“Жадидчилар” ва “Қадимчилар” бир-бирига душман бўлганми? – Инкор ва муштарак мақсадлар

“Жадидчилар” ва “Қадимчилар” бир-бирига душман бўлганми? – Инкор ва муштарак мақсадлар

Туркистоннинг зиёли уламолари орасида “жадидчилик” ва “қадимчилик” сингари икки ғоявий оқимга ажралиш ўлкада кучли ижтимоий-сиёсий жараёнлар авж олган палла – XIX аср охири – XX аср бош­ларида содир бўлди. “Қадимчилик” ёки кейинги пайтларда илмий муомалага киритилган “анъанавийчилик”ни мусулмон жамоасининг асрлар давомидаги ривожи жараёнида шакл­ланган диний, маънавий ва миллий қадриятларни, ижтимоий институтларни асл ҳолатида сақлашга йўналтирилган ўзига хос мафкура дейиш мумкин.

“Қадимчилик” вакиллари якка шахс­лар онгига эмас, балки бир неча авлодлар тажрибаси билан суғорилган жамоатчилик онгига мурожаат қилган ҳамда ўтмишдаги алломаларнинг бой мероси, анъаналарининг (асосан исломий илмлар ва ақидалар билан боғлиқ) инкор қилиниши жамиятни маънавий таназзулга олиб келади, деб ҳисоблаган. Улар шариат меъёрларини халқ турмуш тарзида қатъий равишда сақлаб қолишни рус маъмуриятининг шовинистик сиёсатига, православ миссионерлик ҳаракатига ва баҳоийликка ўхшаш бошқа оқимларнинг тарқалишига қарши муҳим тўсиқ деб билардилар, “ҳар мўмин муслимнинг керак диний тараққийси бўлсин, керак дунёвий таолийси бўлсин шаръан илм ва амалсиз мумтаниъул вуқуъи (мислсиз қоқилиш) бир ҳақиқатдир”, деб эътироф этадилар. Бунга муайян асослар ҳам бор эди.

Шариатни миллий-анъанавий қад­риятларни сақловчи восита, деб билиш ҳақидаги фикр фақатгина “қадимчилар” орасидаги ғоя бўлмай, балки бундай нуқтаи назарни баъзи жадид намояндалари қарашларида ҳам кўриш мумкин. Яъни айрим жадидлар ҳам ўз фаолиятларини шариатдан четга чиққан ҳолда тасаввур этган эмаслар. Маиший турмушни, миллий урф-­одатларни ислоҳ қилиш борасида жадидлар талайгина ишларни амалга оширди.

Маросимлардаги дабдабабоз­лик ва исрофгарчиликларни кескин танқид қилишди. М.Беҳбудий “Ойина” журналининг 1913 йил 6-7-сонларидаги “Аъмолимиз ёинки муродимиз” мақоласида мусулмонларга қарата “Кулу ва ишрабу ва ло тусрифу” оятига риоя қилган ҳолда исрофгарчиликка йўл қўймасликка чақиради. “Тўй ва таъзия­га сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб (қисқа фурсатда) оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар”, дейди. Кейинчалик 1917 йили ҳатто “Шўрои Исломия” ташкилоти ҳам бу хусусда махсус қарорнома ҳам чиқарди.

Шу билан бирга тараққийпарвар уламолар асрий миллий қадриятлар ҳамда маҳаллий аҳолининг менталитетига хос ахлоқ-­одоб меъёрларининг ҳимоячиси бўлиб чиқдилар. Бу хусусда маърифатпарварлардан Чўлпоннинг қуйидаги сўзлари фикримизнинг далилидир: “Эй қариндош­лар… катта илтимосимиз шулдурки, Оврўпанинг мўдосидан, шишасидан, бузуқ ахлоқидан намуна олмасдан ва бунларға бул жиҳатдан тақлид қилмасдан, балки илм, фан, ҳунар, саноатга ўхшашлик маданиятлардан намуна олиб, бул жиҳатдан тақлид қилмоқимиз лозимдур. Оврўпонинг мўдоси ва бузуқ ахлоқи сизларни хонавайрон, беватан, асир-қул қиладур. Бундан сақланингиз!”.

М.Беҳбудий мусулмонлар барча нарсани шариат қолипига солиб, илм ва тараққиётда бошқа халқларга нисбатан анча ортда қолиб кетганликларидан изтиробга тушади. Самарқанд муфтийси бўлган Беҳбудий ислом ақидалари ҳамда шариат қонунларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб мусулмонларга зуғум қилаётган баъзи эшон ва муллалар, “қадимчи” уламоларни қаттиқ қоралайди. Ҳақиқий “уламо” барча мусулмонлар ҳаётини муфовиқлаштириб турувчи ижтимоий куч бўлиши керак, деб ҳисоблайди. “Уламолар ва ҳар бир миллатнинг ақлий меҳнат билан шуғулланувчи шахслари, – деб ёзган эди М.Беҳбудий, – ўз миллатларининг келажакдаги йўлини кўрсатиб беришлари, маслаҳатлар беришлари, урф-одатлар ислоҳоти учун масжидларда ваъз-насиҳат қилишлари, мактаб ва мадрасаларда бу дунё ҳамда охиратда керакли бўлган илмларни ўргатишлари; газета ва китоблар ёрдамида миллатни қай тарзда бой қилиш тўғрисида мулоҳаза ва мубоҳасалар қилишлари керак”.

(Давоми бор)

Мурод ЗИКРУЛЛАЕВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Қатағон қурбонлари хотираси давлат
музейи директорининг илмий
ишлар бўйича ўринбосари.