Мамлакатимизда бугунги кутган ўзгаришлар, айниқса, иқтисодиётимизнинг ривожланиш кўрсаткичлари ҳар биримизга алоҳида қувонч бағишлайди. Жорий йилда ҳам соҳада барқарор ва юксак ўсиш суръатлари кўзда тутиляпти. Маълумки, истиқлол йилларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳамда ҳунармандчилик соҳалари нафақат иқтисодиётимизнинг етакчи бўғини, балки давлатимиз ва жамиятимиз ривожида ҳал этувчи аҳамиятига эга бўлган асосий кучга айланди.
Айниқса, бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулот ҳамда хизматлар билан тўлдириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлашда тадбиркорларимизнинг ҳиссаси салмоқли бўлмоқда. Бугунги кунда туманимизда фаолият юритаётган кичик бизнес субъектларини ривожланиши, ялпи ички маҳсулотни шакллантиришдаги улушининг ўсиб бориши бунга асос бўлади. Ўз навбатида тадбиркорлар изланувчанлиги туфайли аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, даромадини кўпайтиришда етакчи кучга айланди. Туманимизда фаолият кўрсатаётган 20 мингдан зиёд тадбиркорлар томонидан савдо, саноат, хизмат соҳаларида бўлаётган янгиланишлар фикримизнинг яққол тасдиғидир.
Туманимизда жорий йил 6 ой якуни бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 104,4 фоизга ошиб, 1 триллион 302,9 миллиард сўмга, пудрат қурилиш ишлари 100,9 фоизга ортиб, 616,2 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилди, хизматлар кўрсатиш соҳасида ушбу кўрсаткич 111,4 фоизга етиб, жами 1 триллион 448,0 миллиард сўмга, савдо соҳасидаги ўсиш суръати 115,7 фоизга етиб, жами 1 триллион 414,4 миллиард сўмга етган бўлса-да, бу кўрсаткичларнинг асосий улуши тадбиркорлик субъектларига тўғри келганлигини алоҳида қайд этиш мумкин.
Куни кеча туман ҳокими Эркин Рустамовнинг туманимизда фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлик субъектлари билан ўтказган мулоқотида бу кўрсаткичлар алоҳида таъкидланди. Тадбиркорлигим касаначилик йўналишида. 70 та иш ўрни очганман. Фаолиятимни кенгайтиришим учун банкдан кредит олишимга ёрдам берсангизлар. “Мос пекарь” масъулияти чекланган жамияти корхонаси раҳбариман. 5 миллион долларлик лойиҳа қилганмиз. Шу лойиҳани амалга оширишда кредит масаласида ёрдам керак эди. Ишлаб чиқараётган қандолат маҳсулотларимизга бериладиган гигиена ва сифат сертификатларининг муддати кўриб чиқилса…
Мазкур мулоқот давомида тадбиркорларни қийнаётган муаммо ва таклифлар сўралди. Турли масалаларга оид мурожаатлар билдирилган бўлса, уларнинг ечими ҳам муҳокама этилди. Очиқ мулоқотда иштирок этган 70 нафардан зиёд тадбиркорлар томонидан кредит олиш, йўл, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, электр, сув таъминоти, солиқ масалалари бўйича берилган саволларга соҳа мутасаддилари томонидан аниқ, тўлиқ жавоблар берилди, таклиф ва мурожаатларини ўрганиш, кўмак бериб ечим топиш ишлари тегишли масъулларга йўналтирилди.
Дилбар ШАРИПОВА.
