Президентимизнинг ердан, томорқадан оқилона фойдаланиш ҳақида кўп бора такрорлашлари бежиз эмас. Бунинг замирида аҳолининг бугунгидан-да тўқ ҳамда фаровон яшаши, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаб, хориж маҳсулотларига кўз тикмасдан, балки экспортни кўпайтириш, даромадни ошириш, одамларимизнинг бугунидан рози бўлиб ҳаёт кечириши ётибди. Шундай экан, бир парча ерга ҳам кўпроқ фойда келтирадиган, мўл ва харидоргир ҳосил берадиган экин экиш зарур. Бу, хонадон эгаларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондирибгина қолмай, ўзидан ортганини бозорда сотиб, моддий манфаатдор бўлишини таъминлайди. Шу боисдан ҳам бугунги кунда республикамизнинг ҳамма жойида бўлгани каби туманимизда ҳам томорқа долзарб масалалардан бирига айланган. Айни кунларда сектор раҳбарлари, бириктирилган мутасаддилар маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда маҳаллалардаги хонадонларни айланишиб, одамларнинг томорқадан қандай фойдалаётганликларини ўрганишмоқда, муаммоларини ҳал этишиб, керак бўлса кредит олишларига кўмаклашишларини айтишмоқда.

– “Ўртаовул” маҳалласидаги хонадонларда бўлганимда одамларнинг томорқага бўлган яхши муносабатини кўриб кайфиятим кўтарилди, – дейди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар бўлими раҳбари Саодат Усмонова. – Одамлар томорқасидан унумли фойдаланишга баҳоли қудрат ҳаракат қилишмоқда. Айниқса, боқувчисидан айрилган 6 фарзанднинг онаси Озода Фозилованинг хонадонида бўлганимда, бу аёлнинг сабри, шижоати, матонатига қойил қолдим. Онахон томорқасидаги 3 сотихли иссиқхонасини ҳақиқий хазинага айлантирганлигининг гувоҳи бўлдим. Озода опа бу ердан бир йилда 4 марта ҳосил олишни йўлга қўйган экан. Бугина эмас, қўшниларининг ерларини ҳам ижарага олиб, у ерда ҳам салат барги, помидор каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштираркан.
Беш қизини узатган онахон энди томорқа ишларини ўғли билан бирга бажариб, доимгидек мўл ҳосил олмоқда. Шундай меҳнаткаш, қадоқ қўллари билан хазиналар эшигини очаётган аёлларимиз борлиги билан фахрланасан киши. Бўзсувдаги “Маданият” маҳалласида ҳам ишбилармон томорқачилар жуда кўп. Бахтиёр Султонов 3 сотихли иссиқхонасига помидор экиб қўйган. Бундан ташқари 10 та қорамоли бор. Александр Гарбунов эса асаларичилик билан шуғулланади. Унинг 10 қути асалариси бор. Тожихон опа Тожибоеванинг уй-жойларининг саранжом-саришталигига ҳамманинг ҳаваси келади. Онахон томорқасига картошка, гул эккан. Зангиота қишлоғидаги “Эски қалъа” маҳалласида яшовчи Имом Алиметов 6 сотихли иссиқхонасида булғор қалампири, редиска, помидор каби экинлар етиштириб келади. Бундан ташқари у фермернинг иссиқхонасини ҳам ижарага олиб, у ерда ҳам меҳнат қилмоқда. Туманимизда бу каби томорқасидан унумли фойдаланаётган оилалар жуда кўп. Улар юртимиз иқтисодиётини юксалтиш, бозорларнинг тўкин-сочинлигига баҳоли қудрат ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Ж.ХАРАСОВА.
