“Мевалар шоҳи” анор

“Мевалар шоҳи” анор

Қадимий афсоналарда кузнинг хушхўр неъмати – анор “мевалар шоҳи” дея эътироф этилган. Табобатда анорнинг фойдалилиги тан олинган бўлиб, унда организмнинг яхши фаолият кўрсатиши учун барча керакли витаминлар мавжуд. Шуни айтиб ўтиш жоизки, анор овқат рационига киритилган бўлса ва уни истеъмол қилиб турилса юрак хасталиклари юзага келишини ва аёллар кўкрак раки олди олинган бўлиши мумкин. Анор доналари эса юқори босимли касаллар учун жуда фойдали, у босимни секин-аста тушишига ёрдам беради. Анор таркибида дезинфекция таъсирини кўрсатувчи моддалар бўлиб, у ичак бузилишлари, ич кетишига қарши курашишда ҳам ёрдам беради.

Анор ёшлик меваси, деб аталади. Бу унинг таркибидаги антиоксидантлар миқдорининг кўплиги билан боғлиқ. Терингиз ёғли, юзингизда ҳуснбузар кўп бўлса, анор доналарини эзғилаб ниқоб тайёрланг. У иштаҳани очади. Овқат ейишни хоҳламайдиган болаларни анор билан сийланг. Тишингиз оғриб қолса, анор ва унинг пўстлоғини асалга аралаштириб, истеъмол қилинг. Шунингдек, ангина, фарингит, гингивит, стоматит, бронхиал астма касалликларида даво бўлади. Анор томоқ оғриғини қолдириб, оғиз бўшлиғидаги инфекцияларни ўлдиради. Анор сокини қўшиқчи ва нотиқлар мунтазам ичиб юришса, овоз тиниқлашиб, янада жарангдор бўлади.

Радиоактив нурларга яқин жойда яшовчи ва шундай шароитда ишловчилар анорни кўп истеъмол қилиш­лари керак. Чунки бу мева организмни зарарли нурлардан ҳимоялаб туради. Гижжалардан қутулиш учун 40-50 гр. майдаланган анор пўстлоғини 400 г совуқ сувга солинг ва 6 соатдан кейин суюқликнинг ярми буғланиб кетгунча паст оловда қайнатинг. Қайнатмани оз-оздан бир соат давомида ичинг. Шуни эслатиб ўтиш керакки, ошқозон яра касаллиги мавжуд инсонларга анорни истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Чунки у жуда ҳам нордон ва кислоталидир. Харид қилаётганда адашманг! Ўртача ва катта ҳажмдаги, нисбатан оғир, қаттиқ анорни танланг. Унда яра-чақалар йўқ бўлсин. Ширин анор коптокдек думалоқ эмас, бироз япасқи, четга қийшайган бўлади. Анорнинг усти қуруқ, ичи сувли бўлиши керак.