Вилоят ҳокимининг 2023 йил 1 ноябрдаги “2023-2024 йилги куз-қиш даврида иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш ҳамда кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик энеригияси билан таъминлаш тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича туманимизда бирмунча ишлар амалга оширилди. Жорий йилнинг январь, февраль ойларидаги совуқлардан хулоса чиқарилган ҳолда бу йилги қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилди. Туманимиздаги 167 та кўп қаватли уйларнинг аҳволини ўрганганимизда, уларнинг барчасида ўзига яраша муаммолар борлиги аниқланди. Ишни шундан келиб чиққан ҳолда режалаштирдик.
Жумладан, 17 та уйнинг фасад қисми мукаммал таъмирланди, 2 та уйнинг ертўла қисми иссиқлик тармоқлари янгиланди, 3 та уйдаги иссиқлик ётиқ ва тик қувурлари янгисига алмаштирилди, 39 та уйнинг том қисми жорий таъмирдан чиқарилди, 86 фрамуга ромлари янгиланди, 6 та уйнинг йўлакчалари, 10 та уйнинг ирригация тармоқлари таъмирланди, 59 та уйнинг ертўла қисми чиқиндилардан тозаланиб, қувурлари бўялди, ёритиш мосламалари ўрнатилди, 4 та болалар майдончаси қуриш ишлари амалга оширилди.
Булардан ташқари Амир Темур номли ва “Файз” маҳаллаларида жойлашган 1 ва 3-иссиқлик қозонлар қувурлари иссиқлик қопламалари билан ўралди. Туманимиздаги 3 та мактаб ва 7 та мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда марказий шифохона ва поликлиникадаги мавжуд қозонларни АГМК ҳомийлиги асосида 33 та кўмир хом ашёсида ишлайдиган қозонларга алмаштирилди. Туманимиздаги “Иссиқлик манбаи” бўлими тасарруфида 4 та қозонхона бўлиб, ушбу қозонхоналарда 13 дона қозонлар мавжуд. 4 та қозонхона орқали 65 та кўп қаватли уйлардаги 2261 та хонадон ҳамда 14 та улгуржи корхоналарга иссиқлик етказиб берилади. Иссиқлик тармоқлари 7,9 км.ни ташкил этади. Шундан 5874 метр қувурлар ер устида, 1050 метр қувурлар ер остида жойлашган.
1-қозонхона туман марказидаги Амир Темур номли маҳаллада, 2-қозонхона “Наврўз” маҳалласида, 3-қозонхона Ўртаовул ҳудудидаги “Файз” маҳалласида, 4-қозонхона Эркин ҳудудидаги “Ватанпарвар” маҳалласида жойлашган. Бу қозонхоналарнинг барчаси текширувдан ўтказилиб, таъмирталаб жойлари созланиб, ишга шай ҳолга келтирилди ва иситиш мавсумида ишга туширилди. Тўғри, бирдан келган совуқ туфайли айрим қозонхоналарда иссиқлик тушиб кетди. Табиий газ босими кўтарилгач, электр энергиядаги муаммолар ҳал этилди, бугунги кунга келиб юқорида кўрсатиб ўтилган қозонхоналарнинг барчаси тўлиқ иш фаолиятида.
Қаҳҳор МАҲМУДОВ,
туман ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар,
коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш
масалалари бўйича ўринбосари.
