Халқ депутатлари Зангиота тумани кенгашининг олтинчи чақириқ 67-сессияси бўлиб ўтди. Унда Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари, тегишли корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
Сессияда дастлаб тегишли мутасаддилар томонидан туман маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан самарали фойдаланиш ҳамда жорий йил бошига шаклланган эркин қолдиқ маблағларини туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига йўналтириш тўғрисидаги ҳамда Президентимизнинг 2023 йил 28 февралдаги “2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-27-сонли Фармонининг тумандаги ижроси атрофлича муҳокама этилди.
Депутатлар томонидан туман маҳаллий бюджетининг 2023 йил ижроси тўғрисидаги ҳисобот эшитилди. Сессияда мутасаддиларнинг Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2024 йил 30 январдаги “Ташаббусли бюджет жараёнларини ўтказиш ҳамда молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида туманда олиб борилган ишлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, кун тартибига мувофиқ, Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари томонидан сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш ва аниқланган муаммоларни ҳал этиш чора-тадбирлари, туманда жорий йил давомида янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва аҳолини даромад келтирадиган меҳнат билан банд қилиш бўйича тармоқлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичлар дастури, “Саховат ва кўмак” жамғармаси фонди маблағлари ҳисобидан моддий ёрдамга муҳтож ва кам таъминланган фуқароларга моддий маблағ ажратилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботлар тингланди. Сессия ишида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўз мухбиримиз.
