Бугунги кунда мамлакатимизда бошқа соҳалар қатори ижтимоий соҳага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан ушбу йўналишга алоҳида урғу берилган ҳолда, аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож, пенсия ёшидаги қатламини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиши таъкидланган эди.
Таҳририятимизга фуқароларимиздан пенсия масаласига доир бир қатор саволлар келади. Қуйида уларнинг айримларига Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими катта инспектори Камола ХАНХЎЖАЕВА жавоб беради:
II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга мол-мулк солиғидан қандай имтиёзлар бор?
Солиқ кодексининг 421-моддасига асосан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг мулкида бўлган мол-мулкнинг 60 квадрат метр доирасида солиқ солишдан озод этилган. Ушбу солиқ имтиёзи мулкдорнинг танловига кўра фақат битта яшаш учун мўлжалланган кўчмас мулк объектига татбиқ этилади. Шунингдек, ушбу Кодекснинг 436-моддаси биринчи қисми 3-бандига асосан, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ер солиғидан озод қилинган. Бунда пенсионер тўғрисидаги маълумотлар Пенсия жамғармаси томонидан солиқ органларига электрон шаклда юборилади.
Мен давлат ташкилотида ишлайман. Турмуш ўртоғим ҳеч қаерда ишламайди. Турмуш ўртоғим учун ижтимоий солиқ тўласам иш стажига инобатга олинадими?
Жисмоний шахс томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги ўз даромадларидан 2021 йилнинг 1 июнидан кейинги даврда ишламайдиган эри (хотини) учун ихтиёрий асосда Солиқ кодексида белгиланган тартибда ижтимоий солиқ тўланган давр пенсия ҳисоблашда иш стажи ҳисобида инобатга олинади. Жисмоний шахс мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб турмуш ўртоғи учун Пенсия жамғармасига ижтимоий солиқ миқдорини мустақил равишда тўлаш ҳуқуқига эга. Жисмоний шахс томонидан тўланган тўлов ҳужжатида унинг ишламайдиган эри (хотини)нинг фамилияси, исми, отасининг исми, ЖШШИР ва тўлов амалга оширилаётган давр албатта кўрсатилиши шарт.
Университетда ўқийман, яқинда турмушга чиқдим. Энди боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўланмайдими?
Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддаси “г” бандига асосан: Таълим ташкилотларининг ўқувчилари ва талабалари ўқишнинг бутун даври давомида, бироқ 23 ёшга тўлгунига қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга. Мазкур Қонун талабларидан келиб чиқиб, 23 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўланади.
II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахсларнинг пенсиясига белгиланган устама миқдори қанча?
Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддаси “e” бандида II гуруҳ ёлғиз ногиронлиги бўлган шахсларга – пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 75 фоизи миқдорида устама ҳақ белгиланган. Президентимизнинг 2023 йил 17 ноябрдаги “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги ПФ-196-сонли Фармонига асосан, 2023 йилнинг 1 декабридан II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахсларнинг пенсиясига ҳар ойда 279 000 сўм (пенсияни ҳисоблаш базавий миқдори 372 000 сўм x 75%) миқдорда устама ҳақ қўшиб тўланмоқда.
Ҳасан САЪДУЛЛАЕВ ёзиб олди.
