ҚУЛУПНАЙ: ҲАМ САЁҲАТ, ҲАМ ДАРОМАД
Йўлимиз “Бодомзор” маҳалласига тушди. Бир пайтлар саноқлигина оилалар бўлган бу ҳудудда ҳозирги кунга келиб хонадонлар сони 461 тага етди. Шуларнинг 455 тасининг ўзига яраша катта-кичик томорқалари бор. Бу томорқалар эса сира бўш турмайди. Ҳар ким ўз кучи, уқуви ва эҳтиёжига қараб турли қишлоқ хўжалик экинлари экади. Кейинги пайтларда маҳаллада қулупнайчилик ривожланмоқда. “Ҳамма қулупнай экаверса, қолган экинлар-чи…”, дейдиганлар ҳам топилади. Тўғри, баҳор мавсумида бозорларимиз қулупнай билан тўлиб-тошиши мумкин, лекин бошқа фаслларда-чи?
– Кўпчилик қулупнай эккани билан барибир аҳолида унга бўлган эҳтиёж катта, – дейди мақоламизнинг кейинроғида ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган қаҳрамонимиз Баҳодир Мадаминов. – Аҳоли бу неъматни йил-ўн икки ой истеъмол қилгиси келади. Бунинг учун йил бўйи ҳосил берадиган қулупнай навлари ҳам бор. Уни кўпчилик экмайди, шунинг учун супермаркетларда қиш ойларида қулупнайнинг нархи баланд бўлади. Кўпинча одамлар мендан, қулупнайингизни четга ҳам чиқарасизми, деб сўрашади. Ҳозирча йўқ. Чунки ўзимиздан ортмаяпти.
Бундоқ олиб қараганда, у ҳақ. Маҳалладаги томорқачиларнинг ярмидан кўпи қулупнайчилик билан шуғулланади. Мавсум тугагач, унинг ўрнига бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экилади. Чунки ҳамманинг ҳам қиш мавсумида қулупнай етиштиришга имкони йўқ. Лекин шунга қарамай қишда иссиқхонани ўтин-кўмир ёрдамида иситиб, аҳолининг қишки дастурхонига бу тотли неъматни тортиқ қилаётганлар сони ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Томорқаларни айланарканмиз, хаёлимиздан қуйидаги фактлар ўтди. Маълумотларга қараганда, қулупнайнинг ватани Америка қитъаси бўлиб, милоддан аввалги II- I асрларда ҳам одамлар қулупнай етиштириш билан шуғулланишган экан. Йиллар ўтиб қулупнай нафақат мазали резавор мева, балки шифобахш экани ҳам маълум бўлган. Шу тариқа у дунёга тарқалган. Ҳозирда дунё бўйича қулупнайнинг 300 та тури мавжуд экан. Бир пайтлар бизда ҳам қулупнайнинг фақат битта тури экилар ва унинг ҳосили фақат май ойида пишарди. Энди эса четдан қулупнайнинг турли навлари кириб келмоқда ва унинг орасида йил бўйи ҳосил берадиганлари ҳам талайгина. Бу борада Раҳматилла Убайдуллаевга юзланамиз. Бундан 5 йил аввал у қулупнайчиликка қизиқиб қолди. Банкдан 56 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, 8 сотихли томорқасига иссиқхона қурди. Жон куйдириб, сидқидилдан ишлади. Кам бўлмади. Ҳосилдорлиги орта борди. Даромади кредитини ойма-ой тўлашга ҳам, рўзғорига ҳам етди.
Ўтган йили ҳиндистонликлар келишди. Республикамизнинг қатор вилоятларида қулупнайчилик билан шуғулланувчиларнинг иш фаолияти билан танишишди, қулупнайзорларга ўзларидаги витамин дориларни сепиб, тажриба ўтказишди, шу тариқа бу дориларнинг ҳосилдорликка таъсирини ўрганишди.
–Мен ҳам таваккал қилиб бунга рози бўлдим, – дейди Раҳматилла. – 2-3 ой тажриба ўтказишди. Буни қарангки, қулупнайнинг тупланиши, ривожи яхшиланди, ҳосили йирик, ширин, кўп бўлди. Шуни айтиш керакки, бу дорилар кимёвий эмас, биологик витамин дорилар экан. Ҳиндистонликларнинг турли жойларда ўтказган тажрибалари муваффақиятли чиқибди. Шу тариқа энди Ўзбекистон билан шартнома тузиб, дармондориларни етказиб беришларини айтишди.
Раҳматилла шундай дея яшнаб турган қулупнайзорини оралай кетди. Қулупнайнинг бу Корея нави билиб меҳнат қилинса, йил бўйи ҳосил беради. Ўтган йили кузда яхшигина ҳосил олганди. Мана баҳорда ҳам ҳосилдорлик чаккимас, ҳосилни 3-4 марта узди. Ҳали қулупнайнинг бирданига пишиб, шошириб қўядиган дамлари олдинда. Раҳматилланинг иссиқхона қуриш учун банкдан олган кредити шу ойда ёпилади. Демак, буёғига топганининг барчаси оила ҳамёнига барака бўлиб киради. Раҳматилланинг нияти энди иссиқхонасини қишда ўтин-кўмир ёрдамида иситиб, мўл ҳосил етиштириб, даромадини ошириш.
Айтмоқчи, ишнинг кўзини ҳам, ўзини ҳам биладиган бу йигит қулупнайнинг орасига помидор ҳам экиб қўйган. Қулупнай ҳосили тугагач, навбат помидорга.
***
Абдусаттор ака Ғаниевнинг хонадонига қадам қўйишингиз билан сизни ўзгача файз қаршилайди. Ҳовлининг этагидаги ток, томорқанинг атрофларидаги мевали дарахтлар, плёнка остига экилган ва плёнканинг очилган олд қисмидан “мўралаб” турган қулупнай, помидор, саримсоқпиёзнинг ўзгача тароватидан зақланмай қолмайсиз.
Биз хонадонга кириб борганимизда оиланинг дуогўй, маслаҳатгўй бувижониси, фахрий ўқитувчи Ўғилой опа хомток қилинган ток баргларини тахлаб, қиш учун тузлашга тайёрлаб қўяётган экан. Бизни очиқ чеҳра билан қаршилаган устоз иссиқхонанинг четида нимадир юмуш билан куймаланаётган Абдусаттор акани чақирди.
–Қачон қарасангиз томорқа ишларидан ортмайдилар, бундоқ дам олай ҳам демайдилар, бутун умр ошпаз бўлиб ишлаган одам энди деҳқончиликка қизиқиб қолганлар, – дея зорлангандек бўлдилар-у, кейин қўшиб қўйдилар, – қимирлаб турганларига ҳам шукр.
Абдусаттор аканинг омилкорлигига қойил қолмасдан илож йўқ. Бир пайтлар ошпазликни қойиллатган Абдусаттор ака мана энди 78 ёшида томорқачиликни гуриллатаяпти. У киши ҳақида одамлар, “кабобни нақ уч қаватли мосламада оби-тобига етказиб пишарарди”, дейишади.
Отахоннинг томорқасидаги 3 сотихли дуга остида етиштирилган экинларга разм соламиз. Бир эгатда уч хил ҳосил: ҳам қулупнайлар пишаяпти, ҳам саримсоқпиёзлар йиғимга етилиб қолибди, ҳам помидорлар гуллаб ётибди.
–Бекорчиликни ётирмайдилар, қачон қараманг, ҳаракатдалар, – дейди Ўғилой опа, – нималарни ўйлаб топмайдилар ўзи. Буни қаранг, қулупнай кўчатини махсус салафан идишларга экдилар. Мана, томорқадаги қатор эгатларга териб қўйибдилар. Томчилатиб суғораяптилар. Униям устига дуга қиламан деяптилар.
Икки ўғил, икки қизни тарбиялаб, уйлаб-жойлаган, оёққа қўйган ота-она ҳамон тиниб-тинчимайди. Икки қизи онаси каби ўқитувчиликни танлади, ўғиллар бошқа соҳаларда ишлашади.
–Невараларим ҳам институтларни битирган, ўқиётганлари ҳам бор, – дейди Ўғилой опа фахрланиб.
***
Абдусаттор акани моҳир ошпаз десак, унинг куёви Баҳодир ҳам бу борада қайнотасидан қолишмас экан. Пойтахтдаги педагогика коллежида ошпаз бўлиб ишлайдиган Баҳодир Мадаминов коллежлар тарқатилгач, ишидан бўшаб, айни коронавирус пандемияси авж олган пайтда шаҳардан “Бодомзор”га кўчиб келишди. Бу ерда томорқачиликка қизиқиб қолди. 1 сотих ерга иссиқхона қуриб, қулупнайчиликка қўл урди.
–Болаларим қулупнайчиликнинг “қ” ҳарфини ҳам билишмасди, – дейди Абдусаттор ака. – Одам бажарган ишни одам бажаради, дейишади-ку, куёвим бизнинг ишимизни кузатиб, тезда ўзлаштириб олди. Менданам ўтиб кетди-е… Уч қаватли стеллажда қулупнай етиштиришни йўлга қўйди. Ҳосилига қараб тўймайсан киши.
–Сиз уч қаватли мосламада кабоб пиширган бўлсангиз, куёвингиз уч қаватли стеллажда қулупнай етиштиришни сиздан ўрганган экан-да…
Ҳазил тариқасидаги суҳбатимиз қизғин давом этди.
Ўтган йили маҳалла ёшларининг 31 нафарига 4 гектар ер берилди. Улар орасида Баҳодирнинг ўғли Даврон Каримов ҳам бор эди. У 30 сотих ерда ўз деҳқончилигини бошлади. Бир томонга қулупнай экишди, 16 сотих майдонга эса гидропоника усулида замонавий иссиқхона қурилаяпти. Уч қаватли стеллажлар эса Корея давлатидан келтирилади.
– Билганга бир сотих ер ҳам хазина, – дейди Баҳодир. – Ундан бир неча сотих майдондан оладиганчалик ҳосил олиш мумкин. Бунинг учун изланиш, машаққатлардан, кези келганда, йўқотишлардан чўчимаслик керак.
Бу йил Баҳодирнинг бир сотихли иссиқхонасини кўриш, унинг ҳосилидан жойида татиб кўриш истагида кўплаб саёҳатчилар келди. Ҳам саёҳат, ҳам даромад, деганларидек, Баҳодир бу ишни ҳам кенгайтириш ниятида. Ахир қулупнайни жойида, ўз қўлинг билан узиб еганнинг мазасига нима етсин.
Баҳодир жияни Даврон билан қулупнайзорини оралай бошлашди, биз эса бу жараённи суратга муҳрладик.
Томорқачиларга ўзининг бой тажрибасини ўргатишдан чарчамайдиган таниқли сабзавоткор, маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шукрилла Ҳамидуллаев, деҳқончилик, томорқачиликни ривожлантириш, бошқа тадбиркорлик ишлари билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролар, ёшларнинг кредит олишларига ёрдам берадиган ҳоким ёрдамчиси Саидоқил Қосимов билан даланинг болаликни эслатиб турувчи чанг кўчаларидан кетиб борарканмиз, ариқ четларига экилганига жуда кўп йиллар бўлган бир нечта катта тутларнинг оқ ва қора шиғил ҳосили эътиборимизни тортди. Маҳалла болалари қўллари ва оғизларини қорайтирганча завқ-шавқ билан тут ейишарди.
Хаёлимиздан, Иккинчи жаҳон уруши пайтида бу тутларнинг пишиғини қанчадан-қанча оилалар зориқиб кутганлиги ҳақидаги ўйлар кечди.
Ортга қайтарканмиз, шундай– эртаклардагидек тўкин, фаровон, тинч замонда яшаётганимиз учун яна бир бор шукроналар айтгимиз келди.
Жамила АРСЛОНОВА,
Дилбар ШАРИПОВА.
