Қадамлари қутлуғ баҳорим

Қадамлари қутлуғ баҳорим

“Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки“ шиори остида бўлиб ўтган уч кунлик умумхалқ хайрия ҳашарида туманимиз аҳолиси ҳам фаол иштирок этиб, тураржойларимизнинг обод ва кўркам бўлишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар. Туман марказида ҳашар билан ҳамоҳанг бўлиб ўтган Наврўз байрами шукуҳи эса маҳаллаларда акс-садо бериб, одамларни эзгуликка, бирдамликка чорлаб, уларнинг қалбига олам-олам қувонч улашди. Яратиш, яшнатиш ишқини қалбга жо этган одам борки, кўчага чиқди. Кимдир дарахт кўчатлари экаётган бўлса, кимдир савоб ишлар билан банд. Қуйидаги лавҳаларимиз шу ҳақда. Байрам нимаси билан кўркам, одамларни бирлаштиргани, савобли ишларга қўл урилгани, миллий қадрият ва анъаналаримизнинг янада тикрок қад ростлагани билан…

Қозон тўла сумалак

1-сектор раҳбари ташаббуси билан ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёзилган ифторлик дастурхонлари анъанаси бошқа секторларда ҳам давом эттирилди. Жумладан, М.М.Хоразмий маҳалласидаги эҳтиёжманд оилада ёзилган ифторлик дастурхонидан оила аъзоларининг боши кўкка етди. Бу каби кўнгил олишлар тумандаги барча оилаларда бўлиб ўтди. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, туманнинг қайси ҳудудига борманг, баҳорнинг тансиқ неъмати сумалак тайёрланаётганлигининг устидан чиқасиз ва одамларга соғлиқ улашаётган маҳалла фуқаролар йиғинлари, фаоллар ва бу ишларнинг бошида туриб дуо қилиб ўтирган онахонларга раҳматлар айтасиз.

Ҳашар ҳашардек бўлди

“Асил” маҳалласи аҳли ҳам умумхалқ ҳашарида кўчага чиқиб, ободонлаштириш ишларини амалга оширишди. Айниқса, “Тегирмонкўча”да яшовчи аҳолининг ҳамжиҳатликда уйлари олдидаги ариқчаларни бетонлаштиргани кўча кўркига кўрк қўшди. “Қалб” кўчасида яшовчи аҳоли ҳам ҳашарда фаол иштирок этиб, ободонлаштириш ишларини олиб боришди. Кўчадаги токларни кесиб, чиройли қилиб “тараётган” 81 ёшли отахоннинг ғайрати бошқаларнинг ғайратига ғайрат қўшди. “Назарбек” маҳалласида ҳам кўзга кўринарли ишлар амалга оширилди. “Бирлик” шоҳ кўчасига 4 та замонавий ёритгичларларнинг ўрнатилганлигидан аҳоли беҳад мамнун. Туропободлик ёшлар ҳам ҳашар кунлари савобли ишлардан четда қолишмади. Хонадонлар ҳовлиси ва кўчаларига гул, дарахт кўчатлари экилди, дарахтларга шакл бериш ва охлаш ишлари амалга оширилди. Бу ишларда 200 нафарга яқин ёш фаол иштирок этди.

Ёшлар беллашуви

Алоқа ҳарбий институтида “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз” шиори остида оталиққа олинган уюшган ва уюшмаган ёшлар ўртасида спортнинг футбол, волейбол ва арқон тортиш йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институт бошлиғи кубоги ўтказилди. Унда 1-сектор маҳаллалари ёшлари ўзаро беллашдилар. Бу мусобақада “Гулзор” маҳалласи ёшлари барча йўналишларда юқори натижаларни қўлга киритиб, кубок соҳибига айланишди.

Тадбиркорнинг саховати

Халқимизда “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин”, деган нақл бор. “Хўжамозор” маҳалласида ана шундай саховатпеша инсонлардан бири яшайди. У маҳаллада бўладиган ҳар бир хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Яқинда бу инсон маҳалладаги боқувчисини йўқотган М.Исроиловага ҳар ойда пул маблағи тушиб турадиган “Ипотека” банкида очилган пластик картани берди ва бу ёрдам энг кенжа фарзанди 18 ёшга тўлгунга қадар берилишини билдирди. Бу, тўрт нафар вояга етмаган фарзандни ёлғиз ўзи тарбиялаётган онага беғараз ёрдамлигини таъкидлади.

Ҳомий кузатув камераси берди

“Обод тўқимачи” маҳалласида яшайдиган ҳомий 5-мактаб синф хоналари ва директор хонасига кузатув камералари ўрнатиб берди. Бу, ўқувчиларнинг давомати ва синф хоналаридаги дарс фаолиятининг яхшиланишига хизмат қилади.

Кўчалар асфалтланмоқда

“Эски қальа” маҳалласи ички кўчаларини асфальтлаш ишлари бошланди. Бу, маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиб, ўтган йили “ташаббусли бюджет” лойиҳасида ғолиб чиққани натижасидир. Аҳолининг қувончи чексиз. Энди улар ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам текис ва равон йўлдан юришади. Сизнинг кўчангиз ҳам равон бўлишини истайсизми? Унда “ташаббусли бюджет” лойиҳасида қатнашинг, кўп овоз тўпланг ва ютинг. Айни шу кунларда лойиҳага овоз бериш ишлари давом этмоқда. Бу, сизнинг имкониятингиз.

Кўчат эккан савоб 

Энг савобли ишлардан бири кўчат экиб, боғу роғлар барпо этишдир. Чунки ёзда дарахтларнинг соясида ўтириб роҳатланамиз, меваси эса танимизга даво бўлади. Энг асосийси, дарахтлар ҳавомизни тозалаб, тириклигимизни таъминлайди. Шу боисдан ҳам юртимизда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида ҳар йили баҳор ва кузда минг-минглаб дарахт кўчатлари экилмоқда. Бу хайрли иш эса туманимизда ҳам амалга оширилмоқда. Маҳаллалар аҳли, фермер хўжаликлари дарахт кўчатлари экиш ишларини давом эттиришмоқда. Ўтган ҳафта “Обод тўқимачи” маҳалласи ҳудудининг Қозоғистон билан чегарадош қисмида ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, 1,6 гектар ерга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Кўчатлар яхши парваришланса, бир неча йилдан кейин бу ер кўркам боғга айланади. Дарвоқе, дарахт кўчатларини йироқлардан излаб юришнинг ҳожати йўқ, Зангиота қишлоғидаги бозордан ўзингизга керакли барча мевали дарахт кўчатларини топишингиз мумкин.

Жамила АМИР қизи.