Туман Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими раҳбари Жангали АНУАРОВ билан суҳбат.
Одамнинг тириклиги учун биринчи навбатда нима керак? Ҳаво, сув, ноз-неъмат… Нафас олганда нимага бўғилаяпсиз, йўталаяпсиз? Сабаби ҳаво турли ишлаб чиқариш корхоналари, транспортлардан чиқаётган заҳарли газлар ва бошқа омиллар таъсирида тобора ифлосланиб бормоқда. Буни ўз қўлимиз билан яратаяпмиз. Бир пайтлардаги ариқларда оққан зилол сувларни энди тушингизда кўрасиз. Бунинг ҳам сабабчиси ўзимиз. Иқлим ўзгаришлари сабабли сувларнинг ифлосланиши тобора кўпайиб бораётгани етмагандек, бунга ҳам ўз “ҳиссангиз”ни қўшиш – оқар сувларга чиқиндилар ташлаш, корхонангиз ва уйингизнинг оқаваларини оқизиш орқали “оби ҳаёт”нинг “умри”га завол бўлаяпсиз.
Турли касалликлар тобора кучли чанг солмоқда. Сабаби дўконлар, бозорлар турли ноз-неъматларга тўла. Лекин улар қишлоқ хўжалик экинларини зараркунандалардан ҳимоя қилишда қўлланиладиган пестицидлар, минерал ўғитлар билан “тўйинтирилган”. Озиқ-овқатларга қўшиладиган Е қўшимчалари, ГМО, натрий глутамот, бўёқлар, силикон полимерлар, натрий фторид, ширин таъм қўшимчалари… кабиларни ўз қўлингиз билан яратиб, ўзингизни ўзингиз заҳарлаяпсиз. Бундай бўлмаслиги ҳам мумкин эди…
– Бугун ер юзида экологик вазият мисли кўрилмаган даражада ўзгариб кетмоқда. Йилдан-йилга иқлимнинг ўзгариши, чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар, Оролбўйи фожиаси, табиий офатлар, аномал об-ҳаво барчани жиддий хавотирга сола бошлади. 2020 йил 28 апрелдаги кучли шамол, 2021 йил 4 ноябрдаги чанг-қумли туман, 2021 йил 6 июндаги 42, 6 даража иссиқ, 2022 йилнинг март-май ойларидаги кучли ёғингарчилик, бу йилги аномал совуқ барчамизни ҳушёрликка чорлаши керак. Шундай эмасми?
– Албатта. Биз табиат фарзандимиз. Шундай экан, она табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишимиз шарт. Чунки яшаш жойимиз шу замин. Дунёда йилдан-йилга авж олаётган экологик муаммоларни бугун тўхтатиб қолиш учун курашишимиз ер куррасининг келгусидаги ҳаётини таъминлашини унутмаслигимиз керак. Бу борада бутун дунёда катта ҳаракатлар кетмоқда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Яна бир гапни айтиб ўтиш жоизки, она табиатга ҳар бир фуқаро меҳрли муносабатда бўлгандагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин.
– Бу борада одамларнинг экологик маданиятини ошириш керак назаримизда. Суҳбатни чиқиндилар масаласидан бошласак. Интернет орқали дунёдаги чиқинди босиб ётган айрим давлатларнинг аҳволини кўрганда дили хира тортмаган одамнинг ўзи бўлмаса керак. Туманимизда ҳам ана шу чиқинди муаммоси долзарб масалалардан бирига айланганлиги ҳеч кимга сир эмас. Кўпчилик маҳаллалар аҳли чиқиндиларни ташиб кетишга масъул бўлган масъулияти чекланган жамият ишидан норози. Бу ҳақда нима дейсиз?
– Туманимиз маҳаллаларидаги чиқиндиларни олиб чиқиб кетишга 8 та масъулияти чекланган жамиятлари масъул. Аҳолидан норозилик кўпроқ “Зангиота ободон” МЧЖдан тушмоқда. Сабаби 44 та маҳаллага хизмат кўрсатиши керак бўлган МЧЖнинг 3 та эски машинаси бор эди. Яқинда 7 та янги чиқинди ташиш машиналари олишди. Ҳадемай улар ишга тушади. Шунда чиқиндиларни ташиб кетиш борасидаги муаммолар ўз ечимини топади.
– Чиқиндилар ҳақида гапирадиган бўлсак, айрим фуқаролар чиқиндиларни дуч келган жойга ташлаб кетишга одатланишган. Бугун тозаланган лотокларга эртаси куни яна чиқиндилар ташлайдиганлар ҳам йўқ эмас. Бундай одамларни тартибга солиш учун жамоатчилик назоратини ўрнатиш керакка ўхшайди.
– Бунда маҳалланинг ролини ошириш зарур. Маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳар битта кўчасида ўз фаоли бор. Лекин бу фаолларнинг аксарияти кўнгилдагидек ишламайди. Агар улар рисоладагидек ишлашса, кўчада чиқинди у ёқда турсин, бирорта кўримсиз манзара ҳам кўзга ташланмасди. Кўча фаоллари кўчадагиларга сўзи ўтадиган, обрўли, маънили одамлар бўлмас экан, кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Кўп ҳашарлар уюштирамиз. Шунда кўчага чиқиб ишлаган ишлайди, ишлашни хоҳламайдиган оилалар четдан одам келиб уйининг эшигининг олдини тозалаб беришини кутиб ўтиришади. Бундай одамларни ким деб аташ мумкин?
Яна бир масалага эътиборни қаратмоқчиман, туманимиз шаҳар биқинида жойлашганлиги сабабли шаҳардан келиб чиқинди тўкиб кетаётганлар ҳам бор. Жорий йилда туманнинг 8 та жойига кузатув назорат камералари ўрнатдик. Натижада 91 та четдан келиб чиқинди тўкиш ҳолатлари аниқланди ва уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Аслида жарима вазиятни ўнглаш учун чора эмас, биринчи навбатда одамларнинг бу борадаги дунёқарашини ўзгартириш керак. Бунда катталар болаларга ўрнак бўлиши, теварак-атрофни тоза тутишни ўргатиши керак. Афсуски, айрим катталарнинг ўзи дуч келган жойга чиқинди ташлаб, болаларга тескари ўрнак бўлмоқдалар.
– Она табиатни асраш деганида кўпинча кўз олдимизга дарахтлар келади. Ҳаводаги заҳарли моддаларни ўзига ютиб, бизга кислород етказиб берадиган дарахтларни чинакам мўъжиза дейиш мумкин. Ҳаётимизда ана шундай муҳим ўрин тутувчи дарахтларга бўлган муносабатимиз борасида доим ҳам фахрлана олмаймиз. Кейинги йилларда она табиатга мададкор бўлиш учун “Яшил макон” дарахт кўчатлари экиш ҳаракатига қўшилиб, туман ҳудудларига минглаб мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экдик, парваришига келганида оқсадик, уларнинг айримлари қуриб қолди, айримлари бегона ўтлар ичида “бўй кўрсатмади”. Энди ана шу хатоларимизни тўғирлайдиган пайт келмаганмикан?
– Албатта, бу борадаги бепарволиклар бир пайт келиб бизга қимматга тушмаслиги учун ҳозирдан она табиатга бўлган муносабатимизни ўзгартиришимиз керак. Кўчатни дуч келган жойга суқиб кетган билан у дарахтга айланмайди. Уни ўз вақтида махсус ишлов берилган жойларга экиш, ўзини тутиб олгунига қадар эринмасдан парвариш қилиш керак. Шундагина у дарахтга айланади. Мана ҳадемай “Яшил макон” ҳаракати бошланади. Бу йил туманимиз ҳудудига 420 минг 400 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган. Бу йил асосий эътиборни зовур бўйларига ҳам қаратмоқчимиз. Зовур бўйларининг бир четига терак кўчатлари экиш мўлжалланаяпти.
– Қуриган дарахтлар масаласи нима бўлаяпти?
– Бу йилги аномал совуқ арчанинг “Элдар қарағай” навига салбий таъсир кўрсатди. Қуриган дарахтлар ичида энг кўпи ҳам ана шу арча бўлди. Бу йил 400 туп ана шундай қуриган дарахтлар олиб ташланди. Ҳадемай йўқотилган дарахтларнинг ўрнига янги кўчатлар экилади. Янгиликлардан яна бири туманимиздаги “Найман” маҳалласи ва туман марказида ҳавонинг ифлосланганлик даражасини ўлчовчи ускуналар ўрнатилди.
– Экология борасида бирмунча суҳбатлашдик. Бу борадаги суҳбатларимиз ҳали давом этади. Барчамизнинг ниятимиз бу борадаги муаммоларни биргаликда ечишдир. Она заминнинг яшаб қолиши учун табиат бугун биздан мадад кутмоқда. Бу борада бизнинг хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Чунки, экология инсон хатоларини кечирмайди, жавоби қачондир бир кун қайтиб келади. Буни ҳар бир фуқаро юракдан ҳис этиб, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлса, ўйлаймизки, кўзлаган мақсадимизга эришамиз.
Жамила АРСЛОНОВА суҳбатлашди.
