Мақсад – аҳолининг тиббий маданиятини ошириш

Мақсад – аҳолининг тиббий маданиятини ошириш

Юртимизда тиббиёт соҳасини янада такомиллаштириш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада биз тиббиёт ходимларининг асосий вазифамиз аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, ўз саломатлигига нисбатан масъулият ва эътибор ҳиссини уйғотишдан иборат. Маълумки, Соғлиқни сақ­­лаш вазирлигининг 2024 йил 12 январдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғи ҳам аҳоли ўртасида касалликларни эрта аниқлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, оилани оқилона режалаштириш, сурункали касаллиги бор беморларни соғломлаштириш, юқори технологик даволанишга муҳтож беморларни аниқлашга қаратилган.

Жорий йилнинг 1 февралидан 1 апрелига қадар республика аҳолисининг саломатлик ва физиологик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга (таянч, паст хавф гуруҳли, ўрта хавф гуруҳли, юқори хавф гуруҳли) ажратиш учун қайтадан тиббий хатлов амалга оширилмоқда. Муассасамиз томонидан ҳам хатлов тегишли йўриқномаларга мувофиқ равишда уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Шифокорларимиз ўзларига бириктирилган оилалар кесимида “тиббий харита”ларни шакллантириб, манзилли иш олиб боришмоқда. Аҳолининг саломатлик ҳолати баҳоланиб, электрон базаси яратилмоқда. Аввало, бу тизимнинг афзаллиги шундаки, тиббий хатлов, антропометрик ўлчовларни шахснинг нафақат ҳозирги, балки келгуси 5 йилликда қайси касаллик хавфи кутиб турганини, унинг олдини олиш учун нима қилиш кераклигини белгилаб олиш имконини беради. Касалликка мойил бўлган шахслар индивидуал патронажга олинади. Масалан, ортиқча вазн йиққан ёки соғлом овқатланишга риоя қилмаган беморлар билан индивидуал ишлаб, уларда муқаррар инфаркт, инсульт, қон босимининг ошиши каби касалликларнинг олдини олишга эришиш мумкин.

Шу сабабли ҳар бир хонадонда барча оила аъзоларининг бўй узунлиги, тана вазни, бел айланаси, тана вазни индекси, болаларда бош ва кўкрак айланаси, артериал қон босими, пульси, сатурациясини ўлчашга эътибор қаратилмоқда. Хатловда 5 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор, туғиш ёшидаги ва 35 ёшдан ошган аёллар, 40 ёшдан ошган шахслар доимий назоратга олиниб, барча маълумотлар электрон базага киритилмоқда. Аҳоли саломатлиги бўйича 4 та гуруҳга ажратилмоқда. Уларга тўғри овқатланиш, яъни, рационга кўпроқ мева-сабзавот, сут маҳсулотлари ва ёрмаларни киритиш, таркибида туз, шакар, ёғ кўп бўлган маҳсулотларни камроқ истеъмол қилиш, газли ва энергетик ичимликлардан воз кечиш, алкоголь ва тамаки маҳсулотларидан воз кечиш, жисмоний фаоллик билан шуғулланиш, кунига ҳолатига қараб 500 дан 5000 қадамгача сайр қилиш тавсия этилмоқда. Хавф гуруҳи аниқланганлар билан хавф омилларини бартараф этиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича маслаҳатлар берилмоқда. Сурункали касаллиги бор беморлар орасидан юқори технологияларга асосланган тиббий ёрдамга муҳтожларни аниқлаш, ўзгалар парваришига муҳтож беморларга ногиронлик ўрнатиш тартибида амалий ёрдам берилмоқда. Аҳоли гуруҳга ажратилиб, касалликларни эрта аниқлаш мақсадида 7 хил скрининг текширувларидан ўтказилмоқда. Юқоридаги жараёнлардан мақсад аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, ҳар бир фуқарога ўз соғлиғига масъуллигини тушунтириш, аҳоли орасида сурункали касалликларни камайтиришга қаратилган.

Назокат ЁРМАТОВА,
19-оилавий поликлиника бош ҳамшираси.