Мана, ёзнинг энг тотли неъматларидан бири бўлган тарвуз ҳам бозор расталарини тўлдира бошлади. Барча мева, сабзавот ва полиз маҳсулотлари орасида тарвузни ўзгача севиб истеъмол қиламиз. Чунки у ёзнинг жазирамасида чанқоғимизни бошқа маҳсулотларга қараганда яхшигина қондиради. Бундан ташқари унинг шифобахшлик хусусиятлари талайгина бўлганлиги учун ҳам организмимизга хуш ёқар. Тарвуз сувга бой бўлганлиги учун пешоб ва сафро ҳайдайди. Шарбати буйрак ва жигарни заҳарли моддалардан тозалаш хусусиятига эга. У организмда холестерин миқдорини камайтиради.
Тарвуз тери ва сочни гўзаллаштиради, ҳазм тизимини яхшилайди, моддалар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади, қариш жараёнини секинлаштиради, онкологик касалликларида профилактика ҳисобланади, бошқа моддаларнинг сўрилишига ёрдам беради, юрак-қон-томир тизимига фойда қилади. Тарвузнинг фойдали томонларидан яна бири тушкун кайфиятдан чиқаради, бахт гормонлари ишлаб чиқаради, кўриш қобилиятини яхшилайди, иммунитетни мустаҳкамлайди. У парҳезбоп маҳсулот, озишга ёрдам беради. Лекин бир нарсани ёддан чиқарманг, тарвузни ҳаддан ташқари кўп ейиш пешоб халтасида дискомфортни келтириб чиқаради. Овқатдан кейин ҳам дарҳол ейиш мумкин эмас, бу қорин дам бўлиши (метеоризм), ичакдаги бузилишларга сабаб бўлади. Тарвуз мағзи ва пўстлоғи микроблар кўпайиши учун қулай муҳит ҳисобланади.
Шу боис уни кесилган ҳолатда узоқ сақлаш, кесилган тарвузни харид қилиш тавсия этилмайди. Пешоб йўли касалликлари (пешоб халтаси ёки буйракдаги тош), диарея, метеоризм, ошқозон ости безида муаммолари бўлганлар тарвузни эҳтиёткорлик билан истеъмол қилишлари керак. Қандли диабетга чалинганлар ҳам тарвуз истеъмолида меъёрни унутмасликлари лозим. Тарвуз қондаги глюкоза миқдорини қисқа муддатга, аммо тез кўтаради. Икки ёшгача бўлган болаларга тарвуз бериш тавсия этилмайди – бу уларда аллергия чақириши мумкин. Қолган ёшдагиларга озроқ бериш мумкин.
Тарвуз истеъмоли ҳомиладор аёллар учун ҳам фойдали. Ундаги В9 витамини ҳомиланинг асаб тизими шаклланишига ижобий таъсир кўрсатади. Эмизиш даврида меъёрида истеъмол қилинган тарвуз онада сутни кўпайтиради. Аммо меъёридан ортиқ истеъмол қилиш метеоризмга сабаб бўлишини унутмаслик керак. Тарвузни эрталабки пайтда ёки бошқа таомлардан алоҳида истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Ҳамма маҳсулотда бўлгани каби тарвуз истеъмолида ҳам меъёрга риоя қилинг. Ҳамма нарсанинг ортиғи зарар эканлигини унутманг.
Ж.АМИРОВА тайёрлади.
