Тинчлик. Бу сўз замиридаги жозиб оҳанг етмиш икки томиримизга хотиржамлик ва таскин беради. Тинчлик – онанинг фарзандига кечалари мижжа қоқмай айтган алласи. Тинчлик – жамиятда янги пайдо бўлган ёш оила. Тинчлик – ҳар бир кун учун айтиладиган шукроналик. Тинчлик – энг улуғ бахт…
Ҳа, тинчликнинг мадҳи ҳар қанча таърифларга сиғмайди. Унинг қадри тириклик қадар муқаддас, ҳаёт қадар юксак. Тинчликнинг нақадар улкан неъмат эканлиги муқаддас китобларимизда ҳам кўп бора зикр этилиб, инсонларни тинчликнинг қадрига етишга, ўзаро аҳил-иноқ яшашга даъват этади. Шунингдек, доно халқимизнинг “Қўшнинг тинч – сен тинч”, “Тинчлигинг – ҳурлигинг” каби мақолларида ҳам тинчлик қанчалик бебаҳо неъмат экани айтилади. Дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, зиммамиздаги вазифа ва бурчларимизни мукаммал ва хотиржам адо этишимиз учун тинчлик ва осойишталик муҳим омил.
Бугун, афсуски, бир мамлакат тинчини бузиш пайида юрган айрим кимсалар кутилмаганда қайсидир мамлакат тараққиётини издан чиқариш, юрт равнақи, миллат маданияти, маърифатига раҳна солиш, аҳоли орасида нотинчлик келтириб чиқариш, жамият келажаги ҳисобланмиш ёшларни йўлдан оздиришнинг турфа хил йўлларини ўйлаб топмоқда. Халқимизда бир мақол бор: “Овсару анқов душман учун яхши ов”. Бизнинг ота-боболаримиз овсар ҳам анқов ҳам бўлган эмаслар. Кўр-кўрона бошқаларга эргашиб кетган эмаслар. Балким ҳар ишда етти ўлчаб бир кесганлар. Илму маърифат, караму шафқат ила одамларни эзгулик сари эргаштирганлар.
Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, бугун ахборот техналогиялари кенг имкониятлар бераётган бир вақтда, минг афсуслар бўлсинки бу имкониятлардан бузғунчилик, қабоҳат йўлида фойдаланаётганлар ҳам, кун сайин ортиб бормоқда. Бузуқ, ақидапараст оқимларнинг чорловларини тарғиб этишда интернет сайтлари асосий манбага айланди. Масалан, ўн йил аввал бундай сайтлар 20 та бўлган бўлса, бугун 7 мингдан ортиб кетган. Одам юрагини эзадиган жиҳати шуки, қанчадан-қанча ёшларимиз билиб-билмай шу сайтларга кириб, ундан маълумотларни кўчириб олиб, ўз эътиқодларига путур етказмоқдалар. Бугун дунёда адолат, саодат, раҳмат дини бўлмиш Исломни ёмон отлиқ қилмоқчи бўлган, унга нисбатан одамларда нафрат туйғусини ўйғатмоқчи бўлган, ўта маккор, шаккок кимсаларнинг, узоқни ўйлаб, чуқур режалаган фитналарининг самарасини кўриб турибмиз.
Аллоҳ бизга инъом қилган неъмат борки, шукр қилишлик билан зиёда бўлади. Бизга берилган ҳар бир неъматда унинг шукри бор. Зеро, ҳар бир неъмат шукр билан зиёда бўлади. Чунки, Аллоҳнинг “Агар берган неъматимга шукр қилсаларингиз уни сизларга зиёда қилурман” деган ваъдасини кўпларимиз биламиз ва эшитганмиз. Юртимиз ривожи, тараққиёти, истиқлолимизу истиқболимизга муносиб ҳисса қўшадиган, Ватанини севадиган, киндик қони тўкилган муқаддас бу заминни ардоқлайдиган, ҳимоя қиладиган фарзандларни тарбия қилиш барчамизнинг шу юрт олдидаги қарзимиздир.
Юртимиз келажаги бўлган фарзандларимизни эл-юртига содиқ ҳамда фидойи инсонлар қилиб, ватанпарварлик руҳида тарбиялайлик. Токи бизнинг фарзандларимиз уларнинг қўлида ғаразли мақсадларини амалга оширадиган болтанинг дастаси бўлиб қолмасин. Чунки, аҳоли тинч яшаб турган малакатда фитна тарқатишни касб қилган ғаламис кимсаларнинг иддаолари, ғаразли мақсадлари, асл ниятлари ҳам бамисоли гуркираб турган дарахтни кесишга келган “болта” кабидир. Агар биз хушёр ва огоҳ бўлмасак эртанги кунимиз ишончи, суянчи, таянчи бўлган ёшлар уларнинг қўлида қўғирчоқ бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.
Огоҳлик… бу сўз ва унинг мағзи мужассам асл маъно халқимизнинг фикри-хаёлидаги ўй-кечинмага айланмоғи лозим. Чунки, халқимиз тинчлик туфайлигина ҳар қандай қийинчиликни енгиб, фаровон ҳаёт кечириш мумкинлигини яхши билади. Фақат тинчлик бўлсагина еган луқмаи ҳалоли ичига тушишини, хурсандчилик кўнглига сиғишини, эртанги ҳур, фаровон ҳаёт умиди ила яшаш мумкинлигини қалбан ҳис этади. Шундай экан, неча-неча авлодлар орзу-армони бўлган, машаққатлар билан қўлга киритилган Истиқлол бизларга насиб этган экан, уни авайлаб-асраш ҳаммамизнинг олий бурчимиздир. Шиоримиз – “Огоҳлик – давр талаби” бўлсин!…
Зулфия МУРОДОВА,
Маънавият-маърифат
маркази туман бўлинмаси
бош мутахассиси.
