Қонун ва адолат устуворлиги

Қонун ва адолат устуворлиги

Истиқлол йилларида ички ишлар органлари тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ички ишлар органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, юртимизда жиноятчиликнинг ўсишига йўл қўймаслик имконини берди. Бунинг натижасида бугун кунда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва унинг олдини олиш бўйича мамлакатимизда яхлит ҳуқуқий тизим яратилган бўлиб, унда ички ишлар органлари муҳим ўрин эгаллайди. Айниқса, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш учун ташкил этилган қуйи бўғинни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида салмоқли ишлар қилинганлиги унинг ижтимоий аҳамияти ва долзарблигини кўрсатмоқда. Жумладан , Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қаршикурашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг янги босқичи ва тизими белгилаб берилган эди. Ушбу қарорга мувофиқ, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишни амалга оширувчи ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича, вояга етмаганлар ишлари бўйича, одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиялари тузилиб, уларнинг вазифалари белгилаб берилган.

Ўтган давр мобайнида ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти бўйича соҳасида мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимидаги ислоҳотларнинг айнан ички ишлар органларидан бошланишига қуйидагилар: биринчидан, жамиятда, аҳоли тураржойларида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш, унинг олдини олиш тизимининг замон талабларига жавоб бермай қолганлиги; иккинчидан, аҳоли тураржойларида кеча-кундуз узлуксиз жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлашни, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда ундан жабрланганларга ўз вақтида ёрдам кўрсатишни самарали амалга ошириш тизимининг ташкил этилмаганлиги; учинчидан, бевосита аҳоли тураржойларида жиноятларнинг олдини олиш фаолиятини амалга оширувчи энг кўп сонли ва бу соҳада барча йўналишлар бўйича хизмат олиб борувчи ички ишлар органлари турли хизматлари ўртасида самарали ҳамкорликни ташкил этиш тизимининг йўқлиги; тўртинчидан, аҳоли тураржойларида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлашга, жиноятларнинг олдини олишга кенг жамоатчиликни, айниқса, ички ишлар органларига ёрдам беришни хоҳлаган фуқароларни жалб этиш ва улар ўртасида самарали ҳамкорликни ташкил этиш тизимининг йўқлиги сабаб бўлди.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганидан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи энг муҳим органлардан бири сифатида ички ишлар органлари фаолиятини ривожлантиришнинг сифат жиҳатидан янги босқичи бош­­­ланди. Зеро, Президентимиз 2017 йил 9 февралда ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганларидек: “Ички ишлар органлари ходимлари билан аҳоли ўртасидаги муносабатларда ўзаро ишонч ва очиқликни таъминлаш мақсадида профилактика инспекторлари, милиция таянч пунктлари, “Маҳалла посбони” каби институтлар ташкил этилгани юртимизда тинч-осуда ҳаёт таъминланишига хизмат қилмоқда”. Ушбу ислоҳотларнинг замиридаги мақсад – бу эл-юртимизнинг ишончи ва меҳрини қозонган, том маънодаги халқпарвар ички ишлар тизимини яратиш, “Халқ манфаатларига хизмат қилиш”ни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантириш ҳамда жамиятимизда “Қонун ва адолат устуворлиги, жиноятга жазо муқаррарлиги” тамойилини қарор топтиришдир.

Ромазон ТОҲИРОВ,
Ички ишлар вазирлиги академиясининг
308-гуруҳ курсанти.