Мамлакатимизда ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда имконияти чекланган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам беришнинг самарали тизими шакллантирилган.
Ўтган йиллар мобайнида ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимояси борасида кўплаб меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилган ва амалиётга татбиқ этилмоқда. Республикамизда бугунги кунда 70 мингдан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар мавжудлигини инобатга олсак, имконияти чекланган ёки ногиронлиги бўлган шахслар ўзларига тегишли бўлган ҳуқуқий ахборотлар билан танишишда бироз қийинчиликка дуч келмоқда эди.
Шу боис, Адлия вазирлиги томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўлланиладиган солиқ имтиёзлари, қулай меҳнат шартлари, ижтимоий ҳимоя масалалари, шу билан бирга уларнинг ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари ўз ифодасини топган манзилли тарғибот йўналишида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Қонунчиликка мувофиқ, I ва II гуруҳ ногиронлари мол-мулк, ер, ҳар бир ой учун энг кам иш ҳақининг тўрт баравари миқдоридаги даромадлар бўйича даромад солиғидан озод қилинган;
– шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашга оид нормалар ҳам мавжуд. Унга кўра ходимлар сони 20 (йигирма) кишидан ортиқ бўлган корхоналар ва ташкилотларда ходимлар сонининг камида уч фоизи миқдорида иш жойларининг энг кам сони тегишли ҳокимлик қарорига асосан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун захирада ушлаб турилади;
– ногиронлиги бўлган шахслар протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар билан бепул таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган имтиёзли шахслар рўйхатига киритилган;
– муҳтож ногиронлар реабилитация техник воситаларини ўз маблағлари ҳисобига сотиб олган тақдирда, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда компенсация тўланади;
– банклар томонидан болаликдан I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлганларга фоизсиз таълим кредитлари берилади;
– меҳнатда майиб бўлиш ва касб касаллиги туфайли I ва II гуруҳ ногиронлари, I ва II гуруҳ болаликдан ногиронларга автомобиль бензини сотиб олишга харажатларнинг бир қисми учун ойлик пул компенсацияси тўланади;
– ҳар ойда маълум миқордаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарлари билан бепул таъминланади;
– I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга маъмурий қамоққа олиш чораси қўлланилиши мумкин эмас;
– I ва II гуруҳ ногиронларига таътил уларнинг хоҳишига кўра ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилади;
Тиббиёт соҳасида бериладиган айрим имтиёзлар:
– барча республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида бепул даволанади;
– Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг турғун даволаш-профилактика муассасаларида овқатланиш тўловидан озод қилинади.
– вилоят Кўп тармоқли тиббиёт марказларида бепул ёрдам олиш ҳуқуқига эга;
– Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийларига бепул йўлланмалар олиш ҳуқуқига эга;
– хусусий тиббиёт муассасаларида (стоматология ва косметология хизматлари кўрсатувчи муассасалар бундан мустасно) бепул тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Хулоса ўрнида айтганда, ушбу ҳужжат мазмун-моҳиятига кўра, юртимизда ногиронлиги бор инсонларнинг ўзини жамиятнинг тўла-тўкис аъзоси сифатида ҳис этишларига қаратилган тизимли чора-тадбирларнинг, уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Абдували ЭШОНҚУЛОВ,
туман Адлия бўлими бошлиғи.
