Жадидлар 1916 йилда

Жадидлар 1916 йилда

(Давоми. Боши ўтган сонда.)

М.Ваҳобов давом этиб, ёзган: “Миллий буржуазиянинг қўзғолон вақтида қилган хоинлиги жадидларнинг хулқ-атворида очиқ намоён бўлди. Жадидлар 1916 йил қўзғолони даврида халқ ўртасида подшо фармонига сўзсиз бўйсуниш, фронт орқасидаги районларда ишлаш учун мардикор бериш тўғрисида пропаганда юргиздилар. Улар шаҳарларда мардикор олишга ёрдам комиссиялари туздилар. Бу комиссиялар мардикор ёшидаги кишиларни рўйхатга олиш, мардикорга юбориш учун одамлар ёллаш, халқни қўзғолон кўтаришга чақирган кишиларни тутиб бериш каби ишларни қилдилар…” Совет тарихчисининг жадиддар шаънига айтган узундан-узоқ айбномасини шу ерда кесиб, қуйидаги далилларни тарих факти сифатида келтиришни хоҳлардим. Тарих фанлари доктори, таниқли олим Ҳамид Зиёев “Туркистонда Россия тажовузи ва ҳукмронлигига қарши кураш” (1998) деган китобида 11 июль куни Тошкентда рўй берган воқеаларни шарҳлаб, бундай маълумотни берган: “…

Халойиқ полиция бошқармасининг мирзаси Терентьевнинг бошини жароҳатлаган. Тошбўрон орқасида Себзор даҳасининг миршаби Саид Исмоилжонов, Шайхонтоҳур даҳасининг миршаблари Тиллахўжа Эшмуҳамедов ва Дониёрхўжа Исахўжаев ҳам ярадор қилинади. Аскарлардан уч киши жароҳатланади. Оломон бошқарма идорасини тошбўрон қилиб, унинг дераза ва эшикларини синдиради. Шу пайтда хотинларнинг қўзғолонга қатнашаётганини қоралаган Обид уста Азизхўжаев калтакланади. Бу киши шаҳар касалхонасида ўлган. Прокурор айбномасида шу ҳақда бундай дейилган: “Марҳум Обид уста Азизхўжаевнинг укаси 11 июль куни касалхонага борганида, акаси жон беришдан олдин шундай дейди: “Мен полиция бошқармасининг тагида туриб, шовқин-сурон кўтариш ва тошбўрон қилиш эркаклар турганда хотинларга муносиб эмас, дедим. Шу ондаёқ кишилар ва хотинлар мени кўчага судраб олиб чиқишди. Бу ерда кимлардир биқинимга пичоқ урди”. Бу хотирада тилга олинган Обид уста Азизхўжаевнинг жадидларга ҳеч бир алоқаси йўқ. Биз унинг “шовқин-сурон кўтариш ва тошбўрон қилиш эркаклар турганда хотинларга муносиб эмас”, деган сўзларини оқламоқчи ҳам, қораламоқчи ҳам эмасмиз.

Муддаомиз – қўзғолончиларнинг тахминан шундай сўзларни айтиши мумкин бўлган жадидларга ҳам шу тарзда муносабатда бўлганларини қайд этишдир. Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романидаги қўзғолончиларнинг шундай сўзларни айтган Абдушукурга бўлган муносабатини эсланг. Обид устанинг ҳам, жадидларнинг ҳам қўзғолонни тўғри ўзанга йўналтирмоқчи бўлганларини хоинлик деб баҳолаш тўғри эмас. Қуролсиз, уюшмаган, ғоявий раҳбарига эга бўлмаган ёки унга бўйсунмаган омманинг исён кўтариш йўли билан “оқ подшо”нинг фармонини бекор қилиши амримаҳол эди. Шунинг учун ҳам жадиддар қўзғолонга раҳбарлик қилишни эмас, балки мардикорликка олиш билан боғлиқ айрим муаммоларни ҳал қилишни ўз зиммаларига олдилар. Негаки, маҳаллий маъмурият ходимлари ҳам, қўли узун бойлар ҳам бева-бечораларнинг фарзанддарига кўз олайтирган ҳоллар оз бўлмади. Халқ манфаатларини ҳимоя қилиш учун, ҳатто, Петербургга ҳам мурожаат этиш зарур бўлиб қолди. Шундай ҳолларда халқ дардига малҳам бўлиш мақсадида “Туркистон мардикорликка олиш комитети” ва унинг шаҳар бўлимлари тузилди.

Тошкент жадидларининг сардори Мунаввар қори Абдурашидхонов ана шу комитетга раис ўринбосари этиб сайланди. У шу лавозимни эгаллаган киши сифатида чор ҳокимияти олиб бораётган сиёсатнинг нотўғрилигини халққа тушунтириш билан бирга мураккаб масалаларни ҳал этиш учун Петербургга вакил юбориш ишларида фаол қатнашди. Ўша кезларда А.Ф.Керенский раҳбарлигидаги Давлат Думаси комиссиясининг Туркистонга келиши Убайдулла Хўжаев ва Мунаввар қори Абдурашидхоновларнинг ташаббуси билан амалга оширилди. Журналист ва таржимон Наим Саиднинг “Ҳамза Ҳакимзодани эслаганда” (1929 й.) деган мақоласида мардикорларнинг Россияга юборилган дастлабки гуруҳлари (тўдалари) тўғрисидаги бундай сўзларини ўқиймиз: “Биринчи тўда учун Қўқон “халқи” томонидан тўпланган ишчилар (мардикорлар – Н.К.) сафида шаҳарнинг ҳамма “яланг оёқ” фақирлари жўнатилган эди. Иккинчи тўда учун сотиб оларлик бева-бечораларнинг ўғиллари кифоя қилмайди, балки йўқ. Аввалда юз-юз эллик сўмга топилган “бекорчи” йигитларни ҳозир минг сўмга ҳам топиб бўлмайди.

Бойваччаларни юборишга оталари розилик бермайдилар, бундай ишчи кучи танқислиги шаҳар амалдорларини тараддудга солиб қўйди. Лекин бойларнинг чўнтаклари қулай чора топиб берди. Шаҳар катталари, амалдорлари бирлашиб, ҳам маҳаллада бўлган ўртаҳол фуқарони, уларнинг болаларини тўғридан-тўғри чақириб, мажбурий юборишга қарор қилинди… Катта пулдор ва мулкдорлар тарафидан майда косибларга, деҳқонларга бўлган ҳужумга тоқат қила олмаган баъзи зиёлилар бундай нотўғри сиёсат ҳақида марказга – Петроградга (Петербургга демоқчи. – Н.К.) хабар бериб, ундан комиссия келтиришга муваффақ бўлдилар. Бу комиссия келган куни шаҳарнинг бутун амалдорларини ўрнидан бекор қилиб, подшонинг “адолати”дан халқни маҳрум қилганларга жазо берилишини эълон қилдилар…” (Давоми бор).

Наим КАРИМОВ,
Филология фанлари доктори, профессор.