Ҳуқуқий эслатма

Ҳуқуқий эслатма

Даъво муддати 3 йилга туширилади

2023 йил 4 сентябрда Президентимизнинг “Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-292-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга кўра, камерал солиқ текширувини ўтказишда солиқ тўловчининг ҳудудига кириш, солиқ тўловчининг ҳудудини ва биноларини кўздан кечириш, солиқ тўловчининг ҳужжатларини талаб қилиб олиш ва уни чақиртириш, солиқ тўловчининг ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш тақиқланади.

2024 йилнинг 1 январидан иқтисодий судлар томонидан солиқ органлари иштирокида кўрилаётган ишлар маъмурий судлар юрисдикциясига ўтказилади. Солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати эса, 5 йилдан 3 йилга туширилади. Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларга ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредитлар бўйича фоизлар неустойка ҳисоб­ланиши тўхтатилади. Тўлов миқдори кредит мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаганда, маблағларни биринчи навбатда мутаносиб равишда муддати ўтган асосий қарз ва фоиз қарздорликларини, иккинчи навбатда жорий тўлов учун ҳисобланган фоизлар ва асосий қарзни, кейинги навбатларда неустойка ва ижро харажатларини қўллашга йўналтириш тартиби ўрнатилади.

“Аҳоли саломатлиги – 2030”
миллий стратегияси ишлаб чиқилади

Президентимизнинг шу йил 7 сентябрдаги “Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази – Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти этиб қайта ташкил этилди. Институтнинг асосий вазифаларидан бири соғлом турмуш тарзини шакллантириш, юқумли бўлмаган касалликлар­га қарши курашиш ҳамда олдини олиш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳисоб­ланади. Ушбу Фармонга кўра, 2024-2026 йилларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тўғри овқатланишни тизимли тарғиб этиш ва оммалаштириш дас­тури, жорий йил якунигача “Аҳоли саломатлиги – 2030” миллий стратегияси ишлаб чиқилади. Шунингдек, 2026 йил якунигача тиббий суғурта респуб­лика бўйлаб тўлиқ жорий этилади.

Давлат хизматлари кўрсатишда янги тартиб

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 августдаги 435-сонли қарори билан Давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Ушбу Регламентга кўра, давлат хизматлари Адлия вазирлигининг Алоқа марказига (“Call-марказ”) ёки унинг расмий веб-сайтига мурожаат этиш орқали кўрсатилади. “Call-марказ” орқали сўровномалар соат 09:00 дан 18:00 гача иш вақти давомида қабул қилинади. Расмий веб-сайт орқали сутканинг исталган вақтида мурожаат этилиши мумкин. Давлат хизматларини кўрсатиш вақти Давлат хизматлари марказлари (ваколатли орган)нинг иш вақти доирасида белгиланади.

“Call-марказ” масъул ходими ариза берувчи номидан сўровномани тўлдиради ва сўровномадаги маълумотлар тасдиқлангандан сўнг ариза берувчига тўлов инвойсини юборади. Сўнг масъул ходим ариза берувчи билан телефон орқали боғланиб, сўровномада кўрсатилган жойга чиқади ҳамда махсус техник қурилмалар ёрдамида (планшет ёки компьютерга ўрнатилган дактилоскопия, принтер ва бошқалар) давлат хизматини кўрсатади ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза (сўровномада белгиланган муддатларда) юборади.

Давлат хизматларини жо­йига чиққан ҳолда кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланишга ариза юбориш учун Тошкент шаҳрида БҲМнинг 50 фоизи, вилоят марказларида БҲМнинг 40 фоизи, туман (шаҳар)ларда БҲМнинг 30 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилади. Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар, соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил ҳаракатланиш имконияти чекланган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўлов ундирилмайди.

Шунингдек, ушбу Регламент миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришга, Ўзбекистон фуқароси, Ўзбекистонда доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи ID-картасини ҳамда хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришга ҳамда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишга нисбатан татбиқ этилмайди. Давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатиш жорий йилнинг 1 октябридан амалга оширилади.

Фазилат ХУДАЙБЕРГАНОВА,
туман Адлия бўлими юридик хизмат
кўрсатиш маркази
бош юрисконсульти.

* * *

Эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ва автомототранспорт рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни мажбурий алмаштириш муддатлари белгиланган. Шунга кўра, 2013-2015 йилларда берилган ҳайдовчилик гувоҳномаларини 2023 йил 30 сентябргача янгисига алмаштириш керак. Ушбу муддатгача алмаштирилмаган гувоҳномалар ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади.

*  *  *

Қонунчиликка кўра, транспорт воситалари тезлигини:
аҳоли пунктларида соатига 70 километрдан;
мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари атрофидаги йўлларда 300 метргача бўлган масофада 30 километрдан;
тураржой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) соатига 20 километрдан;
Нукус ва Тошкент шаҳарларида, вилоятлар ва туманларнинг марказларида, шунингдек, шаҳарлар ҳудудларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 60 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.

*  *  *

Йўловчи транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда салондан тана қисмларини (қўлдан ташқари) чиқариши тақиқланади. Бу талабнинг бажарилишини ҳайдовчи назорат қилиши керак. Транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда йўловчи томонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) салондан чиқариш БҲМнинг бир баравари миқдорида  жарима солишга сабаб бўлади

*  *  *

Қонунчиликка кўра, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат боғчалари ва мактабларга нав­батга қўйилмасдан жойлаштирилади. Уларга техникум, коллеж, академик лицей ёки ОТМда ўқиётганда ҳар ўқув йилида 1 маротаба ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш учун БҲМнинг 5 баравари (1 млн. 650 минг сўм) миқдорида субсидия берилади. Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўқишни давлат ОТМларида давом эттирганда уларга стипендия 50 фоизга оширилган ҳолда тўланади.

*  *  *

Тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш:
БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима;
360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш;
3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди.

Саид ҲАСАНОВ
тайёрлади.