2023 йилдан солиқ қонунчилигида нималар ўзгарди?

2023 йилдан солиқ қонунчилигида нималар ўзгарди?

Давлат солиқ қўмитаси томонидан 2023 йил учун қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, акциз солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ўзгариш­лар ҳақида маълумот берилди.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан 2023 йил учун қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, акциз солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.

Қуйида солиқ қонунчилигидаги айрим ўзгаришлар ҳақида тўхталиб ўтамиз:

Қўшилган қиймат солиғи бўйича:

1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) бўйича солиқ тўловчиларнинг тоифаси, солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби, солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатлари ўзгармайди. Солиқ ставкаси эса – 15 фоиз дан 12 фоизгача пасайтирилди.

Қопланадиган (қайтариладиган) ҚҚС суммасининг асослилиги юзасидан камерал солиқ текширувини ўтказиш муддатлари 60 кундан 30 кунгача қисқартирилди.

1 апрелдан бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар йиллик минерал хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурлари доирасида кўрсатиладиган геология хизматлари, почта маркалари, маркали откриткалар, конвертларни реализация қилиш ҳамда бюджет маблағлари ҳисобидан бажариладиган илмий-тадқиқот ва инновацион ишларни реализация қилиш бўйича айланмалар, шунингдек, 1 июлдан Миллий гвардиянинг қўриқлаш бўлинмалари хизматлари бўйича тақдим этилган имтиёзлар ҳам бекор қилинади.

ҚҚС бўйича бошқа ўзгаришлар:

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ҚҚС тўловчилар деб эътироф этилиши мумкин.

ҚҚС гувоҳномасининг амал қилиш муддати тўхтатилганлиги муносабати билан ҳисобга қабул қилинмаган, ҳақиқатда олинган товар (хизмат)лар бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган) солиқ суммасига, гувоҳноманинг амал қилиш муддати тикланган тақдирда, солиқ тўловчида ва унинг харидорларида гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатиб турилган давр учун тузатишлар киритилиши (ҳисобга қабул қилиниши)ни назарда тутувчи тартиб жорий этилди.

Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясида ҳисобда турадиган солиқ тўловчиларга товарларни импорт қилиш чоғида ҚҚС тўлови ҳисобига буджетдан қопланиши лозим бўлган ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисобга олиш ҳуқуқи берилди.

ҚҚСни ўзаро ҳисобга олиш солиқ ва божхона органлари томонидан автоматик режимда амалга оширилади. Бунинг учун ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси бўлган солиқ тўловчи божхона-юк декларацияси (БЙД)ни расмийлаштираётганда импорт қилиш чоғида ҚҚС қопланиши лозим бўлган сумма ҳисобидан тўлангани тўғрисида белги қўйилиши лозим.

Фойда солиғи бўйича:

1 январдан солиқ тўловчиларнинг тоифаси, солиқ ставкалари, солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинди.

2022 йилнинг 1 ноябридан товар (хизмат)ларни экспортга реализация қилишдан олинган фойдага, экспортдан олинган даромаднинг жами даромаддаги улушидан қатъи назар, 0 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича солиқ солиниши лозим. Бунда 1 январдан доимий муассасалар орқали Ўзбекистонда фаолиятни амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентларига хизматлар кўрсатишдан олинган фойда бўйича 0 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси қўлланилмайди.

Қандай ҳолларда фойда солиғи ставкаси пасайтирилади?

– 2022 йилнинг 1 сентябридан кейин биринчи марта фойда солиғини тўлашга ўтган АОС тўловчиларга – солиқ тўловчи солиқ тўлашга ўтган йилдан кейинги битта солиқ даври давомида, башарти пасайтирилган солиқ ставкаси қўлланадиган солиқ даврида солиқ тўловчининг жами даромади 10 млрд.сўмдан ошмаган бўлса, мазкур солиқ тўловчилар солиқ базасини соддалаштирилган тартибда жами даромаднинг 25 фоизи миқдорида белгилашга ҳақли;

– 2022 йилнинг 1 сентябридан кейин жорий солиқ даври давомида жами даромади 1-марта 10 млрд.сўмдан ошган солиқ тўловчиларга – башарти пасайтирилган солиқ ставкаси қўлланадиган солиқ давр­ларида жами даромад 100 млрд.сўмдан ошмаган бўлса, жорий солиқ даври ва кейин­ги солиқ даври давомида фойда солиғи ставкасини 50 фоизга пасайтириш ҳуқуқи берилади.

Пасайтирилган солиқ ставкаси ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ва акциз солиғини тўловчиларга нисбатан, шунингдек, солиқ тўловчи тугатилган ва (ёки) пасайтирилган солиқ ставкасини қўллаш учун солиқ тўловчининг товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган даромадларини икки ва ундан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ўртасида тақсимлаш (бўлиш) далиллари аниқланган тақдирда қўлланмайди.

Тоғ жинсларини олиб ташлаш ишлари истиқболни кўзлаб амалга оширилишини инобатга олган ҳолда, улар алоҳида амортизация активлари гуруҳига ўтказилди. Ушбу харажатлар мазкур амортизацияланадиган актив бўйича амортизация нормасини, бироқ 1 йилда жамғарилган харажатлар суммасининг 33 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда қўллаш орқали солиқ тўловчининг жами даромадидан амортизация ажратмалари кўринишида чегирилиши назарда тутилган.

Фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширувчи норезидент тасарруфида солиқ тўланганидан кейин қоладиган соф фойда дивидендларга тенглаштирилган ва унга 10 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича солиқ солиниши лозим бўлган.

Фаолиятни доимий муассаса орқали амалга оширувчи норезидент дивидендлар кўринишидаги даромадлар бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида назарда тутилган пасайтирилган солиқ ставкасини қўллашга ҳақли эканини назарда тутувчи аниқлаштириш киритилди.

Дивидендлар кўринишидаги даромадлар бўйича солиқ солиш масалаларига доир Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бир нечта пасайтирилган солиқ ставкаси назарда тутилган бўлса, уларнинг энг паст бўлгани қўлланилади.

Норезидентнинг монтаж қилиш ва (ёки) ишга тушириш-созлаш хизматлари ва бош­қа шунга ўхшаш хизматларни кўрсатишини назарда тутувчи асбоб-ускуналарни сотиб олиш (сотиш) учун ташқи савдо контракти доирасида, кўрсатиладиган хизматлар қиймати алоҳида кўрсатилмаса, у ҳолда норезидентнинг солиқ солинадиган даромади бундай хизматларнинг бозор қийматидан (илгари – асбоб-ускуналар қийматидан 20 фоиз) келиб чиқиб аниқланади.

Маълумотномани солиқ органига тақдим этиш муддати ўзгартирилди. Хусусан, 1 январдан эътиборан солиқ тўловчи ушбу маълумотномани жорий чоракда олиниши кутилаётган фойда суммасидан келиб чиқиб кейинги чоракдаги биринчи ойнинг 15-санасигача (илгари 10-санасигача) тақдим этишга ҳақли.

Жисмоний шахслардан олинадиган фойда солиғи ва ижтимоий солиқ бўйи­ча қонунчиликка киритилган ўзгариш­лар:

Ҳар икки солиқ турлари бўйича солиқ тўловчиларнинг тоифаси, солиқларнинг ставкалари, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш (шу жумладан, ШЖБПҲга 0,1 фоиз ўтказиш) тартиби сақлаб қолинди.

Жисмоний шахслар ўз даромадларини ипотека кредитларини сўндиришга йўналтирганда, бир вақтнинг ўзида турар жой қиймати (бугунги кунда 300 млн.сўм) бўйи­ча талабни бекор қилган ҳолда, ЖШОДС бўйича солиқ солинмайдиган даромад суммаси 15 млн.сўмдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 80 баравари (ёки 920 000х80=73,6 млн.сўм)гача оширилди.

1 апрелдан жисмоний шахсларнинг ҳаётини узоқ муддатга суғурталаш ҳақини тўлашга йўналтириладиган жисмоний шахс­ларнинг даромадлари қисмида ЖШОДС бўйича имтиёзлар бекор қилинди.

Қатъий белгиланган миқдорларда солиқни тўловчи жисмоний шахслар (ЯТТ) учун ЖШОДС ставкаси 10 фоизга индексация қилинди.

ЖШОДС ва ижтимоий солиқ бўйича йиллик солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатларига ўзгартириш киритилди. 2022 йил якунларига кўра ушбу ҳисобот жорий йилнинг 15 февралидан кечиктирмай тақдим этилиши зарур.

ЖШОДСни ҳисоблаб чиқариш мақсадида жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари 10 фоизга индексация қилинди.

Акциз солиғи бўйича қонунчиликка киритилаётган ўзгариш­лар:

1 февралдан нефть маҳсулотлари ҳамда ишлаб чиқариладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бўйича акциз солиғи ставкалари 10 фоизга индексация қилинди.

1 январдан бошлаб алкоголь маҳсулотларини (кучсиз алкоголли ичимликлар бундан мустасно) ишлаб чиқаришда акциз солиғи акциз тўланадиган маҳсулот таркибидаги этил спиртининг улушидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Бунда ишлаб чиқариладиган алкоголь маҳсулотининг ўлчов бирлиги “литр” деб белгиланди (илгари “дал” эди).

2022 йилда ароқ, коньяк ва бошқа алкоголь маҳсулотларига акциз солиғи ставкаси 1 дал учун 138 минг сўм (ёки 1 литр учун 13 минг 800 сўм) миқдорида белгиланган эди. Жорий йилда ушбу маҳсулотларга акциз солиғи ставкаси акциз тўланадиган товар таркибидаги сув қўшилмаган этил спиртининг 1 литри учун 34 минг сўм миқдорида белгиланмоқда. Масалан, ароқ таркибидаги этил спирти улуши 40 фоизни ташкил этади, 1 литр учун акциз солиғи суммаси 13 минг 800 сўмни (34 500 сўм х 40%), 1 февралдан эса индексацияни ҳисобга олган ҳолда – 15 минг 200 сўмни (38 000 сўм х 40%) ташкил этади.

1 январдан озиқ-овқат хом ашёсидан ҳамда эфиралдегидли фракциядан техник ректификацияланган ва асосий фракциядан этил спиртларига акциз солиғи ставкаси 5 бараварга оширилади ва 1 литр учун 7 минг 450 сўмни ташкил этади.

1 январидан алкоголь ва тамаки маҳсулотларини импорт қилишда акциз солиғи ставкалари 5 фоизга пасайтирилди.

Ойбек РОЗИҚОВ,
туман Давлат солиқ инспекцияси Давлат солиқ бош инспектори.