2023 йил 17 ноябрда Президентимизнинг “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги ПФ-196-сонли Фармони қабул қилинди.
Ушбу Фармонга кўра, 2023 йилнинг 1 декабридан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдори 7 фоизга, базавий ҳисоблаш миқдори эса, 3 фоизга оширилади.
Шунга кўра: меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 1 миллион 50 минг сўм;
базавий ҳисоблаш миқдори – 340 минг сўм;
пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – 372 минг сўм;
ёшга доир энг кам пенсия миқдори – 725 минг сўм;
ногиронлик пенсиялари, жумладан, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори – 800 минг сўм;
меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – 800 минг сўм;
1941-1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига 3 миллион 527 минг сўм;
белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (725 минг сўмдан) 800 минг сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари – 800 минг сўм;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа – 608 минг сўм;
иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – 608 минг сўм;
ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори – 608 минг сўм;
боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 608 минг сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун – 212 минг сўмдан қўшилади. Шунингдек, боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 608 минг сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
Камола ХАНХЎЖАЕВА,
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси
туман бўлими катта инспектори.
