ЗАНГИОТАЛИК ОЛИМ ЯПОНИЯДА ИЗЛАНИШДА

ЗАНГИОТАЛИК ОЛИМ ЯПОНИЯДА ИЗЛАНИШДА

ЗАНГИОТАЛИК ОЛИМ ЯПОНИЯДА ИЗЛАНИШДА

Ўзбекистонга қайтгач қуёш энергияси бўйича фаолият юритади

1986 йилда  туманимиздаги “Туробод” маҳалласида туғилган Абдурашид ака ҳаёти ва фаолияти билан нафaқат ўз тенгдошларига, балки ёш олимларга ҳам ибрат бўларли ҳаёт йўлини босиб ўтмоқда.

Абдурашид Мавлонов мактаб давридаёқ барча фанлар ва хорижий тилларга қизиқарди. 2-мактабда олган пухта билими уни  Ўзбекистон Миллий университетининг физика факультетига етаклади. 2007 йилда  бакалавр даражасини муваффақиятли якунлаганидан сўнг илмий изланишларини чуқурлаштириш мақсадида магистратурани ҳам айнан шу олийгоҳда давом эттирди.

Магистратурани тамомлагач, илмий фаолиятининг навбатдаги босқичини   2009–2010 йилларда Хитойда давом эттирди.  Янги маданият, янги муҳит ва илмга оид янги ёндашувлар унга катта тажриба берди. Бу билим ва кўникмалар Абдурашид Мавлоновни Ўзбекистон Фанлар академиясида кичик илмий ходим сифатида фаолият бошлашга тайёрлади. 2010–2011 йилларда бу ерда меҳнат қилиб, илмий муҳитга янада чуқурроқ сингиб борди.

Абдурашид  Мавлонов 2012 йилда Германияда PhD босқичида таҳсил олиш учун халқаро грантни қўлга киритди. Бу унинг илмий фаолиятидаги кескин бурилиш бўлди. Қуёш энергияси йўналишидаги докторлик диссертацияси давомида у электр энергиясини қуёш нурларидан самарали олиш бўйича изланиш олиб борди. “Агар қуёш нури электр токини керакли вақт ичида энергияга айлантирмаса, у иссиқлик кўринишида чиқиб кетади. Бу худди заводда маҳсулот ишлаб чиқариб, уни бозорга етказиб беролмасликдек гап,” — дейди у ўз тадқиқотининг моҳиятини тушунтириб. Бунинг учун қуёш панелларининг барча қисмлари  соз ҳолда  тўлиқ ишлаши зарур. Унинг бирорта қисмида носозлик юзага келса, электр токи ажралиб чиқишида муаммолар кузатилади. ..

Докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилганидан сўнг юртига қайтиб келган Абдурашид Мавлонов  Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Физика-техника институтида катта илмий ходим лавозимида фаолият олиб борди. Бироқ илмий изланишларга бўлган иштиёқ уни яна чет элларга етаклади. 2018 йилнинг август ойида Хитой Халқ Республикасида илмий ходим сифатида иш бошлади.

Хитойдаги фаолияти давомида Абдурашид Мавлонов   Япония профессори билан ҳамкорликда илмий лойиҳа устида ишлаш таклифини олди. Бу таклиф унинг ҳаётини бутунлай янги йўналишга буриб юборди ва у оиласи билан Японияга кўчиб ўтди. Унинг бу қарорини  ота-онаси Абдуваҳоб ва Эътибор Имомалиевалар, марҳум устози академик Зокиров Гуломжон Шокировичлар қўллаб-қувватлаб: “Сенинг соҳанг амалиёт талаб қилади, қайда бўлсанг ҳам бошинг омон бўлсин” дея дуо қиладилар. Устози ва ота-онаси дуосини олган олимнинг ишлари эса фақат ва фақат олға силжимоқда.

Японияда у профессор ассистенти сифатида қуёш панеллари йўналишида илмий фаолият олиб бормоқда. “Қуёш энергияси соҳаси Ўзбекистонда ҳам долзарб мавзу. Ҳозирда кўплаб хонадонлар ва ташкилотлар қуёш панелларидан фойдаланмоқда. Биз эса лабораторияда уларнинг чидамлилиги, энергияга айланиш самарадорлигини чуқур ўрганмоқдамиз,” – дейди у. Унинг PhD босқичидаги асосий илмий иши ҳам айнан шу соҳага бағишланган — қуёш элементларидаги заряд ташувчиларнинг токка айланиш жараёнини оптималлаштириш.

Абдурашид Мавлонов  тил ўрганишга ҳам доимий эътибор қаратган. Мактаб давридаёқ инглиз тилини ўрганишга қизиққан бўлса, бугунга келиб у ўзбек, инглиз, рус, хитой ва япон тилларини билади. Япон тилини ўрганиш давомида бир нечта турли методикага асосланган китоблар орқали тажриба орттирган ва ниҳоят ўзига мос келадиган услубни топган. Тил ўрганишда энг муҳим жиҳат бу — ўзингизга қулай методикани топишдир, деб ҳисоблайди у.

Унинг фарзандлари ҳозирда япон мактабларида аъло баҳоларга ўқишмоқда. Турмуш ўртоғи эса Японияда педагогика соҳасида олий таълим олмоқда. “Уйда эса ҳар доим ўзбек тилида гаплашамиз, ўзбек миллий овқатларини тайёрлаб, миллий анъаналарни унутмаймиз,” –дейди Абдурашид Мавлонов фахр билан.

Японияда ўқимоқчи бўлган ёшларга у қуйидагича маслаҳат беради: “Фақат тилни эмас, Япониянинг маданиятини ҳам чуқур ўрганиб келинг. Бу ерда мулойимлик кўпинча розилик дегани эмас. Аммо аслида улар шунчаки хушмуомалалик кўрсатишмоқда. Буни фарқлай билиш муҳим. Бу ерда биров сизни ишингизни қилиб бермайди (ҳатто у жуда кичик иш бўлса ҳам), лекин ишингизни қилишингиз давомида ёрдам сўрасангиз, албатта кўнгиллилар топилади (гарчи бу улардан жуда кўп вақт талаб қилса ҳам). ”

 

Келажакдаги режалари ҳақида сўз борганда, Абдурашид Мавлонов кўзлари чақнаб, иштиёқ билан шундай дейди: “Юртимга қайтиб, ўрганган билимларимни ёшларимизга ўргатишни истайман. Айниқса, қуёш энергияси соҳасида Ўзбекистонда фаолият юритиш ниятим бор. Илмий салоҳиятимизни халқимиз фаровонлиги учун сафарбар қилиш –энг катта  мақсадим, орзуим.”

Мамлакатимиз раҳбари таълим ва илм соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни белгилар экан, ёшлар масаласига алоҳида тўхталиб шундай деган эдилар:“Биз ёшларимизни замонавий билимлар ва касб-ҳунарлар, юксак маънавият ва маданият эгалари этиб тарбиялашни бош мақсадимиз, деб биламиз.”

Айнан шу эзгу мақсадни ҳаётига шиор қилиб олган ёш олим Абдурашид Мавлонов ўз келажагини Ўзбекистон билан боғлаган.

Президентимиз яна бир нутқида шундай деган эди:

“Илмга сарфланган ҳар бир сўм — бу келажакка қўйилган энг катта инвестициядир.”Абдурашид Мавлонов каби илмий салоҳиятга эга ёшларнинг кўпайиши эса бу инвестициянинг самараси эканини кўрсатади.

Бугун дунёнинг турли бурчакларида юрт номини улуғлаётган, фан ва технологиялар орқали инсоният тараққиётига ҳисса қўшаётган Абдурашид Мавлонов каби фидойи олимлар борлиги — халқимизнинг энг катта бойлигидир. Уларнинг ҳаёти, меҳнати ва орзулари эса янги авлод учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.

 

Ирода АБДАЗИМОВА.