Цитрус оққаноти хавфлими?

Цитрус оққаноти хавфлими?

Цитрус оққаноти тенг қанотлилар туркумининг алейродид ёки оққанотлилар оиласига мансуб цитрус ва субтропик минтақа ўсимлик­лари учун жуда зарарли ички карантин зараркунанда ҳисобланади. Кунлар исиши билан қиш­лаган личинкалар баҳор ойларида ривожлана бош­лайди, ўлчами катталашади, танаси сариқ рангга киради. Кўзлари катталашиб тўқ қизил рангга киради. Оёқлари катталашиб қанотлари ривожланади. Пупарий ҳолатида оққанот кўпгина заҳарли кимё­вий препаратлар ва мойли эмулсиялар таъсирига чидамли бўлади. Қизил кўзларининг пайдо бўлиши капалакнинг учиб чиқишига 5-6 кун қолганини билдиради. Пупарий оққанот личинкасининг охирги қобиғи ҳисобланади. У энига ва ёнига ёрилиб Т-симон ёриқ ҳосил қилади ва бу ёриқдан етилган оққанот ташқарига чиқади.

Битта урғочи оққанот 125 тагача тухум қўяди. Уларни баргларнинг орқа қисмига жойлаштиради. Баъзи ҳолларда битта баргда бир неча мингта тухумни учратиш мумкин. Пупарийлар тухумларнинг қобиғи оққанотлар очиб чиққандан сўнг баргларда бир йилдан ортиқ ёпишиб туриши мумкин. Декабрь ойига келиб пупарийлар чиқа бошлайди ва кейинги ойларда уларнинг сони кўпая боради. Қиш ойларида асосан цитрус дарахтларида қишлайди. Катта ёшдаги цитрус оққанотлари узоққа учолмайди, улар дарахт шохларида ёпишиб туради, аммо шамол ёрдамида, кийимлар, транспорт воситалари, кесиб олинган гуллар, шохлар орқали бошқа ўсимликларга енгил кўчиб ўтиши мумкин. Зараркунанда тарқалишининг асосий манбаи зарарланган кўчатлардир. Оққанотнинг личинкалари кўчатлар, гуллар ва мевалар орқали бир давлатдан бошқа давлатга, туманлардан бошқа туманларга кўчиб ўтиши мумкин.

Зарарланиш марказига биринчи ишлов бериш баҳорда, ёзнинг бошида имогонинг биринчи авлодида ўтказилади. Бунда махсус тавсияномаларда келтирилган кимёвий воситалардан фойдаланилади. Иккинчи ишлов личинкаларнинг биринчи авлоди кўплаб чиқадиган вақтда ўтказилади. Учинчи ишлов биринчи ва иккинчи авлод личинкаларига қарши ўтказилади. Оққанот билан кучли зарарланган кўчатларда тўртинчи ишлов сентябрнинг биринчи ярмидан меваларга ранг киргунча амалга оширилади. Меваларни териб олишдан 20-25 кун олдин ишлов бериш тўхтатилади. Пуркаш ишлари личинкаларнинг иккинчи авлодига ва дарахтлардаги қора доғлардан тозалаш учун амалга оширилади. Куз-қиш ойларида цитрус ўсимлик­лари илдизлари ёпиқ ҳолатда фумигация қилинади. Зарарланиш маркази тугатилгандан сўнг қуриган шохлар кесиб ташланади ва зарарланган жойларнинг ўзида ёқиб юборилади.

Қанотбек ҚОСИМБЕКОВ,
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси
агентлиги Зангиота тумани
бўлими бошлиғи.