Маълумки, кунлар исиши билан бошқа ҳашаротлар каби каналарнинг ҳам уйғониши ва фаоллашиши кузатилади. Каналар ичида эса инсон ҳаёти учун хавфли бўлган Қрим-конго геморрагик иситма касаллиги қўзғатувчиларини ташувчиси бўлган иксод каналари ҳам мавжуд. Ушбу ҳолат фуқароларимиз саломатлиги муҳофазаси йўналишида самарали тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.
Гемморагик иситма – ўткир юқумли касаллик бўлиб, уни вируслар юзага келтиради. Вируснинг асосий манбаи каналар ҳисобланади. Касаллик каналар чиқиши ёки уларни қўл билан эзиш орқали юқади. Ҳайвонлар бу касаллик билан оғримайди. Бироқ, уларнинг қонида вирус клиник белгиларсиз яширин ҳолда кўпаяди. Шунинг учун касалик одамга сўйилган уй ҳайвонларининг қони орқали ҳам юқиши мумкин. Вирус паст ҳароратга ўта чидамли, бироқ юқори ҳароратда нобуд бўлади.
Геморрагик иситманинг юқиш хавфи деҳқон, чўпонлар, қўй ва эчкиларнинг жунини олувчилар ва қассобларда юқори бўлади. Вирус организмга тушиши билан касалликнинг яширин даври бошланади. Бу давр бир неча соатдан 2-7 кунгача давом этади.
Касаллик тана ҳароратининг кўтарилиши, қалтираш, мушакларнинг оғриши, кўриш қобилиятининг бузилиши ва кўздаги қон томирларининг ёрилиши оқибатида кўзнинг қизариши, баданга майда қизил тошмалар тошиши, қон тупуриш, қоринда оғриқ, баъзида эса қон қусиш, бурундан қон кетиши каби ҳолатлар билан намоён бўлиши мумкин. Агар шундай ҳолатлар кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат этиш зарур. Шифокорга қанчалик эрта мурожаат этилса, даволаниш шунчалик самарали бўлишини унутмаслик лозим.
Касалликнинг олдини олиш учун уй ҳайвонларини боқиш, сўйиш, молхонани тозалашда махсус ҳимоя кийимларини кийиш, уй ҳайвонларини каналарга текшириб туриш, каналарни зинҳор қўл билан эзиб ўлдирмасдан пинцет ёрдамида ажратиб олиб ёқиб ташлаш лозим.
Афсуски, бугунги кунда касалликка қарши махсус вакцина йўқ. Шунинг учун геморрагик иситма касаллигидан юқоридагиларга риоя этган ҳолда ҳимояланиш мумкин.
Яҳё ХОЛЛИЕВ,
туман Ветеринария бўлими мутахассиси.
