Тоғдан тош думалади

Тоғдан тош думалади

Тоғдан икки тош думалади… Йўлида неки бор босиб, янчиб ўтиб, тобора пастлайверди. Она заминдан эндигина бош кўтарган миттигина майсалар эзилиб кетди…

– Ойижон, нега ҳамманинг уйида дадаси бор, бизникида йўқ, – дейди расм чизиб ўтирган болакай кўзларини мўлтиратиб.

Кичкинтойнинг бу саволига ҳар хил жавоб қайтаришингиз, турли баҳоналар тўқишингиз мумкин, лекин бу билан мурғак боланинг ўксик қалбини на мол-дунё, на меҳрибончилик билан асл ҳолига келтира оласиз. Сизнинг турмушнинг синовларига бўйин эгмаганингиз, сабрсизлигингиз, турмуш ўртоғингизнинг калтабинлиги, ўз оталик бурчини ўйинчоқ ҳисоблаганлиги фарзанднинг ёруғ ҳаётига энди бир умр соя солиб туради.

Кўнглимдан кечган ана шундай изтироблар ила маълумотларга юзланаман. 2023 йилда юртимизда 49,2 мингта оилавий ажримлар қайд этилибди. Бу жуда оғриқли. Уни шунчаки айтиб ҳам, ёзиб ҳам бўлмайди. Кўз олдингиздан ота меҳрига зор бўлиб мўлтираб турган кўзлар ўтаверади. Икки калтафаҳм ёш ва уларни муросага келтириш ўрнига ёқалашиб, тўйда қилинган сепларни талашиб, “оловга керосин сепаётган” ота-оналар, уларнинг яқинларининг охирини ўйламасдан туриб оилага нуқта қўяётганликларининг жабрини фақатгина бегуноҳ болалар тортади.

Одамнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда оиланинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳиссий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оилада шаклланади. Агар оила маънавий жиҳатдан етук ва юксак бўлсагина, уни мустаҳкам дея оламиз. Оилалари мустаҳкам бўлган давлат эса қудратлидир.

Куни кеча филология фанлари доктори Абдураҳмон Пиримқулов телеграм каналимга Касби туманидаги “Кийикчи” қишлоғидаги хотираларидан ташлабдилар. Тўлқинланиб ўқидим. Ҳаяжонландим. Ота-боболаримиз, буви, буваларимиз қанчалик ориятли, андишали бўлишган. Негадир бизда ҳозир бу нарсалар камдек, озайгандек…

Эътиборингизга ҳавола этилаётган битиклар сизларни бефарқ қолдирмаса керак, албатта.

ЗУМРАД МОМО ИБРАТИ

Бобомни Уста Пиримқул дейишган. У киши андай жаҳлдор, жиззаки одам бўлган. Бобом тақдир тақозоси ила уч бор уйланган ва ўн икки фарзанд кўрган. Улардан саккизтаси ўғил бўлиб, иккинчиси – Нурилла амаким ёшлигидан отасига ўхшаб бироз тезоб, бирор ғирромликка дуч келса, чидолмай жанжал кўтариши мумкин бўлган одам эди, раҳматли. Бироқ феъли келса, бирор воқеани шунақанги қизиқарли сўзлардики, кулгидан ичагингиз узилар, узоқ муддат шу гурунг таъсиридан завқланиб юрардингиз. Хуллас шу амаким ёшлигида оилавий можароларнинг бирида хотинини бир шапалоқ уради. Қурбоной янгам ўша пайтда ёш келин, бир ёшли қизалоғини уйда қолдириб, “қизига ўзи қарасин”, деган зарда билан отасиникига кетиб қолади. Қизини Зумрад момо яхши қаршилайди. Аччиқ устида янгам эрини ёмонлайди, зўровонлигидан шикоят қилиб, кўзига ёш олади. Гўё онасининг яхши гапириб, овутиб, уйда қолишига розилик билдиришига умид боғлайди.

– Майли, қизим, қолсанг қолақол. Бироқ отанг майдондан келса, нима деймиз? Қизи аччиқ қилиб келибди, деган гапни отанг кўтара олармикин? Эмадиган болани ҳам ташлаб келасанми?

 Қурбон янгамнинг отасини бутун қишлоқ Хол бобо дерди. У киши қирқ йилдан ортиқ одамларнинг қўйини боққан. Уруш вақтида ҳукумат ишини ҳам қилган бўлса керак, буванинг нафақаси ҳам, сезишимча, жуда зўр эди. Зўр дейишимнинг боиси, дўстим Комил Холов университетда ўқиганда беш йил давомида ана шу бобоси қўшимча “стипендия” билан таъминлаб турарди. Бунақа ҳимматни ҳар ким ҳам қилавермайди.

 Ҳақиқатан ҳам қишлоқ кексалари учун қизининг аразлаб келиши жуда ёмон ҳолат, кечирилиши қи­йин бўлган гуноҳ саналарди. Зумрад момо бояги танбеҳи билан гапнинг ўқ томирини топган эди.

– Менга қара, қизим. Ҳовлида бир эчки бор. Отанг уни бир-икки кунда туғади, деб ташлаб кетган. Сен шуни етаклаб кетавер. Одамлар, эчкига келган экан, деб ўйласин.

Кўрдингизми, момоларимиз яхшилик учун аралашган ёлғонни гуноҳ эмас, савоб ҳисоблаганлар.

Хол бобо майдондан келганда, кампиридан бўғоз эчкининг тақдирини сўраганми, йўқми, бехабарман. Сўраганда ҳам Зумрад момо “қиз аразлаб келибди” дермиди? У киши “мен эчкини эплолмайман, қиз қарай қолсин” деган бўлса, ажаб эмас. Ҳарҳолда бу файзли хонадонда бўғоз эчки можаросини ҳеч ким эшитмаган.

Зиёфат деган аммам бўларди. Укасининг ҳовлисида пайдо бўлган эчкидан хабар топган аммам қитмирлик қилиб укасига ҳазиломуз гап қистиради:

– Яна ур, укам! Бу келин кейинги гал сигир етаклаб келса, ажаб эмас.

Дарвоқе, шундан кейин янгам бирор марта аразлаб кетмаган экан.

Абдураҳмон Пиримқуловнинг бу ёзганлари бугунги кунда ҳаётни, оилани ўйинчоқ деб билаётган йигит-қизлар, уларнинг турмушига енгил-елпи қараётган айрим ота-­оналарга ибрат бўларли.

Яқинда ижтимоий тармоқларда яхши бир хабар қанот қоқди:

“14 ёшли қизни унаштириб қўйсангиз унинг фикри-хаёли ўқишда бўлмайди” – фаол ёшлар Қашқадарё ҳокимига таклиф билан чиқди.

Шаҳрисабз Давлат педагогика институти талабаси Маржона Жўрақулова вилоят ҳокими Муротжон Азимов билан учрашувда эрта турмушнинг олдини олиш мақсадида ҳудудларда ёшлар билан учрашиб, ёшликда ўқиб изланиш ва билим олиб тафаккурни юксалтириш, аввало, оилага тайёр бўлиш ҳолатларини «Тенгдош – тенгдошга» тамойили асосида тарғибот қилишни режалаштираётганини айтди.

«14 ёшли қизни унаштириб қўйсангиз унинг фикри-хаёли ўқишда бўлмайди. У қачон у боладан СМС ва телефон келишини кутади. Биз айнан мактаб ёшидаги болаларга бориб: «Сен ўқигин, ютуқларга эришгин, бахтинг ҳам топилади» деган маънода тарғибот қилмоқчиман», – деди Жўрақулова.

Ушбу режасини амалга ошириш учун Жўрақулова вилоят ҳокимидан автобус ташкиллаштириб беришни сўради. Ўз ўрнида Азимов ҳам унинг таклифини қўллаб-қувватлаб, ёрдам беришга тайёр эканлигини айтди.

Бу хабарни ўқирканман, хаёлимдан “наҳотки 14 ёшли қизни унаштириб қўйиш мумкин”, деган гаплар кечди. Балки ҳозир шундайлар ҳам бордир. Чунки шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Бу қандай ота-оналар эканки, кўп ҳолларда қизлар ва йигитларнинг оила қуришга тайёр эмасликларини кўра-била туриб қизларини турмушга бериб юбораверишса.

Бу ҳақда фаол аёлларимиз нима дейишаркин?

Малика СОЛИЖОНОВА,

“Чинор” маҳалласи ­хотин-қизлар фаоли:

– Тўппа-тўғри. Кўп ҳолларда қизларни эрта турмушга берамиз. На касби бор, на ҳунари. Борган хонадонида эса бир хиллик. Уй иши, қайнона-қайнота хизмати, эрига қараш. Бора-бора шу ҳаётдан безиллаб қолади.Чунки дунёқараши бўлмайди, ҳунари йўқ. Ўша борган хонадонида иш бажарувчи роботга айланиб қолади. Кўп оналарнинг оғзидан, қайнонаси ёмон деган гапни эшитамиз. Аслида айб онанинг ўзида. Тўртта тақир-туқури билан “ким ўзар”га қизини узатган. Қизининг кейинги ҳаёти-чи? Майли, бахт топганлар ҳам бордир. Лекин ажримларни кўриб қўрқиб кетасан. Қанча асабларимиз бузилиб оилалар билан ишлаймиз. Аслида ўйлаб, тушуниб, кейин тўй қилинса, балки бошқача бўлармиди. Лекин бу қизнинг фикри ёқди. Қани энди шунақа ёшлар бизга ёрдамга келса. Майли-да, ўнтадан бешта натижа бўлсаям.

Гули РАҲМОНОВА,

“Сортепа” маҳалласи ­хотин-қизлар фаоли:

– Ўзимда ҳам ҳозир 10 та ажрим бор. Асосий сабабларидан бири, яъни, каттароғи иқтисодга бориб тақалаяпти. Айрим эркаклар аёллар ролини бажариб, уйда ўтирибди, аёл эркак бўлиб рўзғор тебратаяпти. Яна сабаблардан бири қайноналар келинларни хизматкордай кўраяпти, уйига кириб борганимданоқ келинини ёмонлай бошлайди то чиққунимча. Ҳеч қайси бири балки айб ўзимиздадир, деб ўйламаяпти. Бировнинг қийналиб боққан қизини айбдорга чиқариб, ўзларининг айбини кўзлари кўрмаяп­ти…

Яна ажримларнинг сабабларини таҳлил қила бошлайман. Айрим қайноналар ўта талабчан. Келинни ўз қизидек кўрмайди. Ёшлар оилага енгил қараяпти. Яна бир сабаб сабрсизлик. Келин-куёв ўз масъулияти ва вазифаларини яхши тушунмаслиги ва билмаслиги. Айрим келинларнинг енгилтаклиги, ажрашсам алимент тўлайди, ўзим хоҳлаган ишимни қилиб юравераман, деган хомхаёли. Бундан ташқари ажримларда ҳиёнат, телефон орқали танишувлар, эркакнинг рўзғорни тебратиш учун маблағ топиш ўрнига бўйдоқлардек “кўча чангитиб” юриши, аёлларнинг қаноатсизлиги, чет элга пул топиб келиш мақсадида кетиб, ўзига бошқа жуфт топиб олиши кабиларни ҳам сабаб қилиб кўрсатиш мумкин.

Бугунги турмушимиздаги шарт-­шароитлар билан, олис ўтмишни қўя туринг, 20-30 йил олдингисини солиштириб кўринг ва фикр қилинг: рўзғордаги ҳамма юмушларимизни техника “ўз қўли”га олди, қиш-қировли кунларда гезариб, қўлни совуқда тарашадек қотириб кир ювишлар йўқ. Ўчоқда таом пиширмайсиз, тандирда нон ёпмайсиз… Бугунги шароитлар жоннинг роҳати. Лекин айрим келинларда бунга шукр йўқ, аслида қийинчиликлар деб ҳам бўлмайдиган майда-чуйда оғирлик­ларнинг бир кун келиб барҳам топишини кутишга сабр йўқ. Бу ҳақда гапираверсак охири кўринмайди.

Охирги хулосам шуки, ажримларга юз тутаётган оилаларда инсон учун энг керакли бўлган, унинг ҳаёти мазмунини белгилайдиган, камолот сари етаклайдиган маънавият йўқ. Маънавиятга эса илм-маърифат, газета-журнал, китоб ўқиш, ёши улуғларнинг ўгитларига қулоқ тутиш орқали эришилади.

Жамила АРСЛОНОВА.