Ҳаёт нақадар гўзал: осмоннинг кенгайиб, мовийлашгани, қуёшнинг самодан жилмайиб боқаётгани, қушларнинг чуғур-чуғури, бинафшаларнинг ҳандон отаётгани, дарахтларга юзлаб капалаклар қўниб олгандек бир даста гулга айланганлиги, ям-яшил майсаларнинг салавот айтаётгандек майин эсган шамолда аста тебранаётгани… Таърифингга сўз етмас баҳор! Сен сеҳргарсан, табиатга ўн саккиз ёшли келинчакдек оро бериб, жилвакор қилиб қўйдинг.
Ана шундай кезларда уйга сиғмай кетади киши. Кўчага чиқиб, қаёқларгадир шошилиб кетаётган одамлар сафига қўшиласан. Юрак табиатга мафтун. Баҳорнинг гўзаллиги уйғотган ҳис-туйғуларни бағрига сиғдира олмай ўзгача ҳаяжон билан дукиллайди. Кўз олдимда болалигим намоён бўлади. Болалигим ҳозирги Наврўз-Қатортолнинг кенг далаларида ўтган. Жамоа хўжалигининг ерлари катта эди. Аҳоли сони кам, шунга яраша тураржойлар ҳам унчалик кўп бўлмагани учун шундай туюлган бўлса ажабмас. Энг асосийси, Далигузар ва Эшонгузардаги одамлар бир-бирини яхши танишар, далада жавлон уриб ишлашар, ораларида меҳр-оқибат, инсонийлик кучли эди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, ўтган асрнинг 70-йиллари бошларида одамлар ҳамжиҳатликда, ҳашар йўли билан ёлғизгина ўғли бўлган кекса чол-кампир қўшнимизга икки хонали уй қуриб беришгани. Шу қўшни кампир қўйларнинг юнглари олинганда уни ювиб, офтобда қуритиб, кичик ҳивичларни бирлаштирган ҳолда уларни савалаб юмшоқ ҳолга келтирар, кузда қўшни тумандан келтирилган ғўзапоялардаги пахта, кўсакларни териб олар, ғўзапояни тандирга ёқиб, қуёшдек кулиб турган нонлар ёпар, қиш бўйи кўсакни чувиб, пахтага қўшиб қўллари билан “йигирарди”.
Баҳор келиши билан маҳалладаги барча қўни-қўшнилар жам бўлишар, келинлар қозонлардаги қайнаб ётган турли ранглардаги сувга юнг ва пахталарни солиб ранг киритишар, ёши катталар эса кигиз бостиришга киришардилар. Маҳаллада азал-азалдан “Наврўз гўжа” деган удум нишонланиб келинарди. Нарвўз кириб келиши билан қишлоқ марказидан анча узоқда бўлган далаларда яшовчи маҳалламиз аҳли шу ердаги тепаликларнинг бирида жам бўлишарди. Эркаклар учун алоҳида, аёллар ва болалар учун алоҳида жойга кўрпачалар солинар, ёзилган дастурхон усти келинлар тайёрлаган чучвара, қатлама, ёпган нон каби неъматлар билан тўлиб-тошарди. Кейин ҳар бир хонадон уйида тайёрлаб, сирли челак, тоғорага солиб олиб келган таомлар косаларга, лаганларга сузилиб, дастурхонга тортиларди. Кўпчилик “аралаш таом”ни хуш кўрарди. Бунда косага мастава, мошувра, мошхўрда, гўжа, мастава, чучвара каби таомлар оз-оздан солиниб, омухта бўларди.
Бу таомнинг мазаси эса оғизда қоларди. Қўшни кампирнинг бир йилда бир марта тайёрлайдиган гўжасини эса барча орзиқиб кутарди. Чунки у бу таомни жуда ўзгача, катта меҳр билан тайёрлар, бир еган киши, тағин есам, дерди. Бир дастурхон атрофида, бир пиёла чой устида катталарнинг суҳбатлари қизигандан-қизирди. Болалар эса нарироққа бориб, қайси бири ланка тепар, бошқаси “чиллак” ўйнар, айниқса, “оқ теракми, кўк терак” ўйинининг ишқибозлари кўп бўларди. Шундай қилиб, кун оққанда барча уй-уйига тарқалар ва эртаси кундан бошлаб ҳамма дала юмушларига шўнғирди. Кичкинагина маҳалламнинг одамлари ҳақида ўйлаганимда, уларнинг бағри нақадар кенг, чумолидай меҳнаткаш, кўнгли баҳордек очиқ, феъли юмшоқ, оддий ва содда инсонлар бўлганлигини ич-ичимдан ҳис этаман. Кўз олдимдан Жайнар, Абдураҳим, Шокир, Вали, Бекмурод, Абдураман, Очил, Абдуҳошим, Тоживой, Мутал акалар, Ҳожия, Ойниса, Писта, Қундуз, Солия, Ҳабиба, Ҳанифа опа ва бошқалар липлип ўта бошлайди…
Жамила АРСЛОНОВА.
