Уйдан ташқарига чиқасиз. Кўчалар ярақлайди. Кўнглингиз ёришади. Йўл юрасиз, йўл юрсангиз ҳам мўл юрасиз, бора-боргунча хушкайфият сизни қаршилашда давом этади.
“Еттинчи осмон”да учгингиз келаяптими?
Тозаликдан, йўл ёқалари, хонадонлар олдида чаман бўлиб очилиб турган гуллардан, шакл берилиб, оҳланган дарахтлар тароватидан, таъмирланган уйлар кўркидан баҳра оласиз ва ўзингизни еттинчи осмонда учиб юргандек ҳис этасиз. Ҳаммага яхши гапиргингиз, кўнглини олгингиз келади. Бунинг сабабчиси – байрамолди амалга оширилаётган тозалаш ва ободонлаштириш ишларининг сеҳри эмасми?! Тозалик қандай яхши. Мана бизни яна шундай кайфият қаршиламоқда. Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 21 июлдаги 459-Ф-сонли Фармойишига асосан “30 июль-30 август кунлари республикамиз ҳудудида “Ободонлаштириш ойлиги” ўтказилиши белгиланган эди. Туманимизда ҳам бу борадаги ишлар тобора қулоч ёймоқда.
Нигора ҳар куни кўча кезади
“Обод турмуш” маҳалласи хотин-қизлар фаоли Нигора Абдуллаева ҳар куни эрталаб ишини ўзига бириктирилган кўчаларни кезишдан бошлайди. Бу пайтда маҳалланинг қизу келинлари кўчаларга сув сепиб, супуриб қўйган бўлишади. Агар бирорта хонадон кўчасида бу иш амалга оширилмаган бўлса, оила бекасини чақириб, ётиғи билан тушунтиради: “Қаранг, қўшниларингизнинг уйларининг олди қандай чиройли, сизнинг улардан кам жойингиз йўқ-ку. Кўча юзини очганнинг савобига нима етсин…”
Нигора ўзига тегишли кўчалар билан чегараланиб қолмайди, йўл-йўлакай бошқа кўчаларни ҳам назардан ўтказади, керакли топшириқларни бергач, кўнгли анча хотиржам тортиб, ишхонасига йўл олади.
Ободонлаштириш ойлиги бошланганидан бери маҳалладаги “бешлик”нинг шижоати янада ўзгача тус олди. Тўғри, маҳаллада ободонлаштириш ишларига йил-ўн икки ой эътибор берилади. Айниқса, республика миқёсидаги аҳамиятга молик М-34 йўлининг четлари йил бўйи тоза туриши керак. Бу, ўтган-кетган йўловчиларнинг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади. Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда ишлар режали ташкил этилади ва байрамлар арафасида кўча янада ўзгача кўриниш касб этади.
Маҳаллада ободонлаштириш ойлиги доирасидаги ишлар маҳалла раиси бошчилигида олдиндан режалаштириб олинди. 8 та кўча “бешлик”ка бўлиниб, шу асосда ишга киришилди. Кўчага масъуллар аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб боришди. Кези келганда, қўлига кетмон, супурги олишмоқда. Ҳамманинг нияти битта: Мустақиллигимизнинг 32 йиллигини маҳаллани обод ва кўркам қилган ҳолда кутиб олиш.
Маҳалла Ёшлар етакчиси Акбар Ўринбоев ва Хотин-қизлар фаоли Нигора Абдуллаеванинг ташаббуси эса “бешлик”нинг бошқа аъзоларига маъқул тушди. Улар ҳудуддаги қийналган, боқувчисини йўқотган оилаларга ободонлаштириш ишларида ёрдам беришга келишишган эди. Улар шу мақсадда биринчи навбатда боқувчисини йўқотган, 3 нафар вояга етмаган фарзанди бор Ҳамида Бўроновага ёрдам қўлини чўзишди. Унинг дарахтларини буташ, оҳлаш, томорқасини тартибга келтириш, ариқчаларни тозалаш каби ишларни амалга оширишди. Ана шундай ишлар боқувчисини йўқотган, бир нафар вояга етмаган фарзанди бор Лобар Норбоеванинг хонадонида ҳам амалга оширилди.
– Ёшларимиз жуда меҳнаткаш ва ташаббускор, – дейди Нигора Абдуллаева, – қандай хайрли ишга қўл урмайлик, вақтига қараб ёрдам беришади. Бобур Бахтиёров, Илҳом Умаров, Иброҳим Умаров, Рамазон Асомов каби фаол ёшларимиз бошқаларни ҳам ўз ортларидан эргаштирмоқдалар. Улар теварак-атроф, хонадонлар, кўчалар, хўжалик объектларида ободонлаштириш, тозалаш ишларида фаол иштирок этишмоқда. М-34 кўчаси ёқаларидаги дарахтлар ҳам буталиб, оҳланди, лотоклар тозаланди. Битта бочкага оҳак ивитиб қўйганмиз. Аҳолимизга керак бўлса ундан олиб кетиб, кўчаларидаги дарахтларини оҳлашмоқда. Маҳаллада ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
Шоирахон опанинг ғолиблиги сири
“Олмазор” маҳалласида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари ҳам таҳсинга сазовор. Маҳалладаги “бешлик”нинг саъй-ҳаракати билан ички кўчалар, ариқлар тозаланиб, дарахтлар буталиб, теварак-атроф ёввойи ўтлардан тозаланмоқда. Бу ишларга маҳалла аҳли жалб этилган.
Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан “Энг сариштали хонадон” танлови ташкил этилган эди. Хонадон соҳиблари ва бекалари бу танловда иштирок этиш учун ҳаракатни бўшаштирмадилар, уйлари ва кўчаларини обод, саранжом-саришта қилишга киришдилар. Айниқса, Шоирахон Акромова хонадонида бу ишга астойдил киришилди ва оила ғолибликни қўлга киритди. Сабаби бу хонадондаги тозалик, саришталикка барчанинг ҳаваси келиши аниқ. Шоирахон тиниб-тинчимайдиган уй бекаси. Томорқасидан бир йилда 3 марта ҳосил олади. Касаначилик, пазандачилик билан шуғулланади. Бир сўз билан айтганда, рисоладагидек хонадон бекаси.
Шоирахонга соврин ва совғани туман ҳокимлиги Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Саодат Усмонова топширар экан, унинг келгусидаги ишларига муваффақиятлар тилади. Шоирахонга ҳавас қилган бошқа хонадонлар бекалари ҳам ободонлаштириш ишларига чинакамига киришдилар. Туманимизда ободонлаштириш ишлари қай даражада кетаётганлигини шу икки маҳалла мисолида кўрсатишга ҳаракат қилдик. Аминмизки, бошқа маҳаллалар ҳам ишни шу тарзда ташкил этишиб, яқинлашиб келаётган мустақиллик байрамини ўз тураржойларини обод ва кўркам қилган ҳолда кутиб оладилар.
…Уйдан ташқарига чиқасиз. Кўчалар ярақлайди. Кўнглингиз ёришади. Йўл юрасиз, йўл юрсангиз ҳам мўл юрасиз, бора-боргунча хушкайфият сизни қаршилашда давом этади. Тозаликдан, йўл ёқалари, хонадонлар олдида чаман бўлиб очилиб турган гуллардан, шакл берилиб, оҳланган дарахтлар тароватидан, таъмирланган уйлар кўркидан баҳра оласиз ва ўзингизни еттинчи осмонда учиб юргандек ҳис этасиз, ҳаммага яхши гапиргингиз кўнглини олгингиз келади. Бунинг сабабчиси – байрамолди амалга оширилган тозалаш ва ободонлаштириш ишларининг сеҳри эмасми?! Тозалик қандай яхши.
Озодалик ва сарамжон-саришталикни руҳан поклик, маънан етуклик, фикран янгиланишга интилиш, деб таърифлаш мумкин. Эрта саҳар туриб, кўча-ҳовлиларни супуриб-сидириш, ён-атрофга сув сепиш, турли гуллар экиш қайси хонадонга чирой бағишламайди, дейсиз. Ободлик бор жойда қут-барака, доимий ривожланиш ва келажакка ишонч бўлади. Ёши улуғларимиз айнан шу фикрни ёшларимиз онгига чуқурроқ сингдиришса, тозаликка бўлган эътибор – соғлиққа бўлган эътибор эканлигини тушунтиришса, ўйлаймизки, юртимиз янада обод, кўнглимиз янада чароғон, ҳаётимиз янада тўкис бўлади. Йил бўйи юртимиз, туманимиз, қишлоғимиз, маҳалламиз, кўчамиз, хонадонимиз чиройидан баҳра олиб яшаймиз.
Жамила АРСЛОНОВА.
