Қадриятлар бешиги тебраниб, интернетни ортда қолдирди

Қадриятлар бешиги тебраниб, интернетни ортда қолдирди

Маҳалла – асрлар оша миллий урф-одат ва анъаналаримизни кенг қулоч ёйдириб, халқимиз учун эзгулик ва тарбия бешиги, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани бўлиб келмоқда. Бугунги кунда ҳам маҳалламизда яшаётган ҳар бир инсон, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ўз ҳаётини, қувонч-у ташвишларини маҳалладан айри ҳолда тасаввур эта олмайди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кейинги йилларда барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизими кенг жорий этилиб, ҳар бир маҳаллада аввал “бешлик”, энди эса “еттилик” ташкил этилди. Жумладан, бугунги кунда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторидан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самара бермоқда.

Бунинг тасдиғини маҳаллаларда тадбиркорлик ривожланиб, янги иш ўринлари, доимий даромад манбалари яратилаётгани, камбағаллик қисқараётгани, одамларнинг турмуш тарзи юксалаётгани, барқарор ижтимоий-маънавий муҳит мустаҳкамланиб, жиноятчилик камайиб бораётгани ва бошқалар мисолида кўриш мумкин. Маҳаллани қадриятлар бешиги дедик. Ҳақиқатан ҳам шундай. Асрлар ошса-да, бу бешик тебранишдан тўхтамади ва у бағрида энг эзгу анъана ва урф-одатларимиз, удумларимизни улғайтиришда давом этмоқда. Барча жойда бўлгани каби туманимиздаги маҳаллаларда ҳам 22 март – “Маҳалла тизими ходимлари куни”га бағишлаб “Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам” шиори остида 23-24 март кунлари маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Ҳали бунақаси бўлмаганди. Икки кун туман маҳалларидаги аҳоли ўртасида аввал маҳаллада амалга оширилган ишлар ҳақида суҳбатлар ўтказилди. Кейин навбат қадриятларимиз намойишига келди.

Маҳаллаларда ҳалимлар тайёрланди, сумалаклар пиширилди, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлар, қариялар ҳолидан хабар олинди, дарахт кўчатлари экилди. Ҳаммадан ҳам эътиборлиси, миллий ўйинларимизга қайта “жон киргани” бўлди. Тумандаги қайси маҳаллага борманг, осмонда баланд парвоз этаётган варраклар эътиборингизни тортмай қолмади. Шу куни “Туропобод” маҳалласида бўлган киши кўчада от миниб кетаётган йигит ва кўчани тўлдириб кетаётган қўй-қўзиларни учратди. Улар унутилиб бораётган “от ўйини” ва “подачи” миллий ўйинимизни ёшлар ва болаларга кўрсатиб бериш учун кетишаётган эди. Бу қандай ўйин экан, дейсизми? Унда буни мазкур ўйинларнинг гувоҳи бўлганлардан сўраб олинг. Ҳаракатликлар ҳам жуда ҳаракатга келиб қолишди-да. “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари арқон тортиш, “беш тош” ўйинида роса ғайрат қилишди. Айниқса, “Оқ теракми, кўк терак” ўйини барчага роҳат бағишлади. “Хўжамозор” маҳалласи фаоллари қариялар ҳолидан хабар олишди. Қизлар эса ҳалқани белда айлантиришга зўр беришди. Пазандачилик ҳам асрдан асрга ўтиб келмоқда. Бувию, оналаримиз шунчалик пазанда бўлишганки, кези келганда бир ҳовуч гуручдан ҳам лаззатли таомлар тайёрлашган.

Бугунги кунда ҳам шу анъана давом этиб, пазандачилик келинлик остонасида турган қизларнинг энг яхши сепи ҳисобланади. “Асил”, “Гулбоғ” ва “Ўрта” маҳаллалари қизлари ўртасида ўтказилган “Олов пазанда” тадбири қизларнинг пазандачилик борасидаги маҳоратини намойиш этди. Байрам тадбирлари “Чинор” маҳалласида ҳам кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди. Маҳалла аҳли раиснинг йил давомида амалга оширган ишлари ҳақидаги суҳбатидан кейин маҳаллани янада гуллаб-яшнатишга бел боғлашди. Хотин-қизлар эса “Ҳар бир уй бекасидан битта кўчат” ташаббуси билан чиқишиб, кўчат экиш ишларини бошлаб юборишди. “Гулзор” маҳалласининг тадбири эса янада ўзгача бўлди. Нуронийлар ўртасида аския сайли ўтказилди. Ёши улуғлар халқ оғзаки ижодидан аскиялар айтишиб, бир-бирларига қаҳ-қаҳа улашдилар. “Ойбек” маҳалла фуқаролар йиғинининг 14-мактаб фаоллари билан ҳамкорликда ўтказган миллий ўйинлари ва спорт мусобақалари ҳаммага юқори кайфият улашди. “Варраклар сайли”, “Чиллак”, “Тўп тепиш”, “Оқ теракми, кўк терак” ўйинларида кўплаб болалар иштирок этишди. Айниқса, оналар ва қизлар томонидан намойиш этилган зардўзлик намуналари барчанинг эътиборини тортди. “Обод турмуш” маҳалласида аҳоли билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотдан сўнг “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари ва фаол аёллар томонидан мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Бундай хайрли ишдан маҳалланинг ёши улуғлари ва ёшлари ҳам четда қолишмади. Ёши катталар ёшлар ва болаларни ёнларига олишиб, болалар ўйингоҳи атрофида “Ёшлар боғи”ни ташкил этишга киришдилар.

“Қиргузар” маҳалласида ҳам эрта тонгдан бошланган байрам тадбири кечга бориб ифторлик тадбири билан тугади. Маҳалланинг ёшу қарисини жамлаган бу байрам қиргузарликларнинг қалбига меҳр, эзгулик, одамийлик уруғларини қадади. Ўтказилган миллий ўйинлар эса барчада катта қизиқиш уйғотди. Хуллас, тумандаги барча маҳаллаларда икки кун давомида кўтаринки кайфият ҳукм сурди. Шу кунлари анчадан бери эътибордан четда қолиб кетаётган, унутилиб бораётган бир қатор миллий ўйинларимиз қайтадан қад ростлаб, болаларда катта қизиқиш уйғотди. Болаларнинг қувончини бир кўрсангиз эди. Улар интернетни ҳам, ундаги одамнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатадиган ўйинларни ҳам унутдилар, ўзларининг болалик ғайратлари, шижоаатларини миллий ўйинларга сарфлаб, олам-олам завқ олдилар. Бу, ёш авлодга биринчидан маънавий озуқа берган бўлса, иккинчидан саломатлигига ҳам катта ижобий таъсир кўрсатгани аниқ. Бу ҳали бошланиши. ”Чархпалак”, ”Пақилдоқ”, “Ланка”, “Узук солди”, “Кўзбоғлар”, “Хола-хола”, “Топалоқ”, “Ким олади-ё”, “Оқсоқ турна”, “Ғозлар”, “Ўрмондаги айиқ”…

Бу каби миллий ўйинларимизни санасак охири кўринмайди. Агар болаларимизга миллий ўйинларимизни ўргатсак, уларни бунга қизиқтира олсак, ҳар куни ўйнашлари учун шароит яратиб берсак, интернет ҳам бироз бўлса-да “дам” оларди, фарзандларимиз ҳам соғлом бўлиб вояга етарди. …Тадбирдан қайтарканман, мендан бироз олдинда кетаётган бир гуруҳ болаларнинг суҳбати эътиборимни тортди. “Зўр бўлди-да ўзиям, – дерди оқ-сариқдан келган, ўрта бўйли бола. – Бу ўйинларнинг ҳар бирида мардлик, жасурлик, ростгўйлик ва зукколик талаб этилар экан. Менга, айниқса, арқон тортишиш, кураш ўйинлари билан бирга, чаққонлик ва топқирлик талаб этиладиган ланка тепиш, кўз боғлаш ўйинлари жуда ёқди. Тадбирларда ўзим ҳали билмаган кўплаб ўйинларни ўрганиб олдим. Энди сизлар билан бўш вақтларимизда ана шу ўйинларни очиқ табиат қўйнида ўйнайлик. Қандай мазза бўларди…” Бу суҳбат икки кунлик тадбир ўзининг яхшигина самарасини берганини кўрсатиб турарди.

Жамила АРСЛОНОВА.