Тилни гапиришимизга хизмат қиладиган ҳамда оғизга тушган таомни тишлар билан бирга майда ҳолатга келтиришга хизмат қиладиган аъзо деб тушунамиз. Аслида тилда ҳам жуда катта ҳикмат бор. У организмимизда кечаётган жараёнларни, турли касалликларнинг юзага келаётгани ва ривожланаётганини кўрсатувчи восита ҳамдир. Шунинг учун ҳам шифокорлар биринчи навбатда беморнинг оғзини очиб, тилига назар соладилар.
Қадимий Хитой табобатига назар ташласак, тил – танамизнинг юқори қисмига тегишли бўлиб, ўпка ва юракнинг ҳолатларини акс эттиради, тил ён томонлари жигаримиз ва ўт пуфаги соғлиғи ҳақида “гапиради”, тил бели эса ошқозон ва талоқ ҳолатини билдирса, тил томири буйракларимиз аҳволидан дарак беради. Шу сабабли ҳам касалликнинг биринчи аломатлари тилда намоён бўлади. Соғлом одамнинг тили бинафша ранг ва силлиқ юзли, оқ тусли катта бўлмаган карашли, тил устидаги бўртмалар яхши кўринади ва оқибатда тилга дуҳобасимон тус бериб туради.
Касалликларда тил қандай кўриниш касб этади? Сафро энергияси дисбалансида тилда оқ-сариқ караш пайдо бўлади, оғиз бўшлиғида аччиқ таъм сезилади.
Бўзарган рангли тил қонда энергия камлиги аломати бўлиб, у камқонлик ва организм ҳолдан тойганлигини кўрсатади. Тилнинг паст қисми бўзарган бўлса, демак жигар ва ўт пуфагида муаммо бор. Қизил рангли тил оғир инфекцион касалликлар, юқори ҳарорат, заҳарланиш, пневмониядан дарак беради. Тилингиз тўқ қизил рангда бўлса, билингки, оғир буйрак бузилишида заҳарланиш, семириб ёғ босиш, сурункали алкоголизм мавжуд. Тил кўк тусга кирса, юрак қон томир касалликлари, қон айланиши бузилган. Бу юрак-ўпка етишмовчилигини ҳам кўрсатади. Тилнинг пастки қисмида сарғишлик кузатилса, бу сариқ касаллиги ривожланаётганлигидан даракдир. Тил устидаги карашлар ошқозон, юпқа ва йўғон ичакларда заҳар тўпланганлигини кўрсатади.
Хуллас, тилдаги бу каби кўринишлар жуда кўпки, уларнинг ҳаммаси танангизда қандай жараёнлар кечаётганлигини аниқ кўрсатиб беради. Агар шифокор моҳир бўлса, бемалол тилга қараб ташҳис қўя олади. Бундай шифокор тилдаги ўзгаришларни нафақат сеза олади, балки тўғри ташҳис қўйиши учун олинган маълумотларни бирлаштириб, кейинги ташҳис усуллари билан тасдиқлай олади ҳам.
Муҳайё ТУРҒУНОВА,
16-оилавий поликлиникасининг
стоматолог шифокори.
