Маълумки, қизамиқ мавсумий касаллик бўлиб, у асосан куз-қиш мавсумида рўйхатга олинади. Бугунги кунда қўшни давлатларда қизамиқ касаллиги кўпаймоқда ва четга бориб келаётган, қизамиққа қарши эмланмаган аҳоли ва болалар орасида қизамиқ билан касалланишлар учраяпти. Бугунги кунда 90 ўринга мўлжалланган туман юқумли касалликлар шифохонасида 126 нафар бемор даволанмоқда. Асорати оғир бўлган қизамиққа чалинмаслик мумкин эдими? Бу савол кўпчиликни қизиқтириши табиий. Касалликка чалинмаслик мумкин. Лекин бунинг ягона йўли – эмлаш. Миллий эмлаш календари асосида ҳар бир ота-она яшаш манзилидаги поликлиникага мурожаат этиб, фарзандини 1 ёшда ва 6 ёшда қизамиққа қарши эмлатиши керак.
Туманимизга 25 минг 200 доза қизамиқ-қизилча вакцинаси, 22 минг доза қизамиқ вакцинаси берилган бўлиб, жами 39 минг 326 нафар бола ва мулоқотдагилар эпидемиологик кўрсатма асосида эмланган. Ҳозирда даволаш профилактика муассасалари эмлаш хоналарида 7800 доза қизамиқ вакцинаси захираси мавжуд. 2023 йилнинг 11 ойи давомида туман бўйича жами 40 та қизамиқ касаллиги лаборатория текширувида тасдиқланган. Расмий хабарларда таъкидланишича, жорий йилнинг ноябрь ойида давлат бюджети ҳисобидан 3 млн. доза қизамиққа қарши вакциналар харид қилинди. Ушбу вакциналар эпид кўрсатма бўйича эмланадиган қатлам, маълум сабабларга кўра эмлашдан қолиб кетган болалар ҳамда хавф гуруҳига кирувчи, қизамиқ касали бўлган бемор билан мулоқотда бўлган 6 ойдан 7 ёшгача бўлган болаларни эмлаш учун мўлжалланган ва айни вақтда ҳудудларда эмлаш ишлари олиб борилмоқда.
Қизамиқ ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган ўткир юқумли касаллик бўлиб, тана ҳароратининг кўтарилиши, юқори нафас йўллари яллиғланиши, конъюнктивит, терида ўзига хос босқичма-босқич доғли тошмалар тошиши билан кечади. Касаллик белгилари пайдо бўлиши билан шифокорга ёки тез ёрдамга мурожаат этиш лозим. Беморни алоҳидалаш зарур. Шифокор тавсияси асосида керакли даволаш олиб борилади.
Жаҳонгир ЗАБУРОВ,
туман СЭО ва ЖСБ
бош шифокори.
