Хавфсиз маҳалла – фаровон оила

Хавфсиз маҳалла – фаровон оила

Яқинда Олмалиқ шаҳрида ички ишлар идоралари ҳудудий инспекторлари ўртасида ўтказилаётган “Намунали ҳуқуқ-тартибот маскани” кўрик-танловининг Тошкент вилоя­ти босқичи бўлиб ўтди.

Республика Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, республика Маънавият ва маърифат марказининг қўшма қарорига асосан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлиги ва Ички ишлар бошқармаси масъул мутасаддилари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари ҳамда профилактика инспекторлари иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда осойишта ва хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарлик содир этган ёки жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган фуқаролар билан тизимли ишлаш, ёшлар билан манзилли тарбиявий ва профилактик чора-тадбирларни самарали йўлга қўйиш борасидаги саъй-­ҳаракатлар хусусида тўхталиб ўтишди. Танлов натижаларига кўра, 1-ўрин Зангиота, 2-ўрин Юқори Чирчиқ, шунингдек, 3-ўрин Олмалиқ шаҳар маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари вакилларига насиб этди.

Ҳакамлар ҳайъатининг якуний қарори асосида кўрик-танловнинг вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаган туманимиз вакили, “Аҳмад Яссавий” маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори, капитан Сирожиддин Пирметов ушбу нуфузли танловнинг респуб­лика босқичида вилоятимиз шаънини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Шунингдек, тадбир доирасида, энг фаол маҳалла фуқаролар йиғини раиси, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси, сектор раҳбарлари ҳамда пат­рул-пост хизмати инспек­тори ва йўл-пат­рул хизмати инспекторлари, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар ҳам муносиб рағбатлантирилди. Танлов давомида ташкилотчилар томонидан ғолиб ва совриндорларга фахрий ёрлиқ ҳамда пул мукофотлари топширилди.

Саид ҲАСАНОВ.