Гулзору теракзор

Гулзору теракзор

27-мактабга бориб қолсангиз, ўзингизни нақ гулзорга тушиб қолгандек ҳис этиб, вужудингизда ўзгача кайфият уйғонади. Туваклардаги бири-бирини такрорламас анвойи гуллар хаёлингизни ўғирласа, ҳовлидаги гулзор “менга ҳам қиё боқинг”, дегандек чиройли жамолини кўз-кўз қилади. Бу гуллар эса четдан келтирилмаган, уни мактабнинг аҳил жамоаси ўз қўллари билан етиштиришган. Мактабнинг 1 сотихча келадиган иссиқхонасида етиштирилган календула кўчатлари мактаб ҳовлисини безаши ҳам бор гап. Бу ишларда ўқитувчилар ўқувчиларга ўрнак. Қайси ўқитувчи билан суҳбатлашманг: “Жаҳонгир устоз барча ишларга бош-қош”, – дейишади мамнуният билан. Аҳил жамоа бундан уч йил аввал ўқувчилари билан мактаб ҳудудига 300 та терак қаламчалари экишганди. Улардан 191 та терак бўй чўзди. Бу йил эса ўзлари етиштирган терак кўчатларини ўйингоҳ атрофларига экишди. Яхши ниятлар билан ерга 400 туп терак қаламчалари қадашди. Бир сўз билан айтганда, мактаб жамоаси мактабни “яшил” макон”га айлантиришда давом этмоқда.

Ж.АМИРОВА.