Жадидлар 1916 йилда

Жадидлар 1916 йилда

1916 йил қўзғолони ўзбек халқининг миллий озодлик учун олиб борган кураши тарихининг ёрқин саҳифаларидан биридир. Нафақат Туркистон, балки Марказий Осиё ва Қозоғистоннинг ҳам кўпгина шаҳар ва қишлокларида гуриллаб ёнган қўзғолон олови, бир томондан, чор ҳокимияти ўтказган зулмнинг ҳаддан ошгани, иккинчи томондан, XX асрнинг 10-йилларига келиб мўмин-мусулмон халқларнинг ижтимоий онги ўсиб, ўз ҳақ-ҳуқуқини тиклаш ва мустамлакачилик кишанларини парчалаш учун курашга астойдил отланганидан дарак берди.

Жадидларнинг бу миллий озодлик ҳаракатига муносабати ҳақида жуда оз ёзилган. Бу оз маълумотларда ҳам уларнинг 1916 йил қўзғолонига бўлган муносабати фақат салбий баҳоланиб келинган. Ҳамза ижодининг илк тадқиқотчиларидан бири Шариф Ризо “Янги саодат курашчиси” (1939 й.) деган мақоласида мазкур масалага тўхтаб, бундай ёзган: “Кечагина “оҳ, миллатим!” деб тилини осилтириб юрган жадид зиёлилари ва ўзбек бойлари оқ подшога ўзларининг содиқликларини ва унинг “кўп йиллар” яшаши учун ҳар қандай оғир хизматга тайёрликларини билдирадилар”. Шариф Ризодан тўрт йил аввал “Жадид адабиётининг синфий моҳиятига” сарлавҳали мақоласида Ҳамид Олимжон ҳам бундай сўзларни айтган: “Бу вақтда ўзларини янгилик тарафдори, “инқилобий” халқ учун курашувчи қилиб кўрсатиб келган, ҳаммага “оч кўзингни”, деб бақирувчи жадидлар йўлда чекилиб қолдилар. Улар исёнчилар билан, инқилобий омма билан бора олмадилар.

Исёнчилар ва инқилобчиларнинг йўли ва иши улар учун ёт ва қўлдан келмайдиган бўлиб чиқди”. Атоқли шоир мазкур масала хусусидаги фикрларини жамлаб, “Қўзғолонни босиш, исённи тугатишда жадидлар чоризмга ёрдам қилдилар” деб ёзган. Шубҳасиз, бу ҳар иккала ёзувчининг жадидларни масхара қилувчи юқоридаги сўзлари совет мафкурасининг талаби билан айтилган. Агар бу ҳар иккала муаллиф жадидларнинг 1916 йил қўзғолонига бўлган муносабатлари ҳақида йўлма-йўлакай фикр билдирган бўлсалар, совет даврининг таниқли тарихчиси Мавлон Ваҳобов “Ўзбек социалистик миллати” (1960 й.) китобида мазкур масалага махсус ўрин ажратиб, жумладан, қуйидагиларни ёзган: “…туғилиб келаётган ўзбек миллий буржуазияси ва унинг мафкурачилари бўлган жадидлар 1916 йил қўзғолони даврида подшо ҳукуматига қарши чиқмадилар, аксинча, чоризм ва рус буржуазияси тарафида бўлдилар. Шунинг учун Туркистоннинг ўзбек районларидаги 1916 йил қўзғолони бир бутун халқ қўзғолонига айланмасдан, айрим шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг яккама-якка чиқишидан иборат бўлиб қолди…

Ўзбек миллий буржуазияси қўзғолонга раҳбарлик қилган тақдирда қўзғолон катта ютуқларга эришиши мумкин бўларди”. М.Ваҳобовнинг зикр этилган китобидан кейин кечган вақт мобайнида жадидчилик ҳаракати ва унинг намояндалари оқланибгина қолмай, уларнинг ижтимоий, адабий ва маданий-маърифий фаолияти тўғрисида кўплаб китоб, рисола ва мақолалар яратилди. Аммо уларда жадиддарнинг 1916 йил воқеаларига муносабати масаласига аниқлик киритилди, дейиш қийин. Жадиддар Туркистоннинг XX асрдаги ижтимоий-маданий ҳаётида қанчалик муҳим ўрин тутган бўлмасин, уларнинг сиёсий партияга хос белгилар – раҳбарлик қилувчи марказ, қатъий ҳаракат дастури, низом ва аъзоларга эга бўлмаганини назардан қочирмаслик лозим. Жадидчилик ҳаракати 1905-1917 йилларда янги мактаб, матбуот, адабиёт ва театр, шунингдек, намойишларни ташкил этиш орқали халқ оммасига муайян таъсир ўтказди. Лекин бу таъсир доирасига халқ оммасининг барча қатламлари жалб этилди, дейишга асос йўқ.

Шунинг учун ҳам на қуролли кучлари, на бошқа имкониятлари бўлган жадиддарнинг қўзғолоннинг пировард такдирини била туриб, унга раҳбарлик қилишлари мумкин эмас эди. Тўғри, жадидлар “оқ подшо”нинг мардикорликка олиш ҳақидаги фармони муносабати билан стихияли бошланган қўзғолондан четда туришлари, уни кўрмасликка олишлари мумкин эмас эди. Шунинг учун ҳам улар қўзғолоннинг дастлабки даврида исёнчилар тарафида бўлдилар, ҳатто уларнинг хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб турдилар. Лекин Туркистонда ҳарбий ҳолат эълон қилиниши билан аниқ ҳаракат дастурига эга бўлмаган омманинг стихияли ҳаракати кўнгилсиз оқибатларга олиб бориши мумкинлигини яхши билган жадиддар исёнчиларга раҳбарлик қилишни ўз зиммаларидан соқит қилиб, қўзғолонни тинч ўзанга буриб юборишга уриндилар. Бунинг, шубҳасиз, бир неча сабаблари бор. Биринчидан, масалан, 11 июль куни Тошкентда бўлиб ўтган қўзғолон оқибатида қўзғолончилардан 11 киши ҳалок бўлган, 15 киши эса жароҳат олган. Қўзғолончилар бошқа шаҳар ва қишлоқларда ҳам шундай талофат кўрганлар. Иккинчидан, содир бўлган вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқчи бўлган уламо қўзғолонга диний тус бермоқчи бўлиб, халқни ғазоватга чақирган.

Ғазоват жазавасига тушган омманинг эса ўзини ҳам, “оқ подшо” фармонига алоқаси бўлмаган рус аҳолисини ҳам хонавайрон қилиши ҳеч гап эмас эди. Учинчидан, вазиятнинг жиддий тус ола бошлаганини кўрган Туркистон генерал-губернаторлиги 17 июль куниёқ ўлкада ҳарбий ҳолатни жорий этди. Фавқулодда ваколатга эга бўлган маҳаллий маъмурият оммавий тартибсизликда иштирок этган ҳар бир кишини ҳарбий ҳолат қонунларига кўра қаттиқ жазолаши мумкин эди. Тўртинчидан, Туркистонга шу кунга қадар раҳбарлик қилган генерал-губернатор аҳоли билан пачакилашишда айбланиб, унинг ўрнига Ўрта Осиёни забт этишда иштирок этган генерал-адъютант А.Н.Куропаткин генерал-губернатор этиб тайинланган ва унга фавқулодда ваколатлар берилган эди. Бешинчидан, чор ҳокимияти қўзғолонни бостириш учун ўлкадаги мунтазам қуролли кучлардан ташқари, яна 14 та батальон, 33 та казак ҳарбий қисми, 42 та тўп ва 69 та пулемёт жўнатган эди. Ана шундай шароитда жадиддарнинг 1916 йил қўзғолонига бошчилик қилишлари халқ оммасини жар ёқасига етаклаш билан баравар эди

(Давоми бор.)
Наим КАРИМОВ,
Филология фанлари доктори, профессор