Отахонлари бор маҳалланинг омади бор

Отахонлари бор маҳалланинг омади бор

Маҳалламиздаги боқувчисини йўқотган, касалманд бир аёл вақтинча қурилган, таъмирталаб бир хонали уйда истиқомат қиларди. Унга қўлдан келганча ёрдам берардик. Лекин мени аёлнинг шундай оғир шароитда яшаши кўп ўйлантирар, унга ёрдам бериш йўлларини излардим. Кутилмаганда бир тадбиркор ёрдам беришини айтиб қолди. Ўшанда қанчалар қувонганимни тасаввур ҳам қилолмайсиз. Исмини ошкор этишни истамаган тадбиркор ушбу аёлга янги уй қуриб бериб, катта савобга қолди. Ана шундай кезларда ҳаётда шундай савобталаб инсонлар кўплигидан кўнглим тоғдек кўтарилиб кетади.

Маҳалламизда истиқомат қиладиган фуқароларнинг 1 минг 400 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Уларнинг орасидан 79 нафар эҳтиёж­манд, ногирон, ногирон фарзанди бўлган ва турмушида вақтинчалик қийинчилик сезаётган аёллар “Аёллар дафтари”га киритилиб, барчасига тегишли ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 4 нафар аёлга субсидия асосида тикув машинаси берилгач, улар тикувчиликни йўлга қўйишиб, ўз ҳаётларини изга солиб олишди. Ишлаш истагида бўлган 10 нафар аёлнинг беш нафари бугун тикувчилик билан шуғулланаётган бўлса, қолган 5 нафари ҳам ўзига яраша иш билан машғул. Қийналган оилаларга қўлдан келганча ёрдам берамиз. Бу борада маҳалламиздаги макарон цехи раҳбари биздан беминнат ёрдамини аямайди. У томонидан берилган макаронларни эҳтиёж­манд оилаларга тарқатамиз.

Оилалар мустаҳкамлигини сақлаш учун тинимсиз ҳаракатдамиз. Бу йил ажримлар бўлмади. Лекин келишолмай турган айрим ёшлар ҳам йўқ эмас. Уларга маҳалламиздаги турмуш ўртоғи Сайёра ая билан 62 йил тинч-тотув умргузаронлик қилаётган Маткарим ота Эргашевни мисол қилиб кўрсатамиз, улардан ўрнак олишга чорлаймиз. Ҳақиқатан ҳам, бу хонадонга ҳавас билан боқмайдиган одамнинг ўзи бўлмаса керак. Қизлар узатишган, ўғиллар уйлантиришган. Бўлак бўлиб чиқиб кетган ўғилларидан ташқари хонадонда икки ўғил оиласи билан ота-онаси бағрида истиқомат қилади. Бир сўз билан айтганда, хонадонда 4 авлод яшайди. Невара, эваралар буви, бобонинг суюклилари ҳи­соб­ланишади. Фарзандларини намунали, юрт корига ярайдиган қилиб тарбиялаган отахон бугун невара, эваралари тарбияси билан машғул бўлибгина қолмай, балки маҳалланинг ҳам насиҳатгўйи, барчага сўзи билан эмас, балки битта қараши билан сўзи ўтадиган инсони. Қачон ҳашар уюштирмоқчи бўлсак, отахон ҳозиру нозир. “Сиз дам олинг”, десак унамайдилар. “Мен чиқмасам, ўзим ёшларга намуна бўлмасам бўлмайди”, – дейдилар. Бу сафар ҳам шундай деб дарахт­ларни охлашга киришиб кетдилар. Маҳалламизда шундай инсонлар борлиги бизнинг бахтимиз. Чунки болалар, ёшлар тарбиясини шундай инсонларнинг ёрдамисиз тўлиқ амалга ошириб бўлмайди.

Дилфуза НАСРИДДИНОВА,
“Кенг кичик” маҳалла фуқаролар
йиғини хотин-қизлар фаоли.