Бирлашган “Қир ошар”

Бирлашган “Қир ошар”

Бугунги кунда туман маҳаллаларидаги оқсоқол, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспекторининг биргаликдаги ҳаракати туфайли тадбиркорлик ривожланмоқда, ишсизлик барҳам топмоқда, камбағаллик қисқармоқда, энг муҳими, одамларнинг турмуш шароитлари яхшиланиб, қалбларида ўз ҳаётларидан шукроналик ҳисси мавж урмоқда. Халқни бундай рози қилиш эса ўз-ўзидан бўлмайди. Улар ҳаётининг ич-ичига кириб бориш, дардларига дармон бўлиш, қийналганларга ёрдам қўлини чўзиб, оғирини енгил қилиш учун раҳбарлар тунлари роҳатидан, кундузлари ҳаловатидан кечишмоқда…

ТУМАН ҲОКИМИ КЕЛДИ…

Йўлим Зангиота қишлоғи марказига тушди. Амир Темур номли (М-34) йўли ёқасидан “Хўжамозор” маҳалласи томонга кетиб борарканман, кўча ёқасида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётганлигининг гувоҳи бўлдим. “Тозалик – остонадан бошланади”, деган гап бор. Ҳар ким ўз уйининг кўча тарафини чиройли қилиб қўйса, турфа гулларга буркаса қандай яхши! Қолаверса, бу йўлдан ҳар куни минглаб йўловчилар ўтади, Занги ота зиёратгоҳига юзлаб зиёратчилар келишади. Улар бизнинг фаросатимизга, туманимиз ободлигига кўча ёқаларимиз, тураржойларимиз атрофларининг қай аҳволдалигига қараб баҳо беришади.

Ана шуларни хаёлдан ўтказганча, тор кўчага бурилиб, маҳалла идораси томон борарканман, манзилимга етмасдан янги қурилган иморатнинг томи ёпилаётганлигига кўзим тушди. Ҳа, маҳалла йил сайин ўзгариб бормоқда, наинки Амир Темур номли йўл ёқасидаги уйлар бузилиб, ўрнида икки қаватли замонавий тураржойлар, хизмат кўрсатиш шаҳобчалари қад ростламоқда, ҳаттоки ички кўчалардаги эски бинолар ўрнида янгилари қурилиб, маҳалла кўркига кўрк қўшилмоқда. Хаёлларимни рўпарамдан чиқиб қолган танишим буз­ди.

– Маҳалламизда катта ўзгаришлар бўлаяпти, – деди у, – тунов куни денг, туманимизнинг янги ҳокими маҳаллага келиб қабул ўтказди, аҳолининг дардини тинглади. Мана шу сиз кўриб турган уйини қурган маҳалладошимиз томини ёполмай роса сарсон бўлганди. Нега дейсизми? Маҳалламиз қадимий. Ўша пайтларда электр кириб келганида симёғоч­лар аҳолининг уйлари ичига ҳам ўрнатиб кетилаверган. Оқибатда мана шу қўшнимизга ўхшаганлар электр сими ўтган жойга уй қуролмай, қурса ҳам томини ёполмай қийналишарди. Бу маҳалладошимизнинг ҳам шундай муаммоси бор эди. Туман ҳокимининг сайёр қабулига бориб, унга муаммосини айтганди, ҳоким дарров тушунди. Қарабсизки, кўп ўтмай хонадондаги симёғоч­лар ташқарига олиниб, улар бетонлисига алмаштирилди. Маҳалладошимиз ҳам қувона-қувона томини ёпишга киришди.

Танишим билан хайрлашиб йўлимда давом этдим. Зап замонлар бўлди-да, раҳбарлар халқ ичига кириб бормоқда, уларнинг дардига қулоқ тутмоқда, муаммолар жойида ҳал этилмоқда. Халқнинг розилигига эришиш деганлари шу бўлса керак… Ана шундай хаёллар билан маҳалла идорасига кириб бордим. Хотин-қизлар фаоли Нигора Мавлянова 18-55 ёшдаги хотин-қизлар хатлови билан шуғулланиб ўтирган экан. У “Аёллар дафтари”га кирган хотин-қизларга кўрсатилаётган ёрдамларга тўхталиб ўтди.

– Ўрганишларим натижасида икки нафар хотин-қиз тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида эканлиги аниқланди, – деди у. – Ҳоким ёрдамчиси Жалолиддин Зоҳидовга маслаҳат солгандим, уларга субсидия асосида тикув машиналари олиб беришга ёрдамлашди. Бирорта аёлнинг муаммоси эътиборимиздан четда қолаётгани йўқ. Хотин-қизлар фаолига кўп савол бериб ишдан қўймаслик учун ҳоким ёрдамчисининг қаердалигини сўраб тургандим, унинг ўзи шошилиб келиб қолди. – Сув муаммоси билан юрибмиз, – деди у. – Ҳозир “Асил” маҳалласидан келаяпман. Яна насос масаласи…

Оқсоқол ва ҳоким ёрдамчисининг беҳаловат кунлари

Маҳалла аҳли кўп йиллардан бери тоза ичимлик суви борасида қийинчилик сезарди. Тўғри, айрим хонадонларга қўшни маҳалладан сув келиб турган, қолганлари ер ости сувларидан фойдаланиб келишганди. Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 408-сонли қарори бўйича туманимиздаги 17 та маҳаллага ичимлик ва оқава сув тармоқлари тортиш, реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди. Бу хайрли иш “Хўжамозор” маҳалласини ҳам четлаб ўтмади.

Маҳаллага 6,6 километр сув қувурлари тортилди. Бу эса 375 та хонадонда яшовчи аҳолини тоза сув билан таъминлаш имконини берди. Бу ишлар эса ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Кўчаларни кавлаб, сув қувурлари ётқизиш, яқинда эса кавланган кўчаларни текислаб, асфальт­лаш каби ишлар маҳалла “беш”лиги назоратида бўлди. Чунки ишнинг “боши”да турилсагина иш юришади. Ниҳоят қувурларга сув тўлиб, хонадонлар сари “югургилади”. Лекин кўп ўтмай кутилган сувнинг кутилмаган муаммоси пайдо бўлди. Шу ойнинг ўртасида сув қувури уланган қудуқ насосида муаммо юзага келди. Иш вақти тугаган бўлишига қарамай маҳалла оқсоқоли ва ҳоким ёрдамчиси узоқ вақт насосни ишга тушириш ҳаракатида юришди…

Биз ҳудудда бўлган куни ҳам ҳоким ёрдамчиси “Асил” маҳалласидаги икки маҳаллани тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун сув қудуғига насос ўрнатиш ташвиши билан юрган экан. Муаммо янги сув йўли эскисига улангач, юқори босимга эскиси дош беролмай, сув ташқарига отилиб кетаётган экан. Тушунганим шу бўлди… Бунга ким айбдор? Хулоса ўзингизга ҳавола.

Ҳоким ёрдамчиси Жалолиддин ўзи ҳақида кўп гапиришни хоҳламайдиган йигит экан. Бўлмаса маҳаллага сув тармоғи тортилаётганида куну тун елиб-югургани, маҳалла хонадонларидаги 14 та эски симёғочни ташқарига олиб чиқиб ўрнатиш ишларининг бошида оқсоқол билан ёнма-ён тургани, маҳаллада йил бошидан бери байрамларда қийналган оилалар ва фаолларга дастурхон ёзилганидаги ҳаракатлари, бир фуқаронинг паспорт муаммосини ҳал этиб бергани, 10 та қийналган оилага ўқув қуроллари, ёшлар етакчиси билан 4 та оила фарзандларига мактаб формаси олиб бериш, аномал совуқда “Эркин савдо мажмуаси” МЧЖ томонидан унинг меҳмонхонасига 10 та оилани жойлагани каби ўнлаб ишларга бош-қош бўлганини тўлқинланиб гапирган бўлмасмиди. Унинг топиб олган гапи шу:

”Маҳалла оқсоқолимиз Жаҳонгир ака Буз­руков ҳақиқий фидойи инсон, ҳаммага бирдек ғамхўр, унинг энг кичик, балки бировлар учун аҳамиятсиздек туюладиган савобли ишларидан бирини айтсам, маҳалладаги қийналган оилалардаги болаларга доимо эътиборли, бирортасининг сочи сал ўсиб қолганини кўрса “уйидагиларнинг балки пули йўқдир”, деган хаёлда шу болани сартарошхонага олиб бориб, ўз ёнидан пул тўлаб, сочини олдиртиради…”

Менимча, ортиқча изоҳга ҳам, амалга оширилаётган беҳисоб ишларни бирма-бир санашга ҳам ҳожат йўқ. Маҳалла “беш”лиги ҳамжиҳатликда, бир-бирини тушунган ҳолда ишлаяпти. Энг муҳими ҳам мана шу.

Жамила АРСЛОНОВА.