Яхши яшашимиз, яхши шароитларда ўқиш ва ишлашимиз асосан ўзимизга боғлиқ. Бунинг учун юртимизда имконият яратиб қўйилган. Биздан лозими – фақат ҳаракат қилиш. Муаммоларимизнинг ечимини эса “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси орқали ҳам топа олишимиз мумкин. “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг афзалликларини мактабимиз мисолида кўрсак бўлади. Биз бу лойиҳада уч марта қатнашиб, ғолиб бўлганмиз. Жумладан, 2022 йил иккинчи мавсумда иштирок этиб, 1 миллиард сўм ютиб олган эдик. Натижада мактабимизнинг барча дераза ромларини Акфа ромларига алмаштирдик.

2023 йилнинг 1-мавсумида ҳам омад кулиб боқиб, ғолиб бўлдик ва бизга 1 миллиард 200 миллион сўм ажратилди. Натижада мактабимизнинг иссиқлик тизими янгиланди, 8 та синф хонаси, коридорлар таъмирланди. 2023 йилнинг иккинчи мавсумида ҳам ғолибликни қўлга киритдик. 1 миллиард 200 миллион сўм эвазига мактабнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Яъни, 40 та синф хоналарига стол-стул, доскалар, 10-синф хонасига электрон доска, 12 та янги компьютер олинди. Раҳбарият хоналари янги мебеллар билан жиҳозланди, синф хоналари ва йўлакларга 60 та кузатув камералари ўрнатилди. Биз бунга ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ҳамжиҳатлигида эришдик. “Бирлашган ўзар”, деб шунга айтадилар-да.
Дилфуза ВАҲОБОВА,
8-умумтаълим мактаби
директори ўринбосари
