Президентимизнинг 2023 йил 2 августдаги “Қишлоқ хўжалиги соҳасига илғор рақамли технологияларни жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-257-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ, жорий йилнинг 1 сентябридан “Рақамли қишлоқ хўжалиги” ягона интеграцион платформаси таркибида “Агроплатформа” ахборот тизими жорий этилади. Мазкур платформа пахта, бошоқли дон, мева-сабзавотлар етиштириш учун имтиёзли кредит ажратиш жараёнларини рақамлаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга шаффофлик тамойили асосида хизмат кўрсатишни назарда тутади.
2024 йил ҳосилидан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш харажатлари тижорат банкларининг “Агроплатформа” АТ орқали электрон тарзда шакллантирилган буюртманомалари асосида молиялаштирилади. Бунда маҳсулот етиштирувчиларга “Агроплатформа” АТдаги шахсий кабинетлари орқали электрон хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади. Жорий йилнинг 1 октябригача “Агроплатформа” АТда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчиларнинг ягона маълумотлар базаси шакллантирилади.
Саид ҲАСАНОВ тайёрлади.
