(Давоми. Бошланиши
ўтган сонда).
Маълумки, Бухоро Республикаси тузилган пайтда мамлакатда бошланган миллий озодлик ва қаршилик ҳаракатлари 1921-1922 йилларда кучайиб кетади. Совет раҳбарлари озодлик курашчиларини тинчитишда Усмонхўжа сингари обрў-эътиборли арбоблардан фойдаланишга киришади. 1921 йил 10 мартда Бутун Бухоро марказий ижроия қўмитасининг Шарқий Бухоро бўйича фавқулодда ишлар вакиллиги тузилиб, Усмонхўжа раис этиб тайинланади. Усмонхўжа Шарқий Бухорода юрган даврида қизил қўшинларнинг халқни аёвсиз талаётганини ўз кўзи билан кўради ва ушбу воқеадан сўнг баёнот эълон қилиб, аҳолини мустақиллик учун қурол кўтариб, рус аскарларига қарши курашишга чақиради: “Ҳаммамизнинг юрагимиздаги энг катта орзу – Туркистонда ярим асрдан кўпроқ вақт давомида ҳукмронлик қилиб келаётган душманнинг тажовузидан ҳалос бўлиш орқали озодлик ва мустақилликка эришишдур. Энди бу мақсадга эришиш вақти келди. Мен қўлларида қуроллари бўлганларни ва қурол ишлата оладиганларни ушбу шарафли вазифага таклиф қиламан. Яшасин озодлик ва мустақиллик!”
1921 йил 9 декабрда Усмонхўжа ўз ёрдамчилари – ҳарбий ишлар нозири муовини Aли Ризобек, Термиз ҳарбий қўрғони қўмондони Ҳасанбек ва Дониёлбек ёрдамида миллий ҳарбий қисмлар иштирокида Душанбе ҳарбий қўрғонидаги қизил аскарларни қуролсизлантиради. Бу пайтда Душанбе яқинидаги Иброҳимбек қўрбоши қароргоҳида турган туркиялик ҳарбий саркарда Aнвар Паша ўз ёрдамчилари Ҳожи Сомий (Салим Паша) ва Усмон Aфандини бир гуруҳ аскарлари билан Усмонхўжага ёрдам бериш учун юборади. Бироқ Иброҳимбек билан тил топиша олмаган Усмонхўжа Боботоғ томонга чекиниб, 1922 йил январь ойи бошларида ихтиёридаги миллий ҳарбий қисмлар билан Беҳбудий (Қарши) шаҳрига келади. Бу ерда шўролар билан бутунлай алоқани узиб, истиқлолчилар томонга ўтади. Миллий озодлик ҳаракатлари мағлубиятга учрай бошлагач, чет мамлакатлардан ёрдам сўраш учун Қобулга жўнайди. Қобулда 1922 йил 29 апрелда Бухоро Республикаси раҳбарларидан бири сифатида Aфғонистон амири Омонуллахон билан Россияга қарши кураш олиб бориш учун шартнома имзолайди.
Усмонхўжанинг Aфғонистонда қолиши узоққа чўзилмайди. У Ҳиндистон орқали Туркияга отланади. 1923 йил сентабрда Истанбулга етиб боради ва Туркия ҳукуматига сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилади. Усмонхўжани ўз меҳмонидек қабул қилган Мустафо Камол унга эндигина шаклланиб келаётган ёш Туркия Республикаси ҳукуматида масъул вазифада ишлашни таклиф этади. Бу таклифга жавобан Усмонхўжа бундан кейин Туркистон маданияти масалалари билан шуғулланиш мақсади борлигини айтади. Мустафо Камол Усмонхўжага маънавий ва моддий мадад беришини айтиб, унга Туркия мамлакати миқёсидаги нафақа белгилайди. Ушбу нафақани Усмонхўжа умрининг охиригача, вафотидан сўнг эса хотини оладиган бўлди.
Усмонхўжа Туркияда ўзбек ва туркий халқлар маданиятини тарғиб қилувчи, болшевикларнинг босқинчилик сиёсатини қораловчи махсус газета – “Янги Туркистон”га асос солади. Натижада Усмонхўжанинг советларга қарши ғоявий курашидан норози бўлган болшевиклар Туркия ҳукуматига тазйиқлар ўтказишни бошлайди. Усмонхўжа Туркия Вазирлар Кенгашининг қарори билан 1938 йил октабрда Туркиядан чиқиб кетади ва аввал Полша пойтахти Варшавада, Иккинчи жаҳон уруши даврида Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида яшайди. Совет жосуслари ўзбекнинг улуғини Эронда ҳам излашади. Усмонхўжа 1944 йили Туркияга қайтса-да, тақдир тақозосига кўра 1951-1957 йиллар оралиғида Покистонда яшайди ва у ерда “Туркистон” жамиятини тузади. 1957 йили яна Истанбулга қайтади ва умрининг охиригача шу ерда яшайди. Умри қўзғолонлар, миллий озодлик курашлари билан ўтган Усмонхўжа 1968 йил 28 июлда Истанбулда вафот этади.
Мухтасар айтганда, жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаларидан бири Усмонхўжа бутун умрини мустақил давлатчилигимизни тиклаш, миллий тараққиёт учун курашга бағишлади. Халқни маърифатли қилишда ташаббускор бўлди. Дастлаб Россия империяси, кейинчалик болшевиклар ҳукуматига қарши озодлик ҳаракатларида иштирок этди. 1938 йилда бошланган катта қирғин сиёсати хорижда яшаб турган Усмонхўжа Пўлатхўжаевни ҳам четлаб ўтмади. Доимий равишда совет жосуслари таъқибида бўлди. Шундай бўлса-да, ўз маслагидан ва мақсадидан воз кечмади, қисматига битилган ватанжудолик ҳасратида Туркия тупроқларида мангу қўним топди.
Дилноза ЖAМОЛОВA,
Ўзбекистон Фанлар академияси
Тарих институти докторанти,
тарих фанлари бўйича фалсафа
доктори.
