Инсонларни зарарли хабарлардан муҳофаза қилиш керак! – дейди Фозилжон Алимов

Инсонларни зарарли хабарлардан муҳофаза қилиш керак! – дейди Фозилжон Алимов

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгашининг 2023 йил, 27 майдаги қарорига кўра, тумандошимиз – нуроний отахон Фозилжон Алимов “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шу муносабат билан отахонни суҳбатга чорладик.

– Отахон, аввало, мукофот муборак бўлсин. Ҳаёт йўлингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Бир сўз билан айтганда, дилимдан шукроналик кечди. Шу ёшга соғ-омон етказгани, элнинг назарида юргазгани учун Яратганга минг шукрлар айтдим. Бу кунларга етиб келгунча босиб ўтилган йўлнинг эса бир текис эмаслиги ўзимга, яратганга аён. Биз асли ҳам зиёли, ҳам деҳқон оиласиданмиз. Ака-укаларим ҳаммамиз олий маълумотлимиз. Давлат ишида ишлаган бўлишига қарамай, деҳқончиликни ҳам ташлаб қўйишмаган. Ота-боболаримиз қулупнай нави кўпайтирган инсонлар бўлишган, қулупнай навларини етиштириши билан туманда ном қозонишган. Мени ҳам шундай танишади. Бу револуциядан олдинги, юз йилдан олдинги гаплар, жараёнлар. Қулупнай навини кўпайтириш ота-боболардан қолган мерос иш. Қулупнай етиштириб сотиш тадбиркорликнинг бир тури.

Ўзим ҳам давлат ишида ишлаб, шанба-якшанба кунлари, ишдан кейин, таътил пайтлари деҳқончилик қилганман. Қулупнай бизни бой қилган. Қулупнай орқасидан уй-жой, машина олганмиз, тўйлар қилганмиз. Биринчи машинам русуми “Москвич” эди. Маҳаллада биринчилардан бўлиб машина минган эдим. У пайтлар саноқли хонадонларда машина бўларди. Лекин машинамиз бутун қўни-қўшнига хизмат қиларди. Ҳар доим 20 литр бензинни захирада олиб қўярдим. Қайсидир қўшни кечки пайт оғриб, бетоб бўлиб қолса, машинага эҳтиёж бўлади. Агар қўшним машинага зарурияти бўлиб чиқса-ю, менда бензин тамом бўлган бўлиб, ёрдам қўлини чўза олмасам, ўзим хафа бўлиб кетардим. Бу жуда оғир. Шунга бензинни асраб қўярдим. Ҳозир кўчага чиқсам маҳалладаги аксар ёшлар “дода” деб чақиради. Сабаби мен уларни ота-онасига вақтида ёрдам қилганман.

– Тарбия ҳар доим долзарб масала бўлган ва ҳозир ҳам шундай. Бу амаллар сизга берилган яхши тарбия боис, шундай эмасми?! Сиз уни кейинги авлодга қандай етказаяпсиз?

– Тарбиядаги асосий масала – меҳр. Фарзандга меҳр берилса, уни жазолашга ҳожат қолмайди. Айтиладики, ўн икки ёшгача илмга ва меҳнатга солиш керак. Ўн иккидан то вояга етгунча фарзандингиз билан дўст бўлинг. Уёғидан қўрқмаса ҳам бўлади. Шу ёшга кириб ичмадим, чекмадим. Фарзандларим ҳам худога шукр ақлли, ҳушли. Етти нафар фарзандим бор. Зиёли инсон бўлиб улғайишди. Бугунгача эришган ҳамма яхши нарсаларимиз ҳалоллик ортидан. Ҳалолликда ҳикмат кўп. Дастлаб Чилонзор, кейин Учтепа туманида ишладим. Асосий меҳнатим Зангиота туманига сингди. Туман Фавқулодда вазиятлар бўлимини бошқардим.

– Касбдаги қалтис вазиятлар ҳам бўлгандир?

– Албатта. Иш вақтида қалтис вазиятлар, оғир шароитлар кўп бўлган, сув тошқини, зилзила воқеаси, касалликлар тарқалиши, оммавий заҳарланишлар. Вазиятлар жиддий тус олса, қутқарув ва тиклаш ишларига масъул бўлиб туриларди. Вертолётдан пахтага дори сепилган пайтларда заҳарланишлар кузатилган. 1980 йил Назабекда бўлган 7 баллик зилзилада уйлар ёрилиб кетган. Аҳолини палатка ва вагонларга олиб чиққанмиз. Бир йили қиш қаттиқ келиб, қалин қор ёққан. Қор довон(тунел)ни босиб қолган.

Оғзи қор билан ёпилиб қолган тунелни қалин қордан тозалаб, ичида машинада қолиб кетган инсонларни қутқарганмиз. Қутқарувчининг ўзиниг ҳаёти хавф остида турган ана шундай оғир, қалтис вазиятларда қутқарувчидан инсонни қадр­лаш, ҳар бир инсонни худди ўзингдек кўриш талаб этилади. У ҳам совуқ қотяпти, уни ҳам худди сиз каби оиласи, фарзандлари уйга қайтишини кутиб ўтирибди. Сабр, уқув, яхши малака туфайли қанчадан қанча инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиб дуосини олганмиз…

– Мана шунинг учун ҳам соғлом, бахтли кексалик гаштини суриш насиб этаяп­ти…

– Балким, бундан ташқари соғлом турмуш тарзига риоя этиш, спорт билан шуғулланиш, шиддат билан ривожланаётган замонамиз билан ҳамнафас яшаш ҳам инсонга куч беради, ҳаётини қизиқ, мазмунли ўтишини таъминлайди. Кексаман демайман, ижтимоий тармоқда фаолман, набираларим, ёшларни ҳам интернетдан тўғри фойдаланишга ўргатаман, тушунтираман, айниқса, барча билим манбаи бўлган китоб билан ошно бўлишлари – кўп ўқишлари шартлигини таъкидлайман. Ахир улар келажагимиз. Юртимизнинг равнақи, фаровонлиги бугунги ёшларимиз қўлида. Илоҳим жаннатмакон юртимизга кўз тегмасин. Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлган ёшларимиз соғ-омон бўлсин.
– Самимий суҳбат учун ташаккур.

Суҳбатдош
Нафиса Каримова.