёғли хамир овқатлар. Эсингизда бўлсин: қонни суюлтирувчи таблеткалар ва табиий воситаларни меъёридан кўп қабул қилиш қоннинг ҳаддан ортиқ суюлишига ва ички аъзолардан қон кетишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда даволовчи шифокорингиз билан маслаҳатлашинг.
Ақида АЗИМОВА,
туман Аҳоли соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва
жисмоний фаоллигини ошириш маркази раҳбари
