“Китоблар жонсиз, аммо содиқ дўстлардир”, деганида Виктор Гюго нақадар ҳақ эди. Китоб одамга оқ-қорани танитади, яхшилик ҳамиша ёмонликнинг устидан ғалаба қилишини ўргатади, ҳаёт сабоқларидан ҳикоя қилади, одамни эзгу ишлар қилишга чорлайди, ҳаётдан ўз ўрнини топишига ёрдамлашади. Китобни содиқ дўст, энг тўғри йўл кўрсатувчи устоз, деб биламиз. Китоб ўқиб катта бўлган фарзанд келажакда қоқилмай яшайди, ҳаётдан ўз ўрнини топиб кетади. Шу боисдан ҳам юртимизда кейинги йиллар ичида Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш йўналишида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Зеро, “Китоб бизни ердан кўкка кўтарадиган, баркамоллик сари етаклайдиган, қалбга ёруғлик бахш этадиган, оқ билан қора, яхшилик билан ёмонликни фарқлашга ўргатадиган инсониятнинг энг ноёб кашфиётидир”, деган эди давлатимиз раҳбари.

Кейинги йиллар ичида туман марказий кутубхонаси ва мактаблардаги кутубхоналар, маҳалла фуқаролар йиғинлари идораларида ташкил этилган кичик кутубхоналар адабий-бадиий, илмий, сиёсий китоблар билан бойиб бормоқда. Айниқса, мактабларда бўлиб ўтадиган “Фарзандимга китоб совға қиламан” шиори остида ташкил этилаётган китоблар савдо ярмаркалари мактаблар кутубхоналари китоб захирасини оширишга хизмат қилмоқда. Ана шундай китоб савдоси куни кеча 22, 36-мактабларда бўлиб ўтди. Унда иштирок этган ота-оналар фарзандлари ва мактаб кутубхонаси учун кўплаб китоблар сотиб олдилар. Бундай ярмаркалар бошқа мактабларда ҳам бўлиб ўтмоқда.
Ж.АМИРОВА.
